Конституция - адолат мезони

10.12.2019 15:12:47

Мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йўлида эришган барча натижалари, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш, миллий ва диний қадриятларимизнинг қайта тикланиши, шунингдек, фуқаролик жамияти асосларини вужудга келиши ва ривожланиши каби барча ютуқларимиз Бош Қомусимиз – Конституция ва у асосида қабул қилинган қонун, қарорлар, давлат дастурларининг изчил амалга оширилиши натижасида қўлга киритилди. Қомусимизнинг барча моддалари дунёда умумэътироф этилган тамойиллар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлардаги умуминсоний тамойиллар мазмуни билан суғорилганини ҳам кўришимиз мумкин.

Халқимизнинг эзгу ниятларини ўзида мужассам этган, эркинлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик каби умуминсоний қадриятларга асосланган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси юртимизда яшаб келаётган инсонларнинг тенглиги, уларнинг тили ва диний урф-одатлари ҳамда миллий қадриятларининг гарови сифатида кишилик жамиятини барча жабҳаларда тараққиётга эришишга хизмат қилиб келмоқда. Шу жумладан, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бир мовий гумбаз остида тинч-тотув, хотиржамлик асосида яшаб келиши ҳам Қомусимизнинг нечоғлик ҳаётга татбиқ этилганлигидан ва диёримиз кишиларининг бағрикенглигидан дарак беради.

Қомусимизда бешта асосий тамойил мустаҳкам белгилаб қўйилгандир. Булар демократик жамиятнинг халқаро миқёсда эътироф этилган тамойилларидир. Бу тамойиллар фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлиги, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида қонун устуворлиги, давлат ҳокимияти органларининг сайловлар асосида шакллантирилиши, уларнинг сайловчилар олдида ҳисоб бериши каби шаклларда намоён бўлади.

Конституциямизда шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлатдан устунлиги эътироф этилган, шунингдек, унда инсон қадри, шахс эркинлиги ва ҳаётини таъминловчи табиий имкониятларни юзага чиқишига алоҳида аҳамият берилган.

Бош қомусимизнинг ҳар бир моддаси миллионлаб фуқароларимизнинг тақдирига дахлдор, у инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари билан чамбарчас боғлиқдир. Унинг муқаддимаси “демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб”  деган иборалар билан бошланишининг ўзи ҳам Конституциямизнинг мукаммал ва инсонпарвар  қонун ҳужжати эканлигидан далолатдир.  

Конституциямиз – халқимиз учун ҳаёт, тараққиёт ва адолат қомусидир.  Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида  Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун биз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида конституциявий назоратни кучайтиришимиз зарур” – дея таъкидладилар.  – Бу эса пировард натижада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шаъни, қадр-қиммати, мол-мулкининг дахлсизлигини сақлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш каби энг асосий ҳуқуқларини тўла таъминлаш имконини беради.  Бинобарин, Конституциямиз мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт йўлида адолат мезони бўлиб келмоқда.

“Адолат” социал-демократик партияси  Конституциямизда келтирилган  меъёрлардан келиб чиқиб, ўз сайловолди дастурини ишлаб чиқди.  Айтайлик, Бош Қонунимизнинг 40-42-моддаларида белгиланган фуқароларимизнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, бепул умумий таълим олиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги таъминланиши каби ҳуқуқлари партия томонидан тўлиқ рўёбга чиқаришга эътибор  қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Сайловолди дастуримизда белгиланган ижтимоий йўналишдаги энг муҳим вазифаларимиздан аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш,  соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини  кенг жорий этиш, янги “ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш,  аҳолини, хавфсиз ва арзон дори-дармон ва тиббий воситалар билан таъминлаш, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, шунингдек, ёшларимиз ҳаётидаги ўта долзарб масалалардан бири, яъни олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш орқали таълим квоталарини бекор  қилиш каби масалалар диққат марказимизда бўлмоқда. Бу борада Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Инновацион ривожланиш вазирликлари, Фанлар академияси билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Конституциямизнинг 10-боби 44 моддасида “ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” деб кўрсатилган.  “Адолат” СДП  ўз фаолиятида мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратади.

 Хусусан,  партиямиз учун қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳаси доимо муҳим аҳамият касб этиб келган. Хусусан, партиямиз давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида “Куч – адолатда!”,  “Адолат – ҳар бир инсон учун!”, “Адолат бор жойда тараққиёт бор!”,  “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони!”, “Адолат – қонун устуворлигида”, “Қонун устувор бўлган жойда адолат бўлади” каби ғояларни ҳаётга кенг жорий этиш, қонун устуворлигини таъминлаш – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимояси амалда таъминланадиган ҳуқуқий давлат, халқчил, адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг гарови, деб билади.

Биз “кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор”, деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда партиямиз суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини, фаолиятининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, одил судловнинг нуфузини ошириш, суд ва судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни таклиф этиб келмоқда.

Юртимизда яшаб, фаолият кўрсатаётган ҳар бир онгли инсон Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонуни – Конституциямизнинг барча моддаларини мукаммал билиши ва ҳаётга тўғри татбиқ қилмоғи, шунингдек, ўзига юклатилган бурчларини сезиб, тўлақонли равишда бажариши лозим бўлади. Ушбу ишларни амалга оширган кишилар ҳам давримиз, ҳам бебаҳо миллий қадриятларимиз меъёрларига амал қилган бўлади.

Умид  ШОУМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Тошкент вилояти

 Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+