Курашга шай партия

19.02.2020 13:02:03

 

Жорий йилда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 25 йиллиги нишонланади. Шу сана муносабати билан Нуробод туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактабида “Адолат” ҳаётимизнинг бош мезони” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, Аёллар ва Ёш адолатчилар қаноти аъзолари, ОАВлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни  партиянинг туман Кенгаши раиси Нодира Ботирова очиб берар экан партия ташкил этилган илк йиллар улғайиш даври бўлган бўлса, ҳозир бемалол оёққа туриб, ҳар қандай курашга шай ҳолатга келганини таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, сиёсий партиянинг асосий вазифаси давлат ва жамият ривожи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ғоялар, йўналишлар, тамойилларни кўтариб чиқиш ва уни амалга ошириш йўлларини белгилашдан иборат. Ўтган давр мобайнида “Адолат” СДП томонидан нафақат ўз электорати, балки, мамлакатимиз ва жамиятимиз ривожига оид бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Булар орасидан энг кўзга кўринарлилари ва ўз вақтида бир қатор ҳукумат вакиллари ва жамоатчилик томонидан истеҳзо билан қабул қилинган ташаббуслари бирин кетин амалиётга жорий этилаётгани барча “Адолатчилар” қувончига сабаб бўлмоқда. Хусусан, бундан 15 йил илгари, яъни 2004 йилдаги партия сайловолди дастуридаги белгиланган айрим вазифалар - “Давлат хизматчиларининг бурч ва масъулияти, ваколат доираси, имтиёзлари аниқ кўрсатиб берилган қонунни қабул қилиш”, “Инновацион иқтисодиётни ривожлантириш”, “Иш берувчи томонидан ишчи-хизматчиларга тиббий суғурта кафолатлари жорий этиш” каби вазифалар белгиланган  бўлса бугунги кунга келиб “Давлат хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, мамлакатимизда инновацияни ривожлантирмасдан туриб, иқтисодиётни ривожлантириб бўлмаслиги эътиборга олиниб, Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” номи берилди. Давлат бюджетидан инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни ишлаб чиқишга ажратилган маблағлар миқдори оширилди. “2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси”да ҳам бу масалага ечим топилиб, 2021 йилдан жорий этиш бошланади ва, биринчи навбатда, йирик ташкилотларда мажбурий суғурта таъминланади. Бунда давлатнинг, иш берувчининг ва албатта, фуқаронинг маблағи, яъни улуши бўлади. Кейинги босқичда бюджет ташкилотларида ишлаётган ходимларни, учинчи босқичда эса барча аҳолини қамраб олиш кўзда тутилган.

Худди шунингдек, 2009 йилдаги сайловолди дастуримиздаги бир қатор вазифалар ижросини ҳам кўришимиз мумкин. Бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини таъминлаш зарурлигини илгари суради. Шу муносабат билан “электрон ҳукумат”ни жорий этиш бўйича дастурни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш таклифи билан чиққан эди. Ўша пайтларда ҳукумат битта бўлади, қанақа электрон ҳукумат тўғрисида гапиряпсизлар деб эътирозлар билдирилган эди. 2015 йилда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзоланди. Очиқлик ва шаффофлик бўйича бугунги кун ислоҳатларининг ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз.

“Адолат” СДП хотин-қизларни давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг барча жабҳаларига жалб этиш, чуқур билим ва касб маҳоратга эга хотин-қизлар учун янада кенг имкониятлар яратишни энг устувор вазифа деб  билади. Аёллар ҳуқуқи ва гендер тенглиги масаласи ҳам партиямизнинг азалдан устувор вазифаси бўлиб келган ва буни энг аввало ўз фаолиятида қўллаб келганини кўпчилик билса керак. Ҳозирги кунда партия аъзоларимизнинг 49 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Бундан ташқари Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ичида аёл киши бошқарган биринчи ва ягона партия ҳисобланамиз. Бундан ташқари Ўзбекистон Президентлигига кўрсатилган номзодлар ичида ягона аёл номзод ҳам “Адолат” СДПдан кўрсатилган.

