Лоқайд депутатлар ҳамон мудроқда

02.10.2019 15:10:47

Хаш-паш дегунча, жорий йил ҳам якунланиб бормоқда. Бундан беш йил муқаддам парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг ваколатли муддатлари тугаб, сайловчилар олдида ваъда қилган ишларининг сарҳисобини чиқармоқдалар. Шу кунгача депутатлар бажарган амалий ишларининг хисобини қисман халққа етказган бўлсалар, бугунги кунга келиб, тўлиқ беш йиллик фаолиятлари ҳисоботларни тақдим этишларига тўғри келмоқда.

Шу муносабат билан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар ўзлари сайланган округларда ҳисобот учрашувларини ўтказмоқдалар.

Шу каби  учрашувлар Халқ депутатлари  Гулистон ва Янгиер шаҳар, Сирдарё, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Ховос туман Кенгаши депутатлари билан бўлиб ўтмоқда. Хусусан, Мирзаобод туман Кенгаши депутати Мавлуда Алтмишева тумандаги инглиз тилига ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўтказган ҳисобот йиғилишида депутат этиб сайлангандан буён шу давргача бир қатор ижобий ишларни амалга оширганлиги тўғрисида маълумотлар келтириб ўтди. Бажарилган амалий ишлардан бири - иккинчи гуруҳ ногирони Нодира Мавлонованинг мурожаатига асосан давлат томонидан кам таъминланган ва имконияти чекланганлар учун ажратилаётган имтиёзли асосдаги уй-жойни олишда Мирзаобод туман хотин-қизлар масалалари бўйича хоким ўринбосари Ш.Жумабоева номига депутатлик сўрови киритиб, фуқаронинг  уй-жойга бўлган эхтиёжи ижобий қониқтирилган эди. 2019 йилдаги манзилли дастур асосида фуқарога уй олиб берилганди. Яна бир амалий ишлардан бири - Мирзаобод туман Наврўз шаҳарчасида истиқомат қилувчи М.Бойқулованинг мурожаатига асосан  укаси Эркин Ибрагимовнинг зудлик билан операция қилиниши учун ёрдам тариқасида ҳокимлик томонидан 8 миллион сўм миқдорида пул маблағлари олинишида ёрдам кўрсатилган эди.

Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов Бахт шаҳридаги мусиқа ва санъат мактабида берган ҳисоботида беш йиллик қилинган амалий ишлари юзасидан маълумот берди. Шу давргача депутат С.Элмуродов Сирдарё туманидаги кўплаб ички йўллар қайтадан таъмирланишида, элекр, газ, ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатди. Шунингдек, депутат ташаббуси билан тумандаги “Бешбулоқ” маҳалласида 125 ўринга мўлжалланган замонавий мактабгача таълим муассасаси барпо этилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида турибди. Бахт шаҳридаги “Ибрат” маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг бажарилишида ҳам депутат ташаббуси қўл келмоқда. Шу кунгача ушбу маҳалланинг ачинарли аҳволи эътиборсиз қолдирилган эди.

Улуғбек Шайзаков, “Ибрат” маҳалласида яшовчи фуқаро:

- Яқин-яқингача маҳалламиз шаҳар ҳудудида бўлса-да, ичимлик суви, газ, электр борасида муаммоларга тўлиб-тошган эди. Йўллар асфальтланмаган, чанг-тупроқ эди. Депутат Салоҳиддин Элмуродовнинг ташаббуслари ҳамда ёрдамлари туфайли бугунги кунда маҳалламизда ободонлаштириш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Депутатлар томонидан амалга оширилган амалий ишлар ва уларнинг халқ олдида сарҳисоб қилинаётгани яхши. Бироқ бу масъулиятли вазифага ҳамма депутатлар ҳам бирдек киришаётгани йўқ. Шу кунгача маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг 39 тасидан 33 таси сайловчилар олдида ҳисобот берди. Айрим маҳаллий Кенгаш депутатларининг сайловчилар олдида ҳисобот тақдим этмаслиги партиянинг вилоятдаги тарғибот-ташвиқот ишларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўз вазифасига лоқайдлик билан қараётган депутатлар ҳали ҳам мудроқда. Вахоланки, йил поёнига етиб, ваколатли муддат ўтиб бораётир.  Ёки халқ ишонч билдириб сайланган депутатлар юксак номни оқлай олишмаяпдимикин?

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

        

Улашинг!