Мактаблар пандемик шароитда ишлашга тайёр эмас

09.09.2020 15:09:50

 

Ҳар йили куз фаслининг остонасига қадам қўйилиши биланоқ мактаблар болаларни ўз бағрига олишга ошиқади.

Бу анъана бу йил бироз ноодатий шаклда бошланмоқда. Сабаби пандемия бутун дунёда глобал муаммоларни юзага келтирганидек, таълимга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Юртимизда коронавирус инфекциясига қарши аёвсиз курашиш билан биргаликда фарзандларни таълимдан узиб қўймаслик чораларини ҳам кўришимиз зарурлигини давр талаб этмоқда. Шу мақсадда ўқув йили бошланишидан аввал Халқ таълими вазирлиги томонидан ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилгани ҳам бежизга эмас. Натижалар бўйича таҳлил қилинганда 60 фоиз ота-оналар ўз фарзанларининг анъанавий яъни, мактабда таълим олишини ёқлаган. Шуларни эътиборга олиб, мактаблардаги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари бўйича Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Олмазор, Шайхонтоҳур туман Кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда мактабларда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Дастлаб Олмазор туманидаги 196-мактаб ҳолати ўрганилганда ўқув йили бошланишига бошланғич ва юқори синфларни алоҳида А ва Б блокларга бўлиб ўқитиш тизими жорий этилаётганлиги маълум бўлди. Мазкур мактабда шу билан бирга, бир қанча камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Жумладан, мактаб умумий ҳолати бўйича таъмирталаб аҳволда бўлиб, таъмирлаш жараёнлари ҳали ҳам тугалланмаётганлиги ойдинлашди. Тепловизор олишга эса имконият йўқ. Мактаб эҳтиёжи учун 1 кунда 100 литр антисептик воситаси камлик қилади. Ушбу муаммолар бўйича мактаб маъмурияти бир неча бор маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилиб келган. Пандемия шароити туфайли гигиена қоидаларига амал қилинмаса бўлмайди. Бироқ мактаб директорининг таъкидлашича, санитария-гигиеник ҳолатни доимий таъминлаб турувчи фаррошларнинг ойлиги атиги 600-700 минг сўмни ташкил этади. Бундай маош қониқтирмаган ишчи-ходим қўйилаётган талабни тўлақонли бажариши амримахол. Шу боис ушбу масала ҳам чигалликни келтириб чиқариши турган гап. Боз устига дезинфекция ишлари учун кўп миқдорда хлор керак. Буни эса ўқитувчи ва ўқувчилар чўнтагидан сотиб олишни истамайди, албатта. Бироқ ушбу очиқ турган муаммолар ечими олдида мактаб аҳли чорасизликка тушиб қолгандек, гўё. Шунингдек, мактабда поликлиникадан шифокор бириктирилмагани етмаганидек, 4 нафар ўқитувчида гипертония хасталаги мавжудлиги маълум бўлди. Эртага дарс машғулотлари бошлангач, бу ўқитувчиларнинг хавфсизлигига ким жавоб беради? Бу билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Аксарият мактабларда 1 синф учун қабул чегараси режадагидан ошиб кетмоқда. Бу ҳолатлар коронавирус инфекцияси тарқалишини янада кучайтириши шубхасиз. Депутатлар “Нима учун халқ таълим тизими бу каби долзарб муаммони ҳалигача кўриб чиқмади?”, деган саволни ўртага ташлашганида афсуски, бирор киши аниқ жавоб беролмади. Мактаб ошхонасига келсак, ҳали ҳам иссиқ сув чиқмаётганлиги ачинарли. Эътиборли жиҳати 185-мактабга бўлган ташрифда ҳам муаммолар кўлами анчагина кенг, ечимини кутиб ётган масалалар талайгина. Мактаб ўқув йилига деярли тайёр эмас. Бу ердаги мактаб ошхонасидан ҳам иссиқ сув қувури ўтказилмаган. 960 ўринли мактабда 1300 та бола ўқийди. Мактаб маъмуриятининг маълумот беришича, ҳар бир синф 4 соатдан ўқитилишга мўлжалланиб, гуруҳларга тақсимланган. Ўқитувчилар бир вақтнинг ўзида онлайн таълим беришга ҳам бириктирилган. Аммо уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш ҳақида ўйланилмаяпди.

