Келажакка қўйилган ишончли қадам

09.01.2021 11:01:28

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги мурожаатномасини бутун жамоамиз билан бирга тингладик. Мурожаатномада ҳар бир соҳа ва ўша соҳага дахлдор инсонларнинг ўз олдига қандай вазифалар қўйиши ва амалга оширадиган ишлари нималардан иборат бўлиши кераклиги айтиб ўтилди. Айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги фикрлари ушбу юртда ҳар бир фуқаронинг ўз ўрни борлиги ва улар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги, ҳар бир инсонни қувонтиради. Президентимиз томонидан 2021 йилни мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб - қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши, ёшларга берилаётган яна бир эътибор ва имкониятдир. Ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик эртанги келажагимизга пойдевор вазифасини ўтайди. Чунки, ҳар томонлама баркамол, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаётган ташаббускор ва шижоатли ёшларни қўллаб-қувватласак, уларни имкониятлар эшигини очиб берсак, юртимиз ва халқимиз фаровонлиги ошишига улкан ҳисса қўшган бўламиз.

Таълим ва тарбияни ривожлантириш соғлом турмуш тарзини қарор топтириш илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак - деган  сўзлари ҳар бир боғча, мактаб, олийгоҳдаги устозлар шунингдек, ота-она ва маҳаллага масъулият ҳиссини уйғотиши лозим.

Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун ҳам айнан ҳамма бирдек, ҳамжиҳатликда иш олиб борса, мақсад сари қўйилган қадамларнинг натижаси аниқ бўлади.

Мурожаатномада асосий эътибор таълим соҳасига қаратилган десак, муболаға бўлмайди.

2021 йилда 30 та янги мактаб қурилиши ва 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилиши тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишлайдиган ўқитувчи маошига 100 фоиз устама ҳақ тўланиши тўғрисидаги фикрлари юртимиздаги барча мактабларнинг таълим сифати юқори бўлишини таъминлаш ва ўқитувчи ва ўқувчиларга кўрсатилаётган  эътиборнинг яққол намунасидир.

Президентимиз “Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим” деган сўзлари билан устозлик нақадар шарафли касб эканлигини, уларга бўлган ҳурматларини яна бир бор намоён қилдилар. Халқ таълими ходимларини рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларига 330 миллиард сўм йўналтирилиши, шу билан бирга, 240 мингдан зиёд мактаб ўқитувчиларига синф раҳбарлиги учун устама тўловлар 1,5 баробарга оширилиб, бюджетдан 400 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилиши фарзандлари ҳамда юрт келажагини ўйлайдиган барча юртдошларимизни бирдек қувонтирганлиги табиийдир.

Юртимиздаги  ҳар бир фуқаронинг янги Ўзбекистонни барпо этиш учун ташлаётган қадамлари дадил бўлса, мақсадлар сари  оғишмай равон бора оламиз.

Биз ҳам 2021 йилда ўз олдимизга қўйилган улкан мақсадларимизга эришиш, йўлимизда катта ғов бўлиб турган тўсиқларни бартараф этиш учун ҳамжиҳатликда иш олиб боришга, президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни олиб боришга  кўмакчи бўлишга тайёрмиз.

 

Фозил БАХРОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши

 бош мутахассиси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+