Конференция фаолиятни сарҳисоб қилишга имкон берди

15.10.2019 17:10:36

Маълумки,  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  шаҳар ва туман Кенгашларининг ҳисобот-сайлов конференциялари  кўтаринкилик билан ташкил этилмоқда. Унда ҳудудий Кенгашларнинг  беш  йиллик  фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари танқидий таҳлил этилмоқда ва  истиқболдаги  вазифалар белгилаб олинмоқда.

Хусусан,  бугун Хоразм вилоят Хонқа туманидаги 37-сон умумтаълим мактабида партия  Хонқа туман  Кенгашининг  VIII-ҳисобот-сайлов конференцияси  юқори савияда бўлиб ўтди. Конференцияга  туман Кенгашининг 24  та бошланғич партия ташкилоти ҳисобот-сайлов йиғилишидан  сайланган делегатлар  билан бир қаторда партия фаоллари, депутатлар иштирок этишди.

Кун тартибидаги масалалар конференция раёсати, котибият, саноқ ва мандат, тафтиш комиссиялари, делегатларнинг  овозлари билан тасдиқланди. Конференция кун тартибида  Ўзбекистон  “Адолат” СДП  Хонқа туман Кенгашининг  ҳисобот даврида партиянинг “Адолат-ҳаётимизнинг бош мезони,  адолат-ҳар бир инсон учун”  деб номланган Сайловолди дастури ижросини таъминлашдаги фаолияти”, “Кенгаш раисини сайлаш”, “Партиянинг янги таҳрирдаги  Устави ва Дастури лойиҳаси” ҳамда “Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши конференциясига делегатлар сайлаш”  тўғрисида масалалар муҳокама этилди.

Конференцияга партиянинг Хонқа туман Кенгаши раиси Сарвар Қазақов раислик қилди  ва Хонқа туман Кенгашининг беш йиллик фаолияти  тўғрисида хисобот берди.    

Таъкидлаганидек, туман Кенгашида 3359 нафар аъзолар мавжуд бўлиб, шундан 40 фоизи хотин-қизлар, 45 фоизи ёшлар ва 15 фоизини бошқа тоифали аъзолар ташкил этади.

Партия аъзолари 24 та бошланғич партия ташкилотига бирлашиб,  турли соҳаларда фаолият кўрсатишмоқда.  Хозирги кунда туман Кенгашида 3 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Ҳисобот даврида 90 тадан зиёд депутатлик сўровлари  орқали  75 та фуқаролар томонидан мурожаат этилган муаммолар бартараф этилган. Шунингдек, партиянинг  “Адолат-қонун устуворлигида!”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур!”, “Ватан келажаги ёшлар қўлида!”, “Саломатлик йўлида бирлашайлик!”,  “Куч –адолатда!”, “Саховат - беназир қадрият!” каби 30 га яқин лойиҳалар доирасида  амалий  ишлар ва Кенгаш қошида ишчи гуруҳлар тузилиб ўрганишлар олиб борилди. Ҳисобот даврида 11 та масала доимий комиссия йиғилишларига киритилган, 7 марта мансабдор шахсларнинг эшитуви ташкил этилган.  27 нафар ёшларни  турли соҳалар бўйича иш билан таъминлашга кўмаклашилган. 270 марта Кенгаш томонидан амалга оширилган ишлар оммавий ахборот воситалари орқали ёритилган.

Шунингдек, йиғилишда ижобий ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан,  ўтган сайловларда  туман Кенгаши  атиги 3 нафар депутатлик ўринга эга бўлиб, туман Кенгаши  сессия йиғилишларига муаммоларни олиб чиқиш, доимий комиссияларга масала киритиш, мансабдор шахсларнинг эшитувлари  талаб доирасида олиб борилмаётгани тўғрисида сўз юритилди. Шунингдек, фуқароларнинг муаммолари бўйича тегишли ташкилотларга чиқарилган депутатлик сўровлари ва уларнинг ижро кўрсаткичи ҳам паст экани танқидий муҳокама этилди.

Маъруза давомида С.Қазақов жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларга  пухта тайёргарлик кўрилаётгани, ўтган даврда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиб,  сайловларда  бошланғич партия ташкилотлар фаоллигини оширишга, номзодларни ўринли танлашда, кузатувчи ва ваколатли вакилларнинг  сиёсий фаоллигини оширишга чуқур эътибор қаратилганини  баён этди.

Музокарага чиққан партия фаоли Зеваржон Юсупова, Фарида Жуманиёзовалар Кенгаш фаолияти тўғрисида сўз юритиб, фаолиятини қониқарли баҳолашди.

Шундан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан қарор лойиҳаси ўқиб эшиттирилди ва қабул қилинди.

Конференция кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам йиғилиш иштирокчиларнинг диққат марказидан жой олди.

Партиянинг Сайловолди дастури муҳокамасига қаратиган давра суҳбатларининг самарали кечгани ҳамда ОАВларда мунтазам ёритилиб борилгани, дастур лойиҳасига  кенг омма томонидан билдирилган таклифлар партия вилоят Кенгашига тақдим этилгани  тўғрисида сўз юритилди.     

Шунингдек, йиғилиш давомида  Хонқа туман Кенгаши раиси Сарвар Қазақовнинг  фаолияти қониқарли топилиб, туман  Кенгаш раислигига қайтадан сайланди ҳамда партиянинг Хоразм вилоят Кенгашининг IX-ҳисобот-сайлов  конференциясига  делегатлар сайланди.

Дилором Дўстметова, Хонқа шаҳарчасидаги  БПТ раиси:

-Конференция иштирокчиларнинг савол-жавоблари, фикр ва мулоҳазалари билан жуда қизиқарли бўлиб ўтди. Сиёсий жараёнларда БПТлар фаолиятини  ҳамжиҳатликда  олиб боришга келишилди. Вилоят Кенгаши конференциясига сайланган делегатлар туман Кенгаши номидан фаол иштирок этишига ишонамиз.

Конференция сўнгида  кун тартибида кўрилган масалалар  юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

                                                                                                              Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                              Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                               Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+