Партия энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Энергетика тизимида рақобатни ташкил этиб бўлмайди, муқобил энергия манбалари бизни шароитимизда жорий этиб бўлмайди, у жуда қиммат энергия каби эътирозларни эшитган партиямиз ва депутатларимиз, ушбу масалани қайта-қайта кўтаришдан чарчамадилар. Натижада депутатларимиз ташаббуси билан 2019 йилда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

2014 йилдаги дастуримизда эса аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, талаби юқори бўлаган тиббий муолажаларга ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш каби вазифалар ўрин олган бўлса, натижада  “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, Қонунчилик палатасига киритилди ҳамда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни (сунъий уруғлантириш тартиб-қоидалари назарда тутилган) қабул қилинди.

Шунингдек, ҳорижий давлатлар дипломлари нострификациясини соддалаштириш, Олий таълим муассасалари квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш каби масалалар ҳам ўрин олган эди. Бугун ўз ечимини топмоқда.

Адолатчиларни қувонтирган яна бир ҳолат, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида йил бошиданоқ сайловолди дастуримизда кўтариб чиққан ғоя ва таклифларнинг кўпчилиги ўз ифодасини топди. Жумладан, олий таълимга қабул квоталарини доимий  равишда ошириб бориш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш, давлат грантини икки бараварга кўпайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлар учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, дориларнинг электрон реестрини яратиш, ўқитувчи ва шифокор мақомини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш, коррупцияга қарши курашиш, ички ишлар органларини халқона тизимга айлантириш каби таклиф-ташаббуслар барча-барча юртдошларимизни юрагигача етиб борди, десак муболаға бўлмайди.

Юқорида тилга олинган муаммолар сайловлар арафасида партия сайловолди дастурини шакллантириш жараёни ва сайловолди учрашувларида халқимизни анча йиллардан бери қийнаб келаётган муаммолар эканлигига гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун бир қатор муаммоли масалаларни партия сайловолди дастурига киритиб, устувор вазифамиз сифатида белгилаб олган эдик. Бугун юқори минбардан туриб яна бир бор ушбу масалаларга эътибор қаратилгани ва ечимлари кўрсатиб берилгани бизни қувонтириши билан бирга зиммамизга алоҳида масъулият ҳам юклайди.

Албатта, партиямиз олдида  турган муҳим вазифа – эришилган ютуқлар билан қаноатланиб қолмай, олдинга қараб интилиш, янги юксак марраларни эгаллашни давом эттириш, халқимизнинг меҳнатсеварлик, ишбилармонлик қобилиятидан янада унумли фойдаланиш, иқтисодиётимизни янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларини давом эттириш ва чуқурлаштириш, ҳаётимиз даражаси ва сифатини изчил ошириб боришни таъминлаш, тенглар ичида тенг бўлиб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашдир.     

Аминмизки, партия электоратини ўйлантираётган муҳим муаммоларни кўтариб чиқиб, уларни ҳал қилишнинг қонуний ечимларини кўрсата олсак, албатта партиямизга, қолаверса, депутатларга нисбатан сайловчилар ишончини мустаҳкамлайди, деб ишонамиз.

Шу ўринда муҳтарам юртбошимизнинг “Қайси партияга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни бирлаштирадиган ягона ва муштарак мақсад – бу жонажон Ўзбекистонимиз, унинг буюк келажагидир. Айни шу мақсад ҳаммамизни она юртимизга садоқат билан хизмат қилишга даъват этади”, деган фикрлари барчамизга куч бағишлайди. Зеро, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларни таъминлаш, аҳолининг фаровонлигини ошириш энг олий қадрият ҳисобланади.

Ибодулло МУРОДОВ,

Халқ депутатлари Нуробод туман кенгаши депутати


 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+