Коррупцияни тўхтатиш учун бизга нима тўсқинлик қилади?

07.10.2019 16:10:39

Инглиз ёзувчиси Жонатан Cвифтнинг «Гулливернинг саёҳатлари» асарида бир эпизод бор. Асар қаҳрамони Гулливер Лилипутияга сафари чоғида ўша мамалакатда қонунлар ишлаши борасида тўхталар экан, жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидаларга етти йил давомида амал қилганини исботлаган инсонларга маълум имтиёзлар, давлат маблағлари ҳисобидан пул мукофоти, шунингдек, қонунлар нозири деган унвон берилиши ҳақида ёзади. Гулливер лилипутларга ўзининг мамлакати бўлган Европада фуқаролар томонидан қонунлар фақат жазо олиш хавфи туфайлигина бажарилишини, унга қатъий риоя қилганлик учун ҳеч қандай мукофот берилмаслигини айтганида лилипутлар буни давлатни бошқаришдаги энг катта нуқсон, деб атаган. «Шунинг учун ҳам бу ердаги суд муассасаларида адолатли судни олти кўзли аёл сифатида тасвирлашади: аёлнинг икки кўзи олдида, икки кўзи орқасида ва икки чеккасида биттадан. Унинг ўнг қўлида олтин тўла оғзи очиқ қоп, чап қўлида эса қинли қилич — бу жазолашдан кўра мукофотлаш мақбулроқ, деган маънони билдиради», деб ёзади Гулливер.

Гарчи бу асар фантасик воқеалардан иборат бўлса-да, ёзувчи шу орқали ўз замонасида ҳукм сурган барча адолатсизлик, тенгсизлик ва номутаносибликларни рўй-рост очиб беради. Ўйлаб қаралса, Жонатан Свифтнинг бир неча аср аввалги фикрлари, бугунги замонамиз учун ҳам мос келади. Ростдан ҳам, қонун йўлидаги ҳаққоний инсонларни мукофотлаш керакдир, эҳтимол.

Ҳали у, ҳали бу ерда коррупция билан боғлиқ хабарлар — бирор мансабдор шахснинг пора билан қўлга тушаётгани, кимнингдир ўз манфаати йўлида амалдорга пул таклиф қилиб жавобгарликка тортилаётгани каби ҳолатлар кунда-кунора қўзиқориндек кўпайса, кўпаймоқдаки сира камайгани йўқ. Демак, жазога тортавериш билан коррупцияга буткул барҳам бериб бўлмайди. «Моддий манфаатсиз, таниш-билишсиз иш битмайди» қаблидаги тушунча ҳали эскиргани йўқ. Негаки, ҳамон у ер, бу ерда «олди-бердилар» орқали иш битяпти. Аҳоли мурожаатларини ўрганиш, ижтимоий тармоқларни кузатиш жараёнида шу аён бўлдики, аксарият мурожаатлар айнан шу иллат ортидан жабр кўрганлар, сарсон бўлганлар ва ҳоказоларни ташкил қиляпти. Буни коррупцияга қарши курашишнинг мутлақо янги усулларини излаб топиш ва уни фавқулодда бажариш учун муҳим сигнал, деб қабул қилиш керак.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 9 июль санасида Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида қилинган ишлар ҳисоботи ва истиқболдаги режалари тўғрисида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ушбу қўмитанинг «коррупцияга қарши курашиш» деб қайта номлангани аксар журналистлар қатори менда ҳам катта қизиқиш уйғотган эди. Қўмитанинг имконияти чекланган фуқаролар, айниқса, фарзандини вояга етказаётган ёлғиз аёллар манфаатларини ҳимоя қилиши, уларнинг мурожаатлари жойида ҳал бўлишида амалий ёрдам кўрсатиши, албатта, таҳсинга лойиқ. Бироқ анжуманда коррупцияга қарши курашиш масаласида умумий хулосадан четга чиқилмади. Ваҳоланки, коррупция билан боғлиқ энг сўнгги таҳлиллари, халқаро экпертлар хулосалари, уни камайтириш ва олдини олишдаги ўзининг реал таклиф ва тавсиялари билан айнан шу қўмита ташаббус кўрсатиши керак эмасмиди?

Германиянинг Берлин шаҳрида дунё давлатлари орасида коррупция билан боғлиқ ҳолатларни ўрганадиган алоҳида ташкилот бор. Бу «Transparency International» — Халқаро шаффофлик ташкилоти 2015 йилда 167 мамлакат ўртасида коррупциянинг қай даражада экани бўйича индекс натижаларини эълон қилганида Ўзбекистон охирги ўнталикдан жой эгаллаб, 153-ўринни банд этган эди. 2018 йил эса 5 поғона пастлаб, 180 давлат ичида 158-ўринга лойиқ топилган. Марказий Осиё минтақаси бўйлаб таққослаганда Туркманистондан 3, Афғонистондан 14 поғона юқорида, Қозоғистондан 34, Қирғизистондан 26, Тожикистондан эса 6 поғона пастда жойлашганини кўриш мумкин.

Тўғри, коррупция бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолган эмас, худди шундай, уни бугун ёки эртага тугатиб бўлмайди. Мушукнинг текинга офтобга чиқмаслиги, қуруқ қошиқ оғиз йиртиши, пул бўлса, чангалда ҳам шўрва пишиши, еган оғиз уялиши, юзта сиз-у биздан, битта «жиз-биз» яхшилиги ҳақидаги ибора ва мақоллар порахўрлик анча-мунча яшаб қўйганидан акс-садо беради. Бироқ бир ҳикмат борки, огоҳликка чақиради: «Пора канда бўлмаса, пароканда бўласан».

Тасаввуф адабиётининг машҳур намояндаси Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг қуйидаги мисралари инсонни тақдир ҳар кўйга солмасин, у ҳамиша ҳалоллик ва тўғриликни касб этишга ундайди, акс ҳолда, жазоси оғир бўлишини башорат қилади:

Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема,

Киши молини ема, сирот узра тутаро...

Қаранг, гравитацион ҳаракатга ўхшаш коррупция маконидан буткул чиқиб кетиб бўлмайдими? Шу хусусда кўпни кўрган ота-онам, тадбиркор акам, шифокор, фармацевт, ўқитувчи опаларим ва турли соҳадаги қавм-қариндошлардан сўраб кўрдим. Улар орасидан фақат онам: «Бировнинг ҳақи, ҳалол ва ҳаром, ризқнинг ёлғиз Аллоҳдан берилиши, уволу савобга кўз юмиб қўйган одамлар ҳам бор-да», деб жавоб қайтарди. Қолганлар эса саволга жўяли фикр билдирмади ҳисоб. Биргина шулар тимсолида кўрдимки, минглаб ва ҳатто, миллионлаб инсонлар порахўрлик буткул барҳам топишига унча-да ишонмайди. Аммо ҳар муаммога ечим бор. Бу ечимни топган давлатлар, халқлар ҳам йўқ эмас. Масалан, коррупциядан ҳоли бўлган кучли учлик — Дания, Янги Зеландия, Финландия сингари мамлакатлар босиб ўтган оғир йўлдан ўтишга нима бизга тўсқинлик қилади?

Чирмовуқдай чирмашиб олган бу иллатни томири билан суғуриб ташлаш фурсати келди. Йўқса, бу иллат биздан фарзандларга, улардан невараларга «мерос» қолиб, такрор-такрор рўй бериб, суяк суриб бораверади.

 

Наргиза ЮНУСОВА,

партия фаоли

Улашинг!