Корхонани тугатишга ким ҳақли?

24.10.2019 10:10:17

2017-2021 йиллларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида иқтисодий йўналишдаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилган. Шу маънода банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонунчиликка ўзгартишлар киритилгани бежиз эмас.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида банкротликнинг соддалаштирилган тартиботлари профессионал суд бошқарувчилари томонидан ўтказилиши йўлга қўйилди. Авваллари давлат солиқ хизмати органлари ходимлари орасидан ҳам банкротлик билан шуғулланувчи ходимлар тайинланарди. Бу соҳада муаммоли ҳолатлар, банкротлик ишида зиддиятлар, хатто англашилмовчиликларга олиб келарди.

Табиийки, тугатилаётган корхонанинг қарзи солиқ органидан. Солиқ идораси судга ушбу корхонани банкрот деб топиш тўғрисида даъво ариза билан мурожаат қилади. Соддалаштирилган тартиботдаги банкротлик таомилларини ўтказувчини солиқ органи тайинлайди, кредитор ҳам ўзи. Кўриниб турибдики, бу ерда манфаатдор фақат солиқ органи ҳисобланади.

Мутахассисларнинг фикрича, юқоридаги холат “Банкротлик тўғрисида”ги қонун нормаларига зид бўлиб, солиқ идораси ва корхона ўртасида коррупция ҳолатларининг келиб чиқишига асос бўлади. Шу боис бу жараёндаги вазифалар қонуний ҳужжат билан тақсимланди, яъни, корхона тўлов қобилиятига эга бўлмагани учун солиқ органи томонидан банкрот деб эълон қилинса, банкротлик таомилларини ҳеч бир органга дахлдор бўлмаган холис профессионал суд бошқарувчиси ўтказади. У ҳам солиқ идораси, ҳам кредитор, ҳам банкрот корхонанинг манфаатини кўзлаб иш юритади.

Шу ўринда 2018 йилда амалга оширилган ишларга тўхталсак. Йил давомида вилоятдаги 23 та иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан банкротлик қўлланилиб, мазкур корхоналарнинг 8 тасида иқтисодий ночорлик холатлари бартараф этилди. 15 та ночор корхонанинг фаолияти самарасизлиги туфайли давлат рўйхатидан чиқарилди. Ўз навбатида иқтисодий ночор субъектларнинг 9,9 миллиард сўм қарздорлиги қаноатлантирилди. Албатта бу кўрсаткич кўнгилдагидек эмас. Тизимда хали ечимини кутаётган қанча ишлар турибди.

Эндиликда суд бошқарувчилигига муносиб кадрлар танлашда талаб ортиб бормоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 сентябрдаги “Суд бошқарувчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадга қаратилган. Номзодлар биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабида ўқитилиб, малака оширади. Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан аттестациядан ўтказилиб, тегишли аттестатга эга бўлгандан кейингина фаолият юритиши мумкин. Вилоятимизда белгиланган тартиб асосида  15 нафар суд  бошқарувчиси аттестациядан ўтказилиб, иш бошлади. Йил охирига бориб уларнинг сони 30 нафарга етади.       

Тизимдаги яна бир ўзгариш уч тоифадаги суд бошқарувчиси қаторида  соддалаштирилган таомилдаги профессионал лавозим жорий этилди. Масаланинг муҳим жиҳати илгари давлат солиқ идораси ходимлари бундай фаолиятни қўшимча вазифа сифатида бажариб келган. Бундан буён тўртинчи тоифадаги профессионал суд бошқарувчисига ҳам бюджет маблағлари ҳисобидан маош тўланади.

Айни вақтда бизнинг зиммамизга  ходимларнинг касбий малакасини ошириш, жисмоний ва юридик  шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш долзарб вазифа сифатида юклатилди. Давлат ҳокимияти ва бошкарув органлари билан муносабатларда уларнинг ҳукуклари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш шарт қилиб қўйилди. Бир сўз билан айтганда, иқтисодий ночор деб топилган корхона фақат суд бошқарувчилари томонидан тугатилиши аниқ белгилаб берилди.   

Абдумутал ПОЗИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Суд бошқарувчилари

Ассоциацияси Андижон вилоят бўлими раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+