Корейс юртдошларимиз – “Адолат” тарафдори

20.12.2019 12:12:08

Маълумки, 1937 йилда Узоқ Шарқдан ўн минглаб корейслар мамлакатимизга кўчирилган. Ўша пайтдаги қийинчиликларга қарамай, ўзбек халқи уларни очиқ қалб билан қабул қилган, уларга бошпана бериб, меҳр кўрсатган. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва қатъий иродаси, халқларимизнинг менталитети ўхшашлиги туфайли корейслар юртимизда иккинчи Ватанини топди. Улар Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланди. 

Бугунги кунда мамлакатимизда 200 мингдан зиёд корейс миллатига мансуб юртдошларимиз яшайди. Уларнинг уч юзга яқини давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган. 

Барча миллат ва элат вакиллари қатори корейс юртдошларимиз учун ҳам ўз миллий маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши учун зарур шароит яратилган. Ўнлаб корейс маданият марказлари фаолият юритмоқда. 12 та олий таълим муассасаси, 48 та мактаб ва лицейда корейс филологияси ўқитилмоқда. 

Корейс тилида китоб ва газеталар чоп этилмоқда, кўргазмалар, концерт ва фестиваллар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Давлатларимиз ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 27 йил тўлди. Бироқ, бу дўстлик ришталари қадим даврларга бориб тақалади. Ўзбек ва корейс халқларининг маданияти, менталитети бир-бирига ниҳоятда яқин. Бағрикенглик, меҳнаткашлик, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби азалий қадриятларимиз жуда ўхшаш.

Маълумки айни кунларда мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён рўй бермоқда. Кўп миллатли юртимизнинг бугуни ва эртанги куни учун долзарб аҳамиятга эга бўлган бу даврда бошқа миллат вакиллари каби корейс миллатига мансуб аҳоли  сайловолди тарғибот-ташвиот ишларига қатта қизиқиш билан муносабат билдирмоқдалар. Бунга мисол, партиямиз   фаоллари ва номзодлари иштирокида  ўтказилаётган учрашув ва юзма-юз мулоқотларда корейс аҳолиси ҳам мунтазам қатнашиб, дастурларимиз билан  танишиб, унда илгари сурилган ғоя ва мақсаларни қўллаб-қувватлашмоқда.

 “Адолат” СДП  Тошкент вилояти Кенгаши, партия фаоллари, депутатликка номзодлар  Юқоричирчиқ  туманидаги корейс миллий маданий маркази ташаббуси билан ташкил этилган маданий-кўнгилочар  тадбирида иштирок этди.

Учрашув  аввалида  сўзга чиққан “Адолат” СДП  Тошкент вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлигига номзод Умид Шоумаров туманда истиқомат қилувчи корейс миллатига мансуб сайлов ёшидаги барча аҳолини сайловларда фаол иштирок этишлари ва партиямиз томонидан кўрсатилган номзодларга овоз беришга чақирди. Шунингдек,   партия сайловолди дастурида илгари сурилаётган асосий ғоя ва мақсадлар, муҳим йўналишлар ҳақида тўлиқ маълумот бериб ўтди.

Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, соҳада очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат ва бандлик, даромадларнинг адолатли тақсимланиши, ижтимоий хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси, соғлиқни сақлаш тизимига “ақлли тиббиёт” жорий этиш, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори-дармон воситаларининг олдини олиш, дорилар нархидаги тафовутни йўқотиш, шунингдек, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини бекор қилиш, шартнома бўйича ўқиш имконига эга бўлган ёшларни олий ўқув муассасаларига кириш имтиҳонларисиз қабул қилиш каби мақсадлар ва йўналишларни ўзида жамлаган янги сайловолди дастуримиз йиғилганлар томонидан олқишлар билан  кутиб олинди. Айниқса, соғлиқни сақлаш, таълимни ислоҳ қилиш, фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган дастурий йўналишларимиз сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Владимир Дё,  Корейс миллий-маданий марказ раҳбари:

—Юртимизда бойликлар кўп, лекин энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз бу — жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, шу билан бирга дўстлик ва ҳамжиҳатликдир. 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган ҳамда 16 диний конфессияга мансуб ташкилотлар фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон асрлар мобайнида турли маданиятлар, анъана ва диний эътиқодлар учрашган табаррук замин бўлиб келган. Ушбу  гўзал заминда мусаффо осмон остида тинч ва осойишта ҳаёт кечириб келаётганимизнинг ўзи катта бахт. Бунинг бари Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган одилона сиёсатнинг маҳсулидир. Бўлажак сайловлар ҳам мамлакатимиз барча соҳаларини янада ривожлантириш, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳукумат ва фуқаролар ўртасида ишончли ва мустаҳкам алоқаларни  ўрнатиш  каби муҳим устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўтказилилаётгани ҳар биримиз  чуқур англашимиз зарур. Бунинг учун барчамиздан бугунги сиёсий жараёнлардан бохабар бўлиш, партия ва номзодларнинг дастурий йўналишлари бидан танишиш, улар бўйича таклиф ва мулоҳазалар бериш  муҳимдир. Бугун туманимиздаги корейс миллий маданий маркази  “Адолат” партияси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида маданий-маърифий учрашув ташкил этди. Тадбирнинг  бўлажак сайловлар арафасида ташкил ўтказилгани биз учун жуда фойдали бўлди. Биз ўзимиз маъқул кўрган партия дастури хақида вилоят Кенгаши раиси томонидан кенгроқ маълумот олиб, ўзимизни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдик.

Тадбирда ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари ижро этилди. Уларда халқларимиз ўртасидаги дўстлик, маданий ҳамкорлик яна бир бор намоён бўлди.

Учрашув якунида йиғилиш иштирокчиларига партия томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.                               

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Тошкент вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+