Косонсойда депутатлик гуруҳи иш бошлади

17.01.2020 17:01:24

Наманган  вилояти халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Кенгаш депутатлари, корхона, ташкилот ва муассасалар, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Сессияда бошқа масалалар қатори Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ сиёсий партияларнинг туман Кенгаши таркибида ўз гуруҳларини рўйхатга олиш хақидаги мурожаатлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг депутатлик гуруҳи рўйхатга олинди. Унга партия вилоят Кенгашининг раиси,  17-Бешкетмон сайлов округидан туман Кенгаши депутати Исроил Жўраев раҳбарлик қиладиган бўлди.

- Депутатлик гуруҳимиз уч кишидан иборат дейди у. – Мендан ташқари тумандаги 32-сонли мактаб директори Маъруфжон Тешабоев ва саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи бўлим бошлиғи Феруза Қодирова ҳам гуруҳимиз аъзолари хисобланишади. Биз ҳозир 2020 йил учун иш режаси тузишга киришдик. Ундан тумандаги энг муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, партия сайловолди дастурида олға сурилган ғоя ва мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш, сайловчиларнинг мурожаатлари асосида халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига, доимий комиссиялар мажлисига киритиш учун масалалар тайёрлаб бориш кўзда тутилади.

Косонсойлик депутатлар ўз фаолиятларида “Адолат” СДП фаолларининг кўмагидан кенг миқёсида фойдаланишни режалаштиришган. Бундан  ташқари партия вилоят Кенгаши мутахассислари, “Ёш адолатчилар” ва “Аёллар қаноти” Кенгашлари аъзолари ҳам ёрдамга келишлари кутилмоқда. Қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳам биргаликда иш олиб бориш мўлжалланган. Бу айниқса, жамоатчилик назоратини амалга оширишда қўл келади, деб ўйлаймиз.

Шунингдек, халқ депутатлари Чортоқ, Учқўрғон, Наманган, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Чуст туманларининг халқ депутатлари Кенгашларида ҳам “Адолат” СДП гуруҳлари тузилди.    

                                                        Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП фаоли   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+