Китобхонлик маданияти оширилди

24.09.2019 13:09:04

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят ҳамда Хива туман Кенгашлари ҳамкорлигида Хива туманидаги 31-сон умумтаълим мактабида  партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда партия фаоллари, депутатлари, “Истеъдод клуби” аъзолари, мазкур мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

Тадбирни партия вилоят Кенгаши матбуот котиби Замира Абдуллаева кириш сўзи билан очиб берди. Унда давлатимиз раҳбари томонидан китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида сўз юритди ва бу борада  партия вилоят Кенгаши ташаббуси билан амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан “Инсон ҳаётида китобнинг ўрни”, “Ёшлар орасида китобхонлик маданиятини оширишда партия томонидан олиб борилаётган ишлар” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.

Шунингдек, партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган “Истеъдод” клуби аъзоларининг ижод намуналари жамланган “Истеъдод гулшани” номли шеърий жамоа китобининг тақдимотига бағишланган фикр ва мулоҳазалар иштирокчларнинг диққат марказидан жой олди.

Диёрбек Бозоров, Хива туман 31-сон умумтаълим мактаби ўқувчиси, клуб аъзоси:   

 – Тадбир давомида олган сабоқларим китобга бўлган меҳримни янада оширди. Китобнинг ҳаётим ва фаолиятимдаги аҳамиятини дилдан ҳис этдим. “Истеъдод гулшани” китобида ижод намуналарим ўрин олганидан жуда хурсандман. Айниқса, “Адолат белбоғи”ни тақдим этишганда орзуларим янада жўш урди. Демак, куч-ғайратим, бор қобилиятимни юртим келажаги учун сафарбар этишим, менга билдирилган ишончни оқлашим керак.

Ижодкорлар, иқтидорли ёшлар томонидан айтилган “Ватан”, “Она”, “Ўзбекистоним” каби шеърлар иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлади. Фаол иштирок этган ёшларга китоблар совға қилинди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзлари қизиққан саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар олишди.                                                                               

                                                                                                         Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                          Хоразм вилоят Кенгаши матбуот  хизмати

 

 

Улашинг!