Коронавирус – бу ҳаёт тўхтайди, дегани эмас

20.03.2020 15:03:55

Мамлакатимизда корoнавирус билан касалланиш ҳолати қайд этилди ва бу борада ҳукуматимиз томонидан қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бугун ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган бир қатор ваҳимали, фейк хабарлардан аҳолимиз саросимага тушиш керак эмас. Бу ташвишни миллатимизга хос оқилона йўл билан, ҳамжиҳатликда бартараф этишда ўзбек миллатига хос фазилатларга амал қилган маъқул. Сабр билан касалликни енгиш - энг осон йўл.

16 мартдан бошлаб жаҳоннинг барча мамлакатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилгани, ташқи муҳитдан пайдо бўлиш эҳтимоли бўлган чегараларда назорат кучайтирилганининг бари аҳолимизни коронавирусдан муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлардир. Ўз навбатида хориждаги Ўзбекистон фуқароларига ватанга қайтиш учун давлат чегарасидан ўтиш тақиқланмаслиги узоқларда юрган ҳамюртларимизнинг тақдирига ҳукумат бефарқ эмаслигидан далолат.

Ахборот маконидаги ишончли-ишончсиз ахборотларнинг кескин кўпайиши жараёнида аҳолининг ваҳимага тушиши ҳам табиий. Чунки интернет тармоғи орқали тўғри ва нотўғри маълумотлар, уларнинг сарагини-саракка ажрата олиш салоҳияти ва кўникмаси етишмаслиги ҳар қандай кишини чалғитади.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалиши ва унга қарши кўрилаётган чоралар бўйича аҳолини тўғри, холис ва аниқ маълумотлардан тезкор хабардор қилиш мақсадида Koronаvirus info (@koronavirusinfouz) расмий канали очилди. Ушбу канал Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил қилинди. Халқимизга коронавирус билан боғлиқ барча ишончли маълумотлар ушбу канал орқали бериб борилади.

Асосийси, ОАВ, блогерлар аҳоли орасида ваҳима тарқатмаслиги мухим, бу борада жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида огоҳлантирилди. Бироқ бошқа мамлакатларда бўлганидек, бизнинг юртимизда ҳам бу касаллик аҳоли ўртасида маълум ваҳимани келтириб чиқаргани ҳам бор гап. Бунда шуни ҳам тан олиш керак, айрим ОАВда берилган ва асосан ижтимоий тармоқларда тарқатилган турли материаллар одамларни ўнгу сўлига қарамай бозорлар ва савдо дўконларидан озиқ-овқат маҳсулотларини “ғамлаб қўйиш”га сабаб бўлди. Шу нарса аёнки, коронавирус каби ялпи хавфларга қарши кураш комплекс жараён бўлиши лозим. Бунда унинг барча турдаги салбий оқибатларини олдини олиш учун кенг кўламли ёндашув зарур. Жумладан, аҳоли орасида ваҳиманинг олдини олиш энг устувор йўналишлардан бири сифатида қаралиши лозим бўлади. Биз ўзгаларнинг хатоларидан, тарихда ваҳима туфайли келиб чиққан катта йўқотишлардан зарур хулоса қилишимиз зарур.

Дониёр ЮСУПОВ,

Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+