Коррупция тегримонига сув қуяётганларни тўхтатиш йўли топилди

30.09.2019 20:09:01

Халқ фаровонлигини ошириши, мамлакатимиз иқтисодиётини янада ўстириш, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларни давом эттириш ва халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини юксалтириш мақсадида жорий йилнинг 27 май санасида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашаш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқлангани, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди.

Фармонда коррупцияга қарши курашишнинг бир қатор манзилли ва самарали йўналишлари белгилаб берилган, хусусан, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссиясини ташкил этиш тавсия қилинди. Энг муҳими, бу билан коррупцияга қарши курашиш учун марказдаги раҳбарлар билан бирга энг қўйи тизимдаги раҳбарларга ҳам масъулият белгиланди. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлишлари белгиланди.

Халқимизда бир ибора бор, ариққа тушадиган жилғаларни беркитиб қўйса, ариқда сув бўлмайди. Агар биз энг қўйи тизимда коррупцоген вазиятлар юзага келишини бартараф этсак, юқори тизимларда коррупция ҳолатлари содир этилишини самарали равишда бартараф этишга эришамиз.

Мазкур Фармон билан давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш ва уларнинг иш ҳаққи етарли даражада бўлишини таъминлаш белгиланган. Ушбу тадбир ҳам коррупцияга қарши курашда самарали натижа беришига ишонаман. Чунки давлат хизматчилари даромадларини деклорация қилиш тизимини жорий этилиши баъзи давлат хизматчиларининг 2 йил ишлаб 3 қаватли уй-жой, 3 йил ишлаб 4 қаватли уй-жой қуришнинг қонунийлигини ва уларнинг коррупцияга алоқадорлигини назорат қилиш имконини беради.

Шу ўринда, мазкур тадбирларнинг самарали ишлаши учун оммавий ахборот воситаларининг декларацияга сохта маълумотлар киритган давлат хизматчиларини аниқлаш борасида журналистик суриштирув ишларини жонлантириши муҳим, деб ҳисоблайман. Чунки, хорижий давлатларнинг тажрибасидан маълумки, коррупционер давлат хизматчиси пора олиш билан тўплаган пулига харид қилган мол-мулкини нафақага чиқган ота ёки онаси, “қоғозда” (фиктивно) ажрашиб кетган турмуш ўртоғининг номига расмийлаштириши мумкин.

Шу каби ҳолатлар аниқланганда, яъни даромадлари тўғрисидаги деклорацияга тўлиқ маълумот киритмаган давлат хизматчилари билан носамимий муносабатда бўлгани ҳамда “ишончни йўқотгани учун” меҳнат шартномасини бекор қилиш тизимини жорий этиш таклифини билдирган бўлар эдим.

Исроил АЧИЛОВ,

Самарқанд шаҳар “Боғишамол ҳақиқати” адвокатлар ҳайъати адвокати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+