Конституция – бахтимиз қомуси, тараққиётимиз пойдевори

04.12.2020 21:12:46

“Адолат” СДП Бўстонлиқ тумани Кенгаши туманда жойлашган 2-сонли умумтаълим мактаби билан ҳамкорликда  Конституциямизнинг 28 йиллик байрами муносабати билан  партиянинг  “Инсон ҳуқуқлари олий қадрият” лойиҳаси доирасида  “Конституция – бахтимиз қомуси” мавзу маданий -маърифий байрам тадбири ўтказди.

Унда “Адолат” СДП Бўстонлиқ тумани Кенгаши мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари, фаоллар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида давлатимиз мадҳияси янгради. Сўнгра партиянинг Бўстонлиқ  тумани Кенгаши раиси Акром Сайдалиев барчани қутлуғ байрам билан муборакбод этиб, конституциямизнинг тарихи ва бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳамда сўнги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмуни ҳақида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган. Шундай экан, халқимизнинг адолат ва ҳақиқатга интилиш, адолатли жамият қуришдек асрий орзуларидан келиб чиқиб, ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият қуриш борасидаги конституциявий нормаларни ҳаётга тизимли равишда ва кенг жорий этиш устувор вазифамиз бўлиб қолади. 

Асосий қонунимиз муқаддимасига эътибор қилар эканмиз, “... хал­қаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда...” деган жумлаларни ўқишимиз мумкин. Демак, Конс­титуциямиз халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган қоидаларига амал қилади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг моддаларида ҳам “Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга... Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим...” деб таъкидланади.

Бош Қомусимизнинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратилиши эътироф этилади. Бугунги кунда республикамизда таълим 7 тил (ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз тиллари)да олиб борилмоқда.

Тадбир баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтиб, берилган саволларга фаоллар томонидан жавоблар берилди.

Фаол ўқувчиларга  эсталик совғалари топширилди. 

Байрам тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан жойларда кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+