Кимнинг қўли баланд келади?

30.10.2019 14:10:21

Бугун муҳим сиёсий жараён - Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар олдида турибмиз. Ижобий маънодаги кураш вазифасини ўтовчи бу жараёнда кимнинг қўли баланд келади, деган саволга жавоб топишдан аввал ортга бир назар ташлаш лозим. Чунки биргина бугунги тарғибот тадбирлари ёки сайловолди дастуримизда жамият ривожи учун хизмат қиладиган долзарб вазифаларни кўтариб чиқиш билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бу ҳар бир сиёсий партиянинг жамиятда қандай ўрин эгаллагани ва электорати ишончини қозонганлиги билан боғлиқ. Қолаверса, партия фаоллари ва унинг ишончли вакили бўлган маҳаллий кенгаш депутатларининг зиммасига юклатилган вазифани қанчалик  бажараётгани катта аҳамиятга эга.

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев 2017 йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг раҳбарлари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ишида сусткашлик кузатилаётган, жонбозлик ва фидойилик етишмаётган сиёсий партиялар аъзоларини “уйғотиб” юборди. Маърузадаги “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”, деган сўзлар биз партия фаолларини  сиёсий майдонга олиб чиқди.

Ҳудудларда ислоҳотларни амалга ошириш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш олдимиздаги энг долзарб вазифага айланди. Одамлар билан мулоқот ўтказишга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга  эътибор ортди.

Партия фаоли сифатида янги таҳрирдаги сайловолди дастуримизни қайта-қайта ўқиб чиқдим. Унда илгари сурилган ғояларни қўллаб-қувватлайман. Белгиланган вазифаларнинг барчаси жамият ривожига қаратилган. Айниқса, дастурда ижтимоий йўналишда белгиланган вазифалар  долзарб аҳамиятга эга. Жумладан, умумий ўрта таълим сифатини тубдан яхшилаш, болалар спорти, мусиқа ва санъат мактабларини реконструкция қилиш, янгиларини қуриш масаласи илгари сурилгани ўринли. Шу ўринда яна бир таклифим бор. Давлатимиз томонидан кейинги йилларда бу борада сезиларли ишлар қилинди. Энг чекка ҳудудларда ҳам спорт иншоотлари, мусиқа мактаблари барпо этилди. Бироқ улардан қандай фойдаланиляпти? Бу саволга жавоб беришда ҳамма вақт ҳам дадил гапира олмаймиз. Айтмоқчиманки, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш лозим.

Мактабларда тиббиёт хоналарини йўлга қўйилиши ўринли. Ўқувчи дарс давомида соғлигидан шикоят қилса ёки биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати туғилса, албатта, тиббиёт ходими керак. Бу ишга энг малакали кадрларни жалб этиш янада самарали бўлади.

Партиямиз томонидан уч йил аввал мактабларда ижтимоий тенглик лойиҳаси илгари сурилганди. Бу ташаббус ота-оналар ва кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланган. Айниқса, мактаблардаги ортиқча “йиғди-йиғдилар”га чек қўйилди, ўқитувчиларнинг масъулияти ошди.

Умуман олганда, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳамма вақт долзарб аҳамиятга эга. Уни амалга оширишда жамоатчиликнинг ролини ошириш зарур. Партия фаоллари бу ҳаракатнинг олдинги сафида боришларини таклиф этаман.

                                      Мавжуда АБДУЛЛАЕВА,

         Андижон давлат тиббиёт институти кафедра мудири,

                            партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+