Конуституция — ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати

04.12.2020 19:12:15

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. Конституциямиз мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланишига хизмат қилиб, ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.

Бу йил ўзбек халқи дунёдаги энг халқчил, адолатли ва инсон манфаатларини тўла тўкис ўзида акс эттирган Бош қомусимизнинг 28 йиллигини нишонламоқда. Халқимизнинг хоҳиш ва иродасини ўзида мужассам этган Бош қомусимизга таянган ҳолда олиб борилаётган ислоҳотларимиз, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз барча жабҳаларда ўз самарасини бермоқда.

Бугун мамлакатимизда фуқароларни рози қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини таъминлашни бош мақсад қилиб олиб борилаётган очиқлик, сўз эркинлиги, қонун устуворлигини таъминлаш каби ислоҳотлар янги Ўзбекистонни яна бир ўзига хос қирралари билан дунё ҳамжамияти олдидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.

Бош қомусимизнинг 18-моддасида белгилаб қўйилган “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт” каби ҳуқуқий кафолатлар таъминланмоқда.

Қонун устуворлигини таъминлаш борасида дадил қадамлар қўйилиб янгидан янги қонунларни қабул қилинишида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоясини таъминлаш принципларига тўлиқ амал қилинмоқда. Кўплаб йилар давомида қабул қилинган, қайсидир маънодаги бўшлиққа эга бўлган амалдаги қонунларимиз ҳам Бош қомусимизда илгари сурилган ғоялардан келиб чиққан ҳолда қайта таҳлил қилиниб мавжуд бўшлиқлар тўлдирилмоқда.

Энг муҳими бугун ҳеч бир иккиланишсиз, Бош қомусимизнинг 36-моддасида белгиланган “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга хақли” тамойили амалиётда тўлиқ ишламоқда, деб айта оламиз. Чунки сўнгги йилларда бу борада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда ҳар қандай қонуний йўл билан қўлга киритилган хусусий мулк дахилсизлиги тўла тўкис таъминланди. Бунинг натижасида мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш суръатлари ҳам анчайин юқори кўрсаткичларга кўтарилди. Сабаби ўтган йиллар давомида хусусий мулк дахлсизлигининг Бош қомусимизда белгилаб берилгани каби амалиётда тўлиқ кафолатланмаганлиги кўплаб тадбиркорларнинг ва инвесторларнинг иқтисодий ўсиш суратларига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда эди.

Хулоса қилиб айтганда, конституциямизда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар ва уларнинг кафолатларининг аниқ ва равшан белгилаб берилганлиги бугун барча жабҳадаги ислоҳотларимизнинг оғишмасдан амалга оширилишида дастуриламал бўлмоқда. Жумладан, ҳозирги пандемия даврида олиб борилаётган ижтимоий ҳимояга асосланган ишларимизнинг ҳам таг замирида Конституциямизда белгилаб берилган мақсад ва вазифаларнинг нечоғлиқ адолатли ва инсон манфаатларини кўзлаб қабул қилинганлигидан далолат беради.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+