Маҳалла - чуқур илдиз отган ижтимоий тузилма

21.05.2020 13:05:19

Ўзбекистонда маҳалла ўзини ўзи бошқариш органи сифатида юксак мақомга ва мавқега эга бўлмоқда. Азалдан ушбу тузилма кишиларни ўзаро уюштирувчи, улар ўртасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи тизим сифатида ўзига хос ўрин тутган. Маҳалла институти айниқса, бугунги кунда барча ижтимоий-сиёсий ва маънавий жараёнларда фаол қатнашмоқда. Ўзбекистонда жамиятни бошқаришнинг ўзига хос анъанавий шакли бўлган маҳалла тизимининг мустақиллик йилларидаги фаолияти нафақат республика, балки дунё миқёсида ҳам кенг тан олиниб, уни халқаро доирада тарғиб қилиш муҳим вазифалардан бирига айланди. Айниқса, мамлакатимиз Президенти томонидан 2017 йил 3 февралда янги таҳрирда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим қадам бўлди.

Бугунги кунда маҳалла жамиятимиз учун ўзига хос тарбия ўчоғи, фуқароларни ғоявий, мафкуравий жиҳатдан бирлаштирадиган ўзига хос маскан экан, ҳозирги глобал ўзгаришлар, мафкуравий таҳдидлар шароитида маҳалла халқимизни турли мафкуравий хуружлардан асраш, жамиятда мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш учун баркамол авлодни тарбиялаш масаласига алоҳида аҳамият бериб келмоқда. Мустақиллик йилларида халқимизнинг тарихий қадриятлари, маънавий мероси, урф-одат ва маросимлари қайта тикланди. Маҳалланинг ўзбек халқи миллий менталитетига хос тарихий анъаналари кенг тарғиб қилиниб, унинг тарихий тажрибаларига таяниш зарурлиги равшанлаша бошлади.

Жамиятимизда маънавий етук, баркамол авлодни шакллантиришга катта эътибор қаратилаётган кезларда бу жараёнда маҳалла ҳам четда қолгани йўқ. Ўз навбатида фуқаролар онгида юксак маънавиятли сифатларни шакллантириш, тарбиялаш умумхалқ иши сифатида, уни фаол тарғиб қилиш оила, боғча, мактаб олий таълим тизими, шу билан бирга маҳалланинг муқаддас бурчи эканлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу маънода маҳалла фаолиятини самарали ташкил этиш ишини янада такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий мақомини янада кенгайтириш, халқимиз турмуш тарзи билан боғлиқ анъаналари ва тарихий тажрибасини ўрганиш бугунги кунда муҳим ўрин тутади.

Бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, маҳалла институти юртимизда минг йиллар давомида синалган ва чуқур илдиз отган, аҳолини бирлаштириб турадиган ижтимоий тузилма сифатида ривожланиб келмоқда. Айниқса, унинг ҳозирги бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида фуқаролик жамиятини қуриш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини таниган, бугунги демократик ислоҳотларга жавоб берадиган авлодни тарбиялаш, одамларни фаоллашириш, жипслаштириш, улар ўртасида меҳр-оқибат туйғуларини кучайтириш омили сифатида майдонга чиқаётгани яққол кўринмоқда.

Маҳаллада ёшлар онгида миллий-маънавий қарашларнинг шаклланиши ижтимоий ҳаётимизнинг бирон-бир соҳаси билан чегараланиб қолмайди. Айниқса унда фуқаролик жамияти қуришнинг ўзига хос хусусиятлари, бунда жамият ижтимоий, сиёсий ҳаётидаги туб ўзгаришлар, миллий маънавиятимиз, тарихимиз, маданиятимиз, динимиз, миллий менталитетимизга хос хусусиятлар асосий ўрин эгаллайди.

Бунда айниқса “Оила-мактаб-маҳалла” дастури муҳим рол ўйнаши шубҳасиз. Шундай экан таълим-тарбия ишларини янада такомиллаштириш мақсадида 2012 йил 19 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди.

Қарорда қатор вазифалар қаторида мактабда ва маҳаллада ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш, адашиб, билиб-билмай турли оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшлар билан ишлаш тизимини янада яхшилаш муҳимлиги ҳам алоҳида қайд этилган.

Бу борада бугунги кунда Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан адашиб, турли диний оқимлар, йўлларга кириб қолган, айрим экстремистик диний ташкилотлар, террорчи гуруҳлар иштирокчисига айланган фуқароларни афв этиш, уларни кечириш, яна ота-онаси, оиласи ва маҳалласига қайтариш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилганлиги бунинг яққол далилидир. Бу хусусда давлатимиз раҳбари 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам алоҳида таъкидлаган эди. Бизнингча бунда энг муҳим масалалардан бири одамлар ўз фикрини айтишга, эркин фикрлашга ўрганиши керак. Яъни, уларда фикрга қарши фикр бўлиши зарур. Шу боис, ёшларимизни мактаб ва олий ўқув юртларида эркин фикрлашга, бахслашишга ўргатиш зарур.

 

Дилдора ИСЛОМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Шайхонтоҳур туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+