Конституциядан илҳомланиб, иншо ёзамиз!

07.09.2019 16:09:57

Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан 2019 йилнинг 2 октябрь кунига қадар мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар ўртасида “Конституция илҳомлари” мавзусида иншолар кўрик-танлови ўтказилади.   

Танловда қатнашиш истагида бўлганлар ўзларининг ижодий ишларини Ўзбекистон “Адолат” СДП туман (шаҳар) кенгашларига тақдим этишлари лозим.

Ҳар битта ижодий иш (иншо) MS Word-2007 дастури, 14 шрифт, 1,5 интервал, А4 формат, юқори ва пастдан 2,5 см., ўнг томондан 1,5 см., чап томондан 3 см., 3-4 бетгача (электрон шаклда) тақдим этилиши лозим.

Мавзунинг номи катта ҳарфлар билан қорайтирилиб, қоғознинг ўртасига (Ctrl+E) билан жойлаштирилиб, иштирокчининг исми-шарифи, таҳсил олаётган таълим муассасасининг номи ўнг томонга (Ctrl+R билан) келтирилади. Ижодий ишларда келтирилган маълумотларга жиддий эътибор берилиши лозим. Иншоларда фойдаланилган ҳаволалар, адабиётлар кетма-кетлиги аниқ кўрсатилиши керак. Иншолар ўзбек, рус ёки инглиз тилларида ёзилиши мумкин.

Иншо ёзиш учун даставвал Бош Қомусимизда қайд этилган бирор-бир модда танлаб олинади, ўша модданинг мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти, инсон манфаатларига қай даражада хизмат қилаётганлиги таҳлил қилинади. Муаллифлар айни шу жиҳатларга жиддий аҳамият қаратишлари, эркин ҳамда теран фикр юритишга ҳаракат қилишлари лозим. Ижодий ишлар (иншо) туман кенгашлари, Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим тизимида ишлаётган ходимлардан, тажрибали мутахассислардан иборат ҳайъат томонидан баҳоланади. 

Ҳудудий кенгашлардан муваффақиятли ўтган, талаб даражасида ёзилган, энг яхши иншолар Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий Кенгашига юборилади. Бу ерда Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий Кенгаши ходимлари ва фаолларидан иборат ишчи гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги вакилларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади. 

Кўрик-танловда ғолиб бўлган энг сара ижодий ишлар (иншо) алоҳида рукн остида “Адолат” газетаси саҳифаларидан ўрин эгаллайди, партиянинг веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда китоб ҳолатида чоп этилади. 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!