Конституция – ҳуқуқ, ҳимоя, масъулият, манфаат

03.12.2020 08:12:10

Бош қомусимиз бўлган Конституция халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақилликни ва тараққиёт  йўлимизни, энг муҳими инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлаб берди. 

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Шарқшунослик институтида Конституциямизнинг қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Конституция эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдевори” мавзусида конференция бўлиб ўтди. 

Унда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси депутатлари,  “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ҳамда ўринбосарлари, туман-шаҳар  Кенгашлари фаоллари, “Ёшлар парламенти” “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти  аъзолари ҳамда  ОАВ ходимлари  иштирок этди. 

Тадбирнинг  мақсади  – Конституциямиз  инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати, халқимиз сиёсий-хуқуқий тафаккурининг  юксак намунаси, давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома эканлиги, унинг  ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этишдан иборатдир. 

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси  Баҳром Абдуҳалимов  тадбирни кириш сўзи билан очар экан, жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш  борасидаги асосий вазифамиз - бу адолатли қонунлар қабул қилиш, жинси, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида барча фуқароларнинг тенглигини таъминлаш масалаларига тингловчилар диққатини қаратиб, тадбир иштирокчиларини ушбу байрам билан муборакбод этди.

13_18

Тадбирда Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Кутбидин Бурханов сўзга чиқиб,  халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини эътироф этди. 

Дарҳақиқат, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, жамиятда айниқса ёшлар орасида ҳуқуқий маданиятни шакллантиришни устувор вазифа шунингдек, мамлакат келажагини интеллектуал етук ва иқтидорли ёшлар қўлида деб билади.

Ҳар томонлама истеъдодли ёшларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор мақсадли вазифалар амалга оширилмоқдаки,  натижада партия сафларида ёшлар иштироки ортиб бормоқда.

Шуни ишонч билан айтаманки, Конституциямиз  халқимиз сиёсий – хуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъкидланганидек, Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.

Мухтасар қилиб айтганда, қонун адолатли бўлса, у инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилса, шундагина одамлар қонунни ҳурмат қилади ва унга итоат этади. Мамлакатимизда демократик тараққиёт йўлида қайси соҳада ислоҳотлар амалга оширилаётган ва қандай қонунлар қабул қилинаётган бўлмасин, уларнинг барчаси Конституциямизда белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга қаратилган.

Улуғбек Эрматов - Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати:

Тарихда шундай кунлар, воқеалар бўладики, улар авлодлар хотирасида муҳрланиб қолади. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун биз учун ана шундай унутилмас сана ҳисобланади

Йигирма саккиз йил ичида шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасидагина эмас, балки юртдошларимизнинг турмиш тарзи, тафаккури, дунёқарашида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Истиқлол йилларида туғилиб, ҳурлик ҳавосидан баҳра олиб ўсган бутун бошли авлодлар камол топмоқда. Ўзбек халқи мураккаб глобаллашув шароитида дунё аҳли билан бап-баравар қадам ташлашга қодир миллатга айланди. Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида нуфузи ортди, шон-шуҳрати юксалди, мустақилликнинг сиёсий ва иқтисодий негизи мустахкамланди.

Мухтасар айтганда, машаққатлар эвазига яратилган Бош қомусимиз нафақат демократик тараққиётимизнинг кафолати, балки ижтимоий ҳаётимизда содир бўлаётган улкан ўзгаришларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.  Негаки, унинг бош ғояси инсонпарварлик, фуқароларнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яратишдан иборатдир.

Анжуман якунида маърузачилар томонидан кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

12_14

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги муносабати билан  Ватанга садоқатли хизмат қилаётган  ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол меҳнат қилиб,  намуна  кўрсатаётган  бир қатор партия фаоллари ва ходимлари  ташаккурнома ҳамда партиянинг “25 йиллик эсдалик нишони” билан тақдирландилар.

 

 

            Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+