Кўпи кетиб, ози қолди

23.05.2020 11:05:24

 

Ойларнинг сарвари бўлган муборак Рамазон ойи ортда қолди. Меҳр-саховат, мурувват, эзгулик ойини бу йил ўзгача шарт-шароитда ўтказдик. Шубҳасиз, айрича вазият Рамазон ойининг мазмун-моҳиятига асло таъсир кўрсатмади, аксинча, халқимиз бу ойни янада аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва жипсликда, юзага келган вазиятни тушунган, ҳис қилган ҳолда, карантин талабларига оғишмай амал қилган ҳолда ўтказди.

Айнан шу ойда халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, сахийлик, ҳамжиҳатлик, кулфатга дучор бўлган одамларга чин дилдан, беғараз ёрдам кўрсатиш салоҳияти юксак кўринишларда намоён бўлди. Ниятимиз шулки, элимизни оғир синовларга дучор этган бундай воқеликлар бошқа такрорланмасин.

Муқаддас Рамазон ҳайити остонамизда турибди. Бу улуғ байрам, шукроналик байрами,  юртимиз маънавий ҳаётида катта воқеадир. Куни кеча матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорида алоҳида таъкиланганидек, “Ушбу улуғ айёмнинг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни, унинг жамиятимизда сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатларни қарор топтиришдаги аҳамияти” беқиёс. Дарҳақиқат, бундай улуғ айёмимизни ҳар қанча улуғласак, асраб-авайласак арзийди.

Айни пайтда асло бир сонияга бўлса ҳам ёдимиздан чиқармайлик: улуғ шукроналик байрами биздан ҳушёрликни янада оширишни, бугун биз яшаб турган синовли кунларнинг ўзига хосликларини, меъёрларини асло ёддан чиқармасликни талаб этади.

Шу боисдан ҳам, қадрли, азиз юртдошлар, яна бир бор эслатиб ўтамиз, Рамазон ҳайитини нишонлашда карантин талабларига қатъий амал қилишни асло ёддан чиқарманг. Унутманг, озгина эътиборсизлик, лоқайдлик, “бугун байрам-ку” дея хотиржамликка берилиш ўзингиз, оила аъзоларингиз, яқин қариндош-уруғларингиз, дўст-биродарларингиз бошига кутилмаган кулфат бўлиб ёғилиши мумкин. Аксинча, бу кунларда атрофга янада ҳушёрроқ, синчковроқ назар ташлайлик. Зеро, санитария-профилактика талабларига заррагина амал қилмаслик ҳам карантиндаги эмас, оддий, тинч аҳоли орасида, ўз уйида хотиржам истиқомат қилаётганлар орасида коронавирусга чалинган беморлар пайдо бўлишига олиб келишини ҳаётнинг ўзи, жумладан, кейинги кунлардаги статистик маълумотлар кўрсатиб турибди.

Жумладан, бир куннинг ўзида Самарқанд вилоятида аҳоли орасидан
13 нафар бемор, Навоий вилоятида эса 15 нафар бемор аниқланган! Бу рақамлар бизни янада сергак торттириши, тегишли хулосалар чиқариб олишга ундаши керак. Бас, шундай экан, қирқига чидаган инсон қирқ бирига ҳам чидайди, ҳикматини унутмайлик. Бу синов кунларининг кўпи кетиб, ози қолди. Бирдам бўлайдик, жипс бўлайлик. Ана шунда бу балодан буткул қутулиб, уни илдизи билан йўқ этиб, яна дориломон кунларда тўлақонли яшашни давом эттирамиз.

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+