Конституция – миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик кафолати

26.11.2020 15:11:29

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларда инсон шаъни, эътиқод эркинлиги ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш ғояси ўз ифодасини топган. Жумладан, Бош Қомусимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий мақсади ва тамойили ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари,  кафолатларини таъминлашга қаратилгани эътиборга моликдир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – виждон ва эътиқод эркинлигини ўзида мужассам этган, юртимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тенглигини таъминловчи, мустақил диёрнинг мустақиллигини ёрқин намоён этувчи асосий ҳужжат, бахтимиз қомуси, халқимизнинг ору номуси, диний бағрикенглигимиз ифодаси ҳисобланади. Негаки, унинг ҳар бир моддасида, ҳар бир бандида халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳам, миллий бағрикенглик тамойиллари ҳам акс этиб туради.
Тарихан босиб ўтган йўлимизга бир назар ташлаб, мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йили мобайнида амалга оширган ишларимизни сарҳисоб этар эканмиз, конфессиялараро мулоқот, миллатлар ва динлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик   соҳаларида самарали ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз.

Ўзбекистон - кўп миллатли мамлакат. Бугун унинг ҳудудида 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликка, Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга қаратилган миллий сиёсат ишлаб чиқилди.
Юртимизда Байналмилал маданият марказининг мавжудлиги ҳам давлатимизнинг миллатлараро муносабатларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги нишонасидир. Ҳозирги кунда у Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган 150 га яқин миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштирмоқда, уларга ташкилий ва методик ёрдам кўрсатмоқда. Бугун ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари Конституция ва мустақил Ўзбекистон қонунларида белгилаб қўйилган тенг ҳуқуқлилик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқдалар, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Ўзга дин вакилларининг тили, ўзига хос маданиятини ривожлантириш, анъана ва удумларини сақлашга қаратилган барча ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, қонунчилик соҳасида ҳам ўзининг салоҳияти ва меҳнати билан юқори мавқега эришган турли миллатга мансуб кишилар фаолият кўрсатишади. Миллий маданият, донишмандликнинг чексиз чашмалари, инсониятнинг умумий маданиятини тўлдириб борадиган янги қадриятлар, табиий муҳитга мослашишнинг асрлар оша чархланиб келган ижтимоий тажрибаси, эстетик ранг-баранглик жамиятимизда мавжуд бўлган бағрикенгликнинг негизида туради. Зеро, бағрикенглик тинчликни сақлашнинг, инсонларни ҳар томонлама ривожланишининг энг муҳим тамойили бўлибгина қолмай, балки унинг зарур шарти ҳамдир.
Давлат томонидан Ислом динига мансуб фуқароларнинг Ҳаж ва Умра сафарларини ташкил этиш ишларига ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Ҳар йили муқаддас Ҳаж ва Умра сафарига бораётган зиёратчиларимизга сафар билан боғлиқ виза ҳужжатлари, авиачипталарни расмийлаштириш, Саудия Арабистонида жойлардаги шароитлар, меҳмонхона ва бошқа масалаларда мутасадди ташкилотлар билан уюшқоқликда ишларни амалга оширади.
Булардан ташқари юртимиздан ноисломий ташкилотлар томонидан ҳам христиан ва яҳудийлар учун муқаддас қадамжоларга зиёратлар ташкил этилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Конституциямизнинг 18,29,31,61-моддаларида дин ва виждон эркинлиги белгилаб берилган. Унда халқимиз менталитетига мос келадиган ишонч-эътиқод, адлу инсоф, диёнат, меҳру оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатлар ўз аксини топган. Бундан ташқари, асосий қомусимизда юртимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган. Асосий қомусимиз Ўзбекистон фуқаросини миллати, ирқи ва динидан қатъи назар тенг ҳуқуқли деб билади, шунингдек, уларнинг виждон эркинлигини, урф-одатлари, миллий анъаналарининг ҳурмат қилинишини кафолатлайди.
Конституциямиз асосида мамлакатимизда диний қадриятлар соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, эришилган муваффақиятлар Бош қомусимизнинг ватанимиз ҳаёти ва тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини яққол кўрсатиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси шарофати ила юртимизнинг ҳар бир фуқароси ўзининг виждон ва эътиқод эркинлигини тинчлик-осойишталикда, эмин-эркин бажариб келаётганини кўриш мумкин.
   

Офтобой НИШОНОВА,

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+