Кластер - иқтисодиётнинг барча тармоғи учун истиқбол нашидаси

05.02.2021 17:02:57

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги йўналиш – кластер тизимига ўтиш бошланган. Бу тизимга соҳа одамларининг муносабати турлича. Уни ёқлаётганлар қаторида танқид қилаётганлар ҳам бор.

Фермерларнинг ери кластерга бирлаштирилиши важи билан тортиб олинаётгани борасидаги танқидий чиқишлар ҳам тез-тез кузатилиб турибди.

Аввало, кластер ўзи нима?

Кластер бу – тўпланиб ишни амалга ошириш. Масалан, пахта етиштирилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун уни энди толага айлантириш керак. Кейинги қадамда тола ип калавага, ип калава эса матога айлантирилади. Сўнгги қадамда матодан маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Кластер – мана шу бутун тизимни шакллантиришдир.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш кластер тизими билан боғланмоқда. Президентимизнинг таъбири билан айтганда, у тез орада аграр соҳанинг локомотивига айланади. Бинобарин, қишлоқ хўжалиги, айниқса, пахтачилик тармоғи қанчалик саноатлашса, давлатнинг экпорт салоҳияти шунчалик ортади, халқнинг турмуш фаровонлиги юксалади.

Бу - ягона технологик занжирга бирлаштирилган корхоналар мажмуи, аҳоли турли қатламларини ўзида жамловчи боғлам, айни пайтда соҳада инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичи ҳамдир. Чунки кластер шарофати билан хом ашё қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади. Содда қилиб айтганда, кластер тизими моҳиятдан бир мажмуа доирасида бир жамоа бўлиб ерларни шудгорлаш, чигит экиш, ғўзани парваришлаб, пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш, хом ашёни қайта ишлашгача бўлган барча фаолиятни ўз ичига қамраб олади. 

Айни вақтда кластер йўналиши иқтисодиётнинг барча тармоғи учун истиқболли эканлигини намоён этмоқда.

Мазкур жараёнларда ҳамма ишчиларнинг манфаатлари уйғунлашади. Яъни, хом ашё етиштирувчидан тортиб, уни қайта ишловчиларгача бўлган барча ишчи-ходим маҳсулот сифатига бирдек жавобгар бўлади. Чунки шунга яраша охирги товарни сотишдан пайдо бўладиган қўшимча қийматнинг бир қисми шу ишга бош қўшган меҳнаткашларга тақсимланди. Бундай рағбат уларни номигагина эмас, балки сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди. Кластер фақат иқтисодий самарадорлиги юқорилиги билан эмас, аксинча, ижтимоий аҳамияти катталиги жиҳатидан ҳам ажралиб туради. Кластер тузиш жараёнида инновацион ғоялар, ташаббусларнинг ҳам ўрни беқиёс.

Инновацион ғояларни амалга оширишнинг муҳим жиҳати шундан иборатки, қишлоқ хўжалигидаги кластер усули ерни шудгорлаш, экинларни экиш ва парвариш қилиш, етиштирилган хом ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш каби жараёнларни ўз ичига олади. Ушбу ягона технологик занжир корхоналар мажмуасини бирлаштиради ва илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришга, янги технологияларни амалиётга жорий қилишга имкон беради.

Ўзбекистон пахтачилик соҳасидаги кўплаб ютуқлар билан бир қаторда анча жиддий комплекс муаммолар борлигини тан олиш керак. Уларни ҳал этиш эса кўп вақт ва куч талаб этади. Асосий муаммолар орасида соҳанинг ўта юқори даражада тартибга солингани ва мажбурий меҳнат кабилар алоҳида ажралиб туради. Кластер жараёнида бу кабиларга барҳам берилади.

Шу боис туманларда жорий йилдан бошлаб туман хўжаликлари ер майдонларида кластер усулида пахта етиштиришга киришилади.  

Ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида вилоятимизда  пахта ва бошқа экинларни етиштиришда  пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш учун 10 та  кластерга  жами 72370 гектар ер ажратилган. Пахта ва тўқимачилик фаолиятини ривожлантириш билан бир қаторда  8 та ғаллачилик кластерлари учун эса,  жами 90800 гектар ер ажратилган. Ушбу кластерлар  бошқа қишлоқ хўжалиги экинларни етиштириш билан бирга, гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни қайта ишлашга ҳам ихтисослаштирилган.

Жумладан,  Сурхондарё вилоятидаги  "Бандихон текстел кластер" МЧЖ,   “Сурхон Коттон Текстел Кластер Кизирик" МЧЖ,  Шўрчи  "INDENIM Culuster" МЧЖ сингари Ташаббускор МЧЖлар 2021 йилда вилоят агросаноат соҳасида биринчи кластер сифатида ташкил этилди.

Туманларда пахтачилик-тўқимачилик кластерини ташкил қилишдан кўзланаётган асосий мақсад тумандаги фермер хўжаликлари ер майдонларида интенсив технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш орқали пахтадан юқори ҳосил олиш ҳамда фермер хўжаликлари иқтисодиётини барқарорлаштиришдан иборат. Ташкил этилаётган кластер тизими хом ашё етиштиришдан уни тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган жараённи қамраб олади. Шу мақсадда хўжаликлар техник таъминотини яхшилаш, пахтачиликдаги илғор усулларни жорий қилиш орқали йил якунида ажратилган ер майдонларидан  белгиланган режадан  кўпроқ пахта ҳосили йиғиб олиш  кўзланмоқда. Бундан ташқари, юқорида номлари зикр этилган ташаббускор кластерларда  пахта ҳосилини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиш мақсадида ип йигирув фабрикалари  қурилиши режалаштирилган. Пахта хом ашёсини қайта ишлаш натижасида олинадиган тайёр маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади. Кўриб турганимиздек, қишлоқ хўжалиги, айниқса, пахтачилик тармоғи саноатлашади, давлатнинг экпорт салоҳияти  ортади, иш ўрни кўпайиб, халқнинг турмуш фаровонлиги юксалади.

Вилоятимиз туманларида амалга оширилаётган бу лойиҳа туман иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиши билан бирга  қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари турмуш даражасини кўтарилишига ва уларнинг оилавий даромадлари ошишига замин яратади. 

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП 

Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+