Креатив фикрловчи ва ташаббускор кадрларга таянамиз

05.11.2019 15:11:42

Мамлакатимизнинг эртанги куни, унинг ёруғ истиқболи, нурли келажаги  шу жонажон юртимизнинг ёшларига боғлиқ. Шу туфайли ҳам мустақил Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Албатта, ўтган йиллар давомида бу борадаги қонунчилик  такомиллаштирилди,  кўплаб халқаро ҳужжатлар  ратификация қилинди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида алоҳида эътироф этилганидек, ёшлар мамлакактимиз келажагини  таъминловчи куч. Биргина бизнинг Қарши шаҳрида ҳам айни дамларда минглаб ёшлар муҳтарам Президентимизнинг чексиз ғамхўрлигидан илҳомланиб, мукаммал билим олишяпти, спорт билан шуғулланиб,  ҳунар  ўрганиб ўз қобилиятлари, иқтидорлари, истеъдодлари билан ўзбек ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини  дунёга кўрсатишяпти. Қолаверса, шаҳримиз ёшлари партиямиз Сайловолди дастурида илгари сураётганидек, сиёсий-ҳуқуқий билимларни яхши ўзлаштириб каттагина салоҳиятга эга бўлиб вояга етишмоқда. Улар бу йилги сайловларда яна ҳам фаол бўладилар.

Партиямиз Сайловолди дастури ва унда белгиланган вазифалар ҳақида сўз юритар эканман, бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиманки, бугунги сайловчи аввалги сайловчилардан кескин фарқ қилади. Бугун сайловчилар, барча ёшлар партиямизнинг Сайловолди дастурида нималар назарда тутилгани, булар амалга оширилса, ёшларга, умуман, халққа қандай фойдаси тегиши мумкинлигини сўрашапти. Буни “Мен ўз келажагим  учун овоз бераман” деган фикрнинг амалдаги ифодаси сифатида тушуниш мумкин.

Сайловолди дастуримизда партия давлат ёшлар сиёсатини амалга оширишда давом этиши, эртанги нурли келажагимиз ворисларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, ёшлар муаммоларини ечиш, уларга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатиш тарафдори эканлиги алоҳида таъкидланган. Биз ёшларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш тизимини янада такомиллаштиришни қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, давлатни  инновацион ривожлантириш, давлат ва жамоат бошқарувига оид муҳим масалаларни  замонавий, креатив фикрловчи ва ташаббускор ёш кадрларга ишониб топшириш керак.  

Мустақил давлатимиз ҳар томонлама тараққий этишига муносиб ҳисса қўшадиган юксак маънавиятли, билимдон ёшларни вояга етказиш партиямиз Сайловолди дастурида алоҳида эътироф этилган. Қолаверса, мамлакатимизда  ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири, деб белгиланиб, бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса вақт ўтиб, албатта, ўз самарасини кўрсатади. Мамлакатимиз тақдирини  комил инсонларга ишониб топшириш биз “адолатчи”ларнинг  бош мақсадимиздир.

Ёшларни қонунларга ҳурмат, Ватанимизга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган ғояларни  боғча ёшидан бошлаб мактаб дастурларигача  ўз ифодасини топтириш ҳақида аниқ таклифларимиз Сайловолди дастурда  илгари сурилган.

                                                                         Ораста  ТОШЕВА,

                                           Қарши шаҳар мактабгача  таълим бўлими мудири,

                                           Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига

                                           номзод

                                                                                                                                                                                   

    

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+