Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз

15.02.2021 21:02:52

Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

Ҳозирда, коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги каби республикамизда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини барпо этишда кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, унга танқидий ёндошган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш лозим бўлади.

Маълумки, коррупция ўзига таъмагирликни қамраб олган ҳолда жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократияни емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун улкан хавф туғдиради.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган.

Хусусан, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзусидаги марузасида “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ўзининг кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида таъкидлаб ўтмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан парламентга йўлланган мурожаатномада ҳам “Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур.” дея таъкидланган эди. Кейинчалик ушбу фикрлар, 2021 йилги Давлат дастурида ҳам акс этди.

2021 йилги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 34-бандига кўра, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиш, аниқ индикаторларни ўзида акс эттирувчи коррупцияга қарши курашишнинг асосий йўналишларини белгилаш ва чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, коррупцияга қарши ички назорат тизими ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг воситаларини такомиллаштириш белгиланган.

Амалга оширилаётган бундай ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилаётганини кўрсатиб турибди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам жамиятда адолатни таъминлашда коррупцияга қарши курашни ўзининг устувор мақсадларидан деб билади. Шу боис партия сайловолди дастурида коррупцияга қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашнинг устувор воситаси сифатида давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ҳамда фаолиятининг шаффофлигини ошириш кўзда тутилган. Давлат дастури билан партиямизнинг юқоридаги ғоялари ҳамоҳанглиги биз учун аҳамиятли бўлиш билан бирга, айни вақтда дастурда белгиланган вазифаларни ҳаётга самарали татбиқ этиш бўйича масъулият ҳам юклайди.

 

Жасур ҚАРШИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+