Мактаб-интернатда хайрия тадбири

25.11.2019 16:11:01

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Оққўрғон туманидаги 78-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида партиянинг “Саҳоват беназир қадрият” лойиҳаси доирасида “Адолат ҳар бир инсон учун” шиори остида  хайрия тадбири ўтказилди.

Унда Халқ депутатлари Тошкент вилояти, Оққўрғон  туман Кенгаши депутатлари, партиянинг масъул ходимлари,  фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ногиронлиги бўлган болаларга эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш, уларнинг ҳаётга бўлган иштиёқини оширишга ҳисса қўшиш, шунингдек, кенг жамоатчилик ўртасида “Адолат” СДП ғояларининг мазмун-моҳиятини ёйиш, интернат тарбияланувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга эътибор қаратилди.

Тадбирни партиянинг  вилоят  Кенгаши раиси  Умид Шоумаров кириш сўзи билан очиб берар экан, у ўз нутқида юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш энг долзарб вазифалардан бири эканлигини яна бир бора таъкидлаб ўтди. Келажак авлодни ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етиши, уларни турли зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, миллий, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ҳар бир ўғил-қизнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, фаоллилигини ошириш, уларни ҳам моддий ҳам маънавий рағбатлантириш, замонавий билимларга эга, ташаббускор ёшларимиз сафини кенгайтириш ҳамда эл-юрт манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, бу йўлда етарли шарт-шароитларни яратиб бериш муҳимлигига тўхталиб ўтди.

Гулсара Саидумарова, Оққўрғон тумани 78-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат  директори:

-  Бугунги кунда интернат-мактабимиз 240 дан зиёд имконияти чекланган ўғил-қизларни қамраб олган. Уларнинг кўпчилиги вилоятнинг турли ҳудудларидан. Педагогик жамоамиз 56 нафар олий маълумотли ўқитувчи ва  40 нафар тарбиячилардан иборат. Ўқувчиларимиз рус ва ўзбек синфларига бўлинган ҳолда таълим олишади. Эътиборли жиҳати муассасасмизда 14 та турли тўгараклар ташкил этилган бўлиб, унда фарзандларимиз бўш вақтларини мазмунли ўтказиш билан бирга ўзларидаги бор қобилиятларини ривожлантириш ва намойиш этиш имконига эга. Айтиш жоизки,   бизнинг муассаса “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгашининг доимий эътиборида. Партия фаоллари томонидан болажонларимизни моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган  бу каби хайрия тадбирлари  доимий ташкил этилади.  Бугунги тадбир ҳам ўзгача кўтаринки руҳда ўтди. Айниқса, актёрларнинг турли эртак қаҳрамонлари образидаги чиқишлари ўқувчиларимизга бир олам қувонч бағишлади. Бу саҳоват ишлари фарзандларимизнинг маънавий ва руҳий ривожига фақатгина ижобий таъсир этади.  

Ҳеч кимга сир эмас, дунёнинг энг ҳашаматли кошоналари, энг  қимматбаҳо туҳфалари ҳам оила, ота-она меҳри, эътиборининг ўрнини боса олмайди. Шундай бўлсада, интернатимиздаги ҳар бир ўғил-қизнинг кўнглига қарашга, улар билан самимий муносабатда бўлишга интиламиз. Албатта ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган, кўнгли ўксик болажонларнинг кўнглини кўтариш, уларга хурсандчилик улашиш, беғубор нигоҳларида қувонч нурларини кўришга эришишнинг ўзи катта бахт. Уларни билим олишлари ва  касб-ҳунар эгаллашлари учун етарли шароитларни яратиб беришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилади.

Хайрия тадбири давомида партия фаоллари интернатда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммо ва камчиларни аниқлаб, муҳокама этдилар. Шунингдек, синф хоналари, дарс жараёнларини кузатиб, ўқувчилар билан самимий суҳбатда бўлдилар. Бундан ташқари, тарбияланувчилар учун дастурхон ёзилиб, ўғил-қизларимизнинг кундалик эҳтиёжлари учун зарурий буюмлар  совға қилинди.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+