Когонда тиббий акция ўтказилди

19.02.2020 23:02:44

Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил топганининг 25 йиллиги муносабати билан партия Когон шаҳар Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзоси Хуршида Каримова ташаббуси остида “Аҳолининг саломатлигига эътибор – жамиятнинг муҳим талаби” шиори остида шаҳардаги “Алишер Навоий” ва “Бунёдкор” МФЙда истиқомат қилувчи ёши улуғ ва ногиронлиги бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган фуқаролар учун тиббий кўрик ташкил этилди. Когон шаҳар марказий поликлиникаси ҳамда тиббиёт бирлашмаси мутахассис-шифокорлари ҳамкорлигида бўлиб ўтган хайрия акциясида 30 га яқин аҳолининг саломатлигига эътибор қаратган ҳолда тиббий текширувлардан ўтказилди. Хусусан, ультратовуш, электрокардиография, кўз, қулоқ ва томоқ текширувларидан ўтказилган аҳоли томонидан қилинган шикоятларга ҳам шифокорларимиз томонидан тавсиялар берилди.

Хушвақт Ғаффурова, “Алишер Навоий” МФЙ “Азиз Фармонов” кўчасида истиқомат қилади, 2-гуруҳ нигорони:

-Партиянинг бу ташаббуси жуда қувонтирди. Айниқса, мутахассисларнинг хонадонларимизга қилган ташрифи, тавсиялари мушкулимизни осон қилди. Бундай акциялар тез-тез ўтказилса албатта, касалликлар камаяди, соғлом яшаш тарзига эътибор кучаяди.

Ҳамида Ахмедова, “Бунёдкор” МФЙ “Маҳмуд Таробий” кўчаси, 41-уйда истиқомат қилувчи фуқаро:

-Ёшим 91 да. Юриш-туришда қийналаман. Хонадонимизга келган шифокорлар, депутатларни кўриб ғайратимга ғайрат қўшдими, мана, қилган текширувлари асосида ҳеч қандай касаллик аниқланмади. Партия фаолиятига омад тилаб қоламан.

-Болам ёшликдан ногирон бўлиб туғилган. Одатда, оилавий поликлиникаларга, тиббиёт бирлашмасига ўзим олиб бораман. Аммо партия томонидан кўрсатилган бу кўмак мени бениҳоя қувонтирди. Шифокорларимиз фарзандимни барча текширувлардан ўтказишди. Керакли дори-дармонларни ёзиб беришди. Бу ташаббус бизга кўмак бўлди, - дейди “Алишер Навоий” МФЙда истиқомат қилувчи 22 ёшли имконияти чекланган Муҳаммадамин Абдуллаевнинг онаси.

Ташкил этилган акция маҳалла аҳлининг тиббий маданиятини ошириш баробарида уларнинг ўз саломатлигига бўлган эътиборини кучайтирди. Айниқса, шифокорлар ва депутатлар ўз фаолиятига масъулият билан ёндашиб, халққа янада яқин бўлишига хизмат қилди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби     

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+