Кўкка юксал, байроғим!

19.11.2020 16:11:08

Ранглар жилосида бахт ва осойишталик улашиб ҳилпираётган миллий байроғимизга кўзимиз тушганда, уни фахр билан кўкка кўтарганимизда бутун вужудимиз ҳаяжонга, фахру ифтихорга тўлади. Истиқлолимиз, бахт-иқболимиз рамзи бўлган миллий байроғимизни севиб қадрламаган киши топилмаса керак.

Шу маънода Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан Жиззах политехника институти академик лицей билан ҳамкорликда 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Кўкка юксал байроғим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир тишкил этилди.

Мазкур лицейда этилган ушбу тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, лицейнинг ўқитувчи ва талабалари иштирок этишди.

Юксалиш ва ривожланиш сари дадил ҳилпираётган, хоҳ осмонўпар бинолар пештоқида бўлсин, хоҳ иш столи устида виқор тўкиб турган Давлат байроғи ўзида миллий-маданий анъаналарни мужассам этгани шундоққина акс этади.

Ривожланиш йўлидан дадил кетиб бораётган диёримиз истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқани изчил йўлга қўйди. Бугун ҳар бир ҳамкор давлатларда миллий байроғимиз ёрқин нурланаётганига кўзингиз тушади. 1992 йилда ўз сафига қабул қилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти пештоқида ҳилпираётган ёки турли тантаналар, фестиваллар, спорт мусобақаларида юқорига кўтарилаётган Ўзбекистон Давлат байроғини кўрганда кўнгилларни ҳаяжон қамрамай илож йўқ. Бу киндик қони тўкилган Ватанга, миллатга бўлган муҳаббат ҳиссидир.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимиз тарихида бундан 29 йил олдин миллий давлатчилигимиз рамзи бўлган байроғимиз қабул қилиниб, юртдошларимиз қалбида истиқлол шукуҳини оширгани, бетакрорлиги билан мусаффо осмонимиз узра ҳилпираётгани вужудимизда ватанпарварликни уйғотиши ҳақида сўз юритилди.

Албатта, ҳозирги тинч, осойишта даврда байроғимиз мустақиллик ва миллийликни акс эттириб туради.

-Ҳар гал спорт мусобақаларида дунё ареналарида, баланд пештоқларда Ўзбекистон байроғи ҳилпирайди. Бундан қувончим ичимга сиғмайди, тўлқинланиб кетаман, - дейди лицейнинг I босқич талабаси Севинч Файзуллаева - Чин маънода халқ тарихи, бугуни ва келажаги ифодаси бўлган давлат рамзлари ҳам Ватан каби азиз ва муқаддасдир. Мустақил Ўзбекистон байроғи ҳам ҳар вақт миллий ғурур, фидойилик ва ватанпарварликни шакллантиришда энг муҳим восита сифатида қадрланади.

Байроғимизда яхшилик, шон-шуҳрат, садоқат, поклик, халқнинг навқиронлиги акс етган. Шундай экан, фахр ва ифтихор, ҳурмат ва эҳтиром руҳида қадр топган давлат байроғи ҳамиша мустақиллик келтирган буюк неъматлардан бири сифатида юксак қадр топиб бораверади.

Маҳмуд ҲОЛБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

туманлараро ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+