Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови

25.11.2020 21:11:51

Дунёда ҳар бир суверен, мустақил давлатнинг ўз Конституцияси бор. Шу маънода, бундан йигирма саккиз йил олдин қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳаётимизнинг муҳим дастуриламали бўлиб, мустақил тараққиёт йўли, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашда асосий ҳуқуқий ҳужжат бўлиб келаётганини қувонч билан айтиб ўтиш жоиз.

Асосий Қонунда инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа шу каби дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган. Шунингдек, Қомусда давлатнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий ҳаёти, мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини яхшилашга хизмат қилувчи энг муҳим жиҳатлар тўлиқ акс этган.

Бош Қомусимиз дунёнинг кўплаб демократик давлатлари конституциявий қонунчилик соҳасидаги энг мақбул жиҳатларга ҳамоҳанг эканлиги билан эътиборга сазовордир. Конституция Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган норма ва меъёрларига, мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатлар талабларига мос келади.

Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, минг йилликлар давомида Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимиздан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга ўтиб келаётган ва дунёнинг хеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларни, инсоний фазилатларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади.

Ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлиги таъминланиши билан бевосита боғлиқ.

Хусусан, партиямиз давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида “Куч – адолатда!”,  “Адолат – ҳар бир инсон учун!”, “Адолат бор жойда тараққиёт бор!”,  “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони!”, “Адолат – қонун устуворлигида”, “Қонун устувор бўлган жойда адолат бўлади” каби ғояларни ҳаётга кенг жорий этиш, қонун устуворлигини таъминлаш – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимояси амалда таъминланадиган ҳуқуқий давлат, халқчил, адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг гарови, деб билади.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция халқимиз хоҳиш-иродасини бир ҳужжатга жамлаган, уйғунлаштирган муҳим манба, миллий қонунчилигимизнинг асоси, тараққиётимизнинг ўзига хос стратегик дастури, “йўл харитаси”дир.

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+