Коррупцияга қарши тизимли курашиш шарт

13.08.2020 16:08:30

Бугун Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқич йўлидан бормоқда. Устувор вазифаларимиз кўп. Жамиятдаги ҳар бир шахснинг шу жамиятга ўзининг фойдали ҳаракатлари билан қўшган ҳиссаси, Ватан равнақи учун зарра томчидек фойда келтирса,билингки бу шахснинг жамиятда ўрни бор. Айримлар эса қинғир-қийшиқ йўллар орқали пул ўзлаштириш,ўғрилик қилиш,одамларни алдаш ёки бошқа шунга ўхшаган иллатлар билан жамиятга ёмон таъсирини ўтказадилар. Натижада ривожланиш бўлмайди, ўзгаришлар орқага чекинади, инсонларда ишонч сўнади. Жойларда учрашувларда шунга амин бўламизки, одамлар бу борада кўплаб саволлар беради. Кимдир қаергадир  иш сўраб мурожаат қилганда ундан пул сўралганлигини айтса, яна кимдир бошқа ишини ойлаб битказа олмаётганлигини айтишади. Бу албатта  энг оғриқли нуқтамиз эканлигини қалбдан ҳис қилмай иложимиз йўқ. Дилни хуфтон қиладиган яна бир жиҳат шундаки, давлатимиз томонидан бу иллатни бартараф этиш учун олиб борилаётган шунча ҳаракатларга қарамасдан,орамизда ҳали ҳам шундай кимсалар борлиги ва уларнинг ҳали ҳам кўзлари очилмаётганлигида.

Шунинг учун ҳам 2020 йил 29-июндаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тасдиқланди. Бу Фармон айнан юқорида қайд этилган иллатларни бартараф этишга қаратилганлигини таъкидлаш жуда муҳим. Бу Фармон асносида жамият ва давлат ташкилотларининг барча кўринишларида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш вазифалари белгилаб берилган.

Шу билан биргаликда ушбу сиёсатнинг самарадорлигини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунадиган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдор бўлган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам ташкил этилди. Мазкур янги ташкил бўлган агентликнинг ўз вазифалари ҳам белгилаб берилди.

Демак, бундай иллатга қарши тизимли курашилмаса бўлмайди. Аввало, тизимдаги қайси ташкилот ёки соҳада бу иллат авж олганлиги ўрганилса, керак бўлса ижтимоий сўровномалар ўтказилса мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳар куни ОАВда ёки газета ва журналларда “Бизда коррупцияга  йўл йўқ” деб бонг урилса-ю, қайсидир ташкилот давлат пулини ўзлаштирса ёки кимнидир ишга олиш учун ишини “битказиш” учун ушбу ҳолатни содир этаверса, яна ҳеч нарса бўлмагандек сувдан қуруқ чиқиб кетаверса. Бундай ташкилот раҳбарлари ёки кимсаларни албатта, ибрат тариқасида қонунчиликка мувофиқ жазога тортиш ва бу орқали коррупцион ҳолат учун жазо муқаррар эканлиги кўрсатилса, буларни ОАВда мунтазам ёритиб бориш ёки шунга ўхшаш кўрсатувлар кўпроқ ёритиб борилиши таъминланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Кимдир бу ҳолатларни содир этса-ю, яна ҳеч нарса бўлмагандек сувдан қуруқ чиқаверса, бу мантиққа ҳам тўғри келмайди. Яқинда бир ҳолатга дуч келдим. Бир ижтимоий кўмакка муҳтож оила билан суҳбат қурдим. Турмуш ўртоғи  анча йиллар олдин вафот этган бу аёл қанча эшикка иш сўраб бориб о сарсон бўлган, қаерга бормасин бир хил жавоб “Ҳозирча ишчилар сони етарли, жой бўшаб қолса хабар қиламиз”. Аммо шундай жавоб қайтарган ташкилотлардан бири эртасига икки нафар ишчини қабул қилиб олгани аёлга оғир ботганини айтиб қолди.

Юқорида айтиб ўтганимдек бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб курашишимиз зарур. Зеро, шу Ватан барчамизники. Шу юртнинг ривож топишида, дунё мамлакатлари тамаддунида бунданда юксак чўққиларни эгаллашимизда, ёшларимизни тарбиясида, жамиятни бундай иллатлардан тозалашда барчамиз бирдек маъсулмиз. Давлат пуллари талон-тарож этилаверса, кимларнингдир ишларини “битказиб” бериш учун юқоридагидек ҳолатлар содир бўлса, бундай жамиятда ривожланиш бўлмасдан бир жойда депсиниб тураверади.

 

Муталлиб РАҲИМОВ,

Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+