Кичкинтойлар тафаккури чархланади

26.09.2019 16:09:03

 

Мана уч йилдирки, юртимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кенг қамровли ва туб ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Биронта соҳа йўқки, ижобий ва қувончли ўзгаришлар юз бермаётган бўлса. Мактабгача таълим фаолиятида ҳам ёш авлод ҳақида ғамхўрликнинг ёрқин намунаси сифатида баҳоланаётган кўплаб янгиланишлар бор. Эътиборли жиҳати – шундай эзгу ишларга “Адолат” СДП ташкилотлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Бу, мактабгача таълим муассасаларида шахмат-шашка майдончаларини ташкил этишга кўмаклашиш юзасидан бошланган ташаббусда ҳам кўзга ташланмоқда.

Ҳабибахон Мирабдуллаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Чортоқ туман  кенгаши раиси:

– Биз мактабгача таълим ходимлари билан жуда кўп соҳаларда ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ҳозир бу тармоқ ходимларидан партиямизга аъзо бўлганлар сони юз кишига яқинлашиб қолди. Демак, “Адолат” СДП ғоялари уларга маъқул тушмоқда. 19-мактабгача таълим ташкилотида ҳам бир неча марта тадбир ўтказдик. Яқинда муасссаса ходимларидан ўн киши партиямиз аъзолигига қабул қилишни сўраб ариза берди. Тез орада уларни сафимизга қўшамиз.

Дарвоқе, юқорида тилга олинган тадбирлардан бири чоғида мактабгача таълим ташкилоти ходимлари шахмат-шашка майдончаси ташкил этиш мақсадлари борлигини изҳор этишди. Кенгаш раиси ёрдам беришга ваъда қилиб, халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Абдукарим Дўстбоевга мурожаат этди. У йирик қурилиш ташкилотининг раҳбари эмасми, ҳомийлик ёрдами кўрсатишни зиммасига олди. Қурилиш материаллари ажратилди, шашка доналари тайёрлаб берилди.

Ниҳоят, майдонча тайёр бўлди. Унинг очилиш маросими болалар учун ҳақиқий байрамга айланди. Унда бир гуруҳ партия фаоллари, хусусан, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев, раис ўринбосари Абдужаббор Нишонов ҳам қатнашдилар.

Биринчи бўлиб дона суриш шарафига тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари Ғуломжон ва Лайло сазовор бўлдилар. Ўйин қизғин ва муросасиз тус олди. Рақиблар бор маҳоратларини ишга солдилар. Атрофдагилар эса уларни қўллаб-қувватладилар. Якунда ғалабани Лайло қўлга киритди ва барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Шу куни мактабгача таълим ташкилотида ясситовонликнинг олдини оладиган йўлакча ҳам ишга туширилди. Спорт майдончасида миллий ўйинлар бўйича мусобақалар ташкил этилди. Кичкинтойлар меҳмонларга ўзлари тайёрлаган концерт дастурини ҳам намойиш этдилар.

– Жамоамиз “Адолат” СДП туман кенгаши билан ҳамкорликдан жуда хурсанд, - дейди машкилот мудираси Шоҳиста Қаюмова. – Тез кунда шахмат доналарини ҳам олиб келамиз. Бу ўйинлар кичкинтойларнинг тафаккури ва ақлий қобилиятини оширишга, мантиқий ҳамда тез фикрлашга, иродани мустаҳкамлашга ўргатади. Шахмат-шашка майдончаси ишга тушганидан болалар қатори ота-оналар ҳам хурсанд.

Мудиранинг билдиришича, МОТда бугунги кунда 210 ўғил-қиз тарбияланмоқда. Улардан 50 нафари қисқа муддатли гуруҳларда шуғулланмоқда. Гулнора Умарова, Мадина Турсунова, Роҳатхон Йўлдошева каби тажрибали тарбиячилар кичкинтойлар билан машғулотларни юқори даражада олиб бормоқдалар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+