Келажак сари муҳим тарихий қадам

05.11.2020 12:11:22

Президентимизнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳасининг кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ва халқ билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиниши бу жуда оқилона иш бўлди. Президентимиз раисилигида бўлиб ўтган таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилиши  олдида жамоатчилик баён қилган таклифларнинг ҳар бири алоҳида ўрганилди. Таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилган долзарб фикр-мулоҳазалар тизимни янада такомиллаштиришда, албатта инобатга олиниши белгиланди.

Мамлакатимизни таълим тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, илм-фан равнақини жадаллаштиришга қаратилган мазкур фармон лойиҳаси оламшумул воқеа бўлди, деб биламан. Бу нафақат таълим-тарбия тизимини, балки мамлакатимизда, жамиятимизда миллий уйғонишни бошлаб берадиган, миллий юксалишга жуда катта бир эшик очадиган ва миллий қадриятларимизни, янги Ўзбекистоннинг янги тараққиётини янги ўзанга буриб юборадиган фармон лойиҳаси бўлди. Ривожланган давлатларнинг асосий тараққий этганлигини негизида ўша малакали кадрлар тизими катта аҳамиятга эга. Мазкур фармон ҳар бир соҳа каби бизнес соҳасини ёки қурилиш бўладими, савдо бўладими бунда малакали ва етук кадрларга талаб кўп. Малакали кадрлар қаерда, деган савол туғилади. Ўйлаб қарасангиз, негизи яна мактабдан бошланади. Мактаб масаласи фақат раҳбарларнинг иши эмас, жамиятнинг долзарб масала сифатида қараши керак бўлган соҳа деб ҳисоблайман.

Президентимизнинг мазкур фармонининг кенг жамоатчилик орасидаги қизғин муҳокамасида кенг жамоатчилик,  жамиятнинг барча табақалари, шу жумладан депутатларнинг ҳам фаоллиги сезиляпти. Бундан ташқари, ота- оналар педагогларнинг берган таклифларида ҳам фаолликни кўришимиз мумкин. Аҳамиятли томони ушбу тарихий фармон билан ҳозирги муаммолар ҳал қилиниб, яқин беш йилда самарасини кўрсатадиган, кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олинган. Мактаб таълимини ривожлантириш масаласи, умуман, таълимга эътибор бугунги кунчалик  кун тартибига қўйилмаган эди. Ўқитувчи-Устоз том маънодаги Ҳазрати инсон бўлиши керак.

Президентимиз, шу маънода “Жамиятимизда энг обрўли инсон-ўқитувчи бўлиши керак” дея таъкидлади. Энг асосийси, жойлардаги раҳбарларнинг, шунингдек, маҳаллий Кенгашларнинг ушбу муҳим масалага ёндашуви ва эътиборини тубдан ўзгартириш, уларнинг масъулияти, жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги механизмлари киритилди. Гапнинг индаллоси, таълимдаги муаммоларни изчил ҳал бўлиши ва бир вақтнинг ўзида соҳада туб бурилиш ясашига хизмат қилувчи тарихий ҳужжатга айланади.

Президентимиз  видеоселекторда масъуллар олдига аниқ мақсадларни белгилаб берди. Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади, деган фикрда жуда катта мазмун бор. Мактабни ўзгартириш, мактаб жараёнларига ёрдам бериш-бу умуммиллий ҳаракатга айланиши керак. Президентимиз томонидан барча даражадаги раҳбарлар, вазирлик ва ташкилотлар, халқ ноиблари таълим таълим жараёнига ёрдам бериш масаласини ўртага ташланди. Келажак эгаларини мактабда аста-секин касбга йўналтириш  режалаштирилди. Видеоселекторда  миллий ўқув дастурларимизни, методикани қайтадан кўриб чиқиш лозимлиги айтилди.  Бу борада методика болани механик ёдлашга ўргатиб қўймаслиги зарур. Аксинча, уни креатив, ижодий фикрлашга ундаши керак.  

Ўйлайманки келажакда барчамиз бирга мактабда таълим-тарбияни ривожлантириб, шу орқали янгиланаётган Ўзбекистонимизни юқори чўққиларга олиб чиқишда фидокорона меҳнат қиламиз.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда таълим-тарбия тизимида туб бурилиш ясаш вақти келди. Бунда ҳар биримиз кайси касб эгаси бўлишимиздан қатъи назар фаол иштирок этишимиз лозим. 

 

Қизларшой Раҳматова,

Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+