Коррупция фақат пойтахтда содир бўлмайди

20.01.2021 13:01:37

 

Ҳафтанинг қувончли воқеликларидан бири - кенг жамоатчилик диққат-эътиборида бўлган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Таклифлар кетма-кет билдирилмоқда, муҳими бу гал платформа гавжум. Лойиҳани батафсил кўздан кечирдим, бўлажак дастур 276 та банддан иборат бўлиб, Президент Мурожаатномасида халққа айтилган ғоя ва таклифлар асосий ўринларда. “Адолатчи”лигим (партиявийлигим) боис жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида - коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ўз таклифларимни билдираман.

Коррупция ва унинг тарихи тўғрисидаги маълумотларни биз фарзандларимизга боғча ёшидан тушунтиришимиз лозим. Шоколод олиб берсангиз кейин боғчага борадиган бола учун бу кеч. Тарғиботни аввало оилада бошлашимиз зарур. Мактаб ёшига етганида эса диний тарбия орқали ҳалол ва ҳаром ишлар оқибатларини ўргатиш оталик, оналик бурчимиз.  Фарзандимиз бераётган кутилмаган саволларга аввало ота-оналарни зукко ва доно қилиб тайёрлашимиз керак. Демак, ҳалқимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини кўтаришиш вазифаси елкамизда турибди. Давлат дастури лойиҳасида  қатнаша олмаётган, интернет мавжуд бўлмаган, интернет бўлса “свет” ўчиб қоладиган ҳудудлардаги аҳоли ҳақида ўйласам, ҳуқуқий саводхонлик тўғрисида гапиргим ҳам келмай қолади, лекин чиндан ҳам халқнинг ҳуқуқий савияни чорасини топиб бўлса ҳам оширмасак, минглаб таклифлар бефойда бўлади.

Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича дастурда белгиланган вазифалар учун ижрочи масъуллар ичида доимгидек Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Молий вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Олий суд, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, вазирлик ва идоралар эмас, Оммавий ахборот воситалари, Халқ депутатлари ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари ҳам бўлишлари жамоатчилик учун фойдали бўлади. Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини кенгайтириш, ҳудудларда агентликнинг жамоатчи вакилларини кўпайтириш самара  беради. Ахир коррупция фақат пойтахтда содир бўлмайдику.

Тарихий тажрибамиздан келиб чиқиб, коррупцияга қарши курашишнинг янги чора-тадбирларини ишлаб чиқишимиз, ривожланган давлатлар методларини ҳам синаб кўришимиз керак. Масалан, Японияда давлат хизмати тизими 50 ёшга тўлганда мартаба секинлашиши ва нафақага чиқишга тайёргарликни англатади. Одатда бу коррупциянинг яна бир омили сифатида қаралади, чунки эрта нафақага чиққанидан кейин амалдорлар ўзлари назорат қиладиган хусусий секторлардаги компаниялар раҳбарияти билан яхши алоқаларни ўрнатиб, кейинчалик хусусий секторларда яхши иш жойларига - маслаҳатчи ёки раҳбар ўринбосарлари сифатида жалб қилинадилар. Давлат хизматидан хусусий компанияларда ишлашга ўтиш бу Aмакудари деб номланади. Таржимаси "Осмондан тушган" деган маънони англатади. Баъзи экспертларнинг фикрига кўра, ушбу тизим, аксинча, коррупциядан ҳимоя қилади - келажакдаги ўтиш амалдорни ўзини қонунчиликка мос равишда ўзини тутишга мажбур қилади. Бошқа мутахассислар буни коррупцияга қарши курашиш учун замин деб билишади.

Жанубий Кореяда эса юқори даражадаги давлат хизматчилари томонидан содир этилган коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ва уларни рағбатлантириш тартиблари жуда мустаҳкам.

Яна бир нарса, Дастурда белгиланган вазифалар “Амалга ошириладиган тадбир” деб ёзилган. Бу эса бизда тадбирбозликлар йил бошиданоқ бошланишига ишорадек гўё. Тўрттасини йиғиб олиб топган мавзуимизда тадбир қилавериб сўзнинг моҳиятини ҳам йўқотиб қўйдик, аслида маъно тўғри қўлланган, лекин халқ айнан шу сўзга тўйинди. Таклифим, алмаштирайлик. Дастурни қўлига олган ҳар бир ижрочи, масъул белгиланган вазифалар, чоралар, режаларни ўқиб сергак тортсин, сўздан ишнинг кўлами, зарурати, бажармаса оқибати сезилиб турсин.

Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қилинадиган ишларни ижро муддати эса 2021 йилнинг май ойига қўйилган. Нимага, кечикмаймизми? Март, апрель ойларида коррупция ҳолатлари бўлмайдими?

Тўғри, қуйида туриб олиб улкан таклифлар ёзиш осон, лекин “Интилганга толе ёр” дейди доно халқимиз. Қўлимиздаги Дастуримиз мукаммал бўлса, айниқса ундан жамият ўзи билдирган таклифлар ўрин олса, халқимиз рози бўлади.

 

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

 раиси ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+