Маҳаллий кенгашлар депутатларига услубий кўрсатмалар берилди

27.02.2020 14:02:15

Февраль ойининг охирги ўн кунлигида мамлакатимиздаги қатор вилоятлар каби Наманганга ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатларидан иборат ишчи гуруҳ  ташриф буюрди. Жойларда ўтказилган учрашув ва мулоқотларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ишини самарали йўлга қўйиш, янги сайланган депутатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сайловчилар билан ишлашни янада яхшилаш ҳақида фикр юритилди. Ўтказилган тадбирларда “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган депутатлар ҳам фаол иштирок этдилар.

Исроил Жўраев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаш   раиси:

 - Ўтган йил декабрида ўтказилган сайловларда маҳаллий кенгашлар депутатларининг қарийб тўртдан уч қисми янгиланди. Шунинг учун бугунги кунда уларнинг фаолиятини тўғри ташкил этишга қаратилган зарур услубий йўл-йўриқлар, маслаҳатлар бериш катта аҳамиятга эга. Айниқса, бу ишга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари бош қўшганлиги нур устига аъло нур бўлди.

Ишчи гуруҳ аъзолари биринчи куниёқ Косонсой туманига сафар уюштирдилар. Ҳокимлик биносида халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари билан учрашув ўтказилди. Унда қатнашганлар демократик ислоҳотлар кенг қулоч ёзган ҳозирги шароитда депутатлар, доимий комиссиялар, сиёсий партияларнинг гуруҳлари қандай фаолият олиб боришлари кераклиги ҳақида муҳим тавсия ва маълумотларга эга бўлдилар. Ташаббускорлик билан ишлаш, ҳар бир сайловчининг таклиф ва мулоҳазасини ҳисобга олиш, уларнинг ечимини излашда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш, ҳар бир ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларини ошириш каби масалалар диққат марказида турди.

Наманган шаҳри, Косонсой, Чортоқ, Норин ва бошқа туманларда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари, сиёсий партияларнинг вакиллари учун амалий семинарлар ташкил этилгани ҳам фойдали бўлди. Мазкур тадбирлар иштирокчиларига Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ҳам батафсил  тушунтирилди. Ўз навбатида маҳаллий Кенгашлар депутатлари  фаолиятни янада такомиллаштиришга доир фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Уларнинг саволларига парламент аъзолари томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.

 – Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз тараққиётининг янги, улкан вазифалари белгиланган, - дейди халқ депутатлари Чортоқ туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Олимхўжа Мақсудов. – Уларнинг муваффақиятли ижросини таъминлаш учун  депутатлар ҳам ўз фаолиятини янада жонлантириши, доимий комиссиялар ва партия гуруҳлари ишининг самарадорлигини ошириш талаб этилади. Бунга эса депутатларнинг билимлари ва кўникмаларини янада юксалтириш орқалигина эришиш мумкин. Биз семинарларда қатнашишдан ташқари  парламент аъзолари жойларда ўтказган ўрганишларда ҳам иштирок этдик. Сайловчилар билан мулоқот қилиш усул ва услублари, депутатлик сўровлари тайёрлашни ўзлаштирдик. Булар келгусидаги фаолиятимизда катта ёрдам беради, деб ўйлайман.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,    

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+