Мактабга 17-оилавий поликлиникадан 1 штат ҳамшира ва 0,5 штат бирлигида умумий амалиёт шифокори бириктирилган. Шифокор Умида Асқарова билан билан суҳбатлашилганда мактаб билан бирга шу ҳудуд атрофидаги МТТда ҳам ишлашини айтди. Депутатлар мактабда турли сменалар ташкил этилганлиги учун куннинг фақат ярмидагина ишлайдиган шифокорга ўринли савол бериб, қолган сменалардаги ўқитувчи ва ўқувчиларнинг соғлигига ким жавоб бериши мумкинлигини кўндаланг қўйди. Афсуски, саволларга қониқарли жавоб топилмади. Кам таъминланган оилаларнинг кўплигини эътиборга олиб мактаб жамоаси докадан ниқоблар тикиб ўзини-ўзини таъминлашга ҳаракат қилаётгани эса ўрганишлар давомидаги биргина қувонарли ҳолат бўлди. Шу вақтгача тўгараклар сифатида фойдаланилган хоналар изолятор хоналарига айлантирилаётгани ҳам мактабларни ўрганишлар вақтидаги янгиликлардан бири бўлди. Шунингдек, мактаб стадиони кўздан кечирилганда оғриқли муаммога дуч келинди. Атрофи лента билан ўралган ер майдони стадион кўриниши у ёқда турсин тупроқ қатламини ўз бағрида яшириб ётибди. Мактаб директори Феруза Исломова бу муаммо ортидан анчадан буён югуриб натижа чиқаролмаётганлиги маълум қилингач, депутат Луиза Хикматова масалани шаҳар сессиясига олиб чиқадиган бўлди. Фақат мактаб маъмурияти ушбу стадион ҳаражатлари бўйича лойиҳа тузиб берса бўлгани. Канализация тизими ҳам тўлиқ ишдан чиққан. Буни эса мактаб тўлиқ капитал таъмирга тушгач амалга ошириш мумкин бўлади.

Шайхонтоҳур туманидаги 192-сонли мактаб ҳолатини ўрганиш ишларида эса капитал-реконструкция ишлари кетаётганлиги устидан чиқилди. Мактаб директори Дилдора Исломованинг маълум қилишича, мактаб ошхонаси учун мўлжалланган майдонга қурилиш учун руҳсат берилмаяпти. 3 та манзарали дарахтнинг борлиги важ қилиниб, ошхона бошқа ҳудуддан қурилиши айтилмоқда. Вахоланки, 10 дақиқалик танаффусда ўқувчилар овқатланишга улгурадими ёки унга етиб бориш учун кетадиган йўлгами?! Экология қўмитаси томонидан хулоса берилган бу тақиқ туфайли мактаб болалари жабр тортиши мумкинлиги ҳақида эса бош қотирилмаяпти.

Яна бир жиҳат - пудрат ташкилоти бош мухандиси Учқун Зоировнинг маълумот беришича, таъмирлаш ишлари жорий ўқув йили ҳам поёнига етказилмаслиги маълум бўлди. Аммо мактаб директори куз ойининг сўнгигача таъмирлаш тугалланади, деб ишониб юрибди. Бундай хом-хатала ишлар ўқувчиларда хафсаласизлик, ота-оналарда режасизликни келтириб чиқариши ҳақида депутат Обиджон Латипов томонидан бир қанча тушунтиришлар айтилди. «Таъмирлашнинг бунчалик чўзилишига қандай муаммо сабаб бўлмоқда? Сабаб равшан кўрсатилса, муаммо ечимига мана, биз депутатлар ҳамиша тайёрмиз», дейди О.Латипов.

Мазкур 192 – мактаб ўқувчилари таъмирлаш тугагунига қадар шу яқинда жойлашган 40 –мактабда таҳсил олиб турадилар. Ишчи гуруҳи ушбу мактабга ҳам ташриф буюриб, шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Аммо мактаб шароити бу ерда ҳам болаларни тўлиқ қабул қилишга тайёр эмас. 44-оилавий поликлиникадан бириктирилган ҳамшира бир хафтадирки, ишга келмайди. Энг қизиғи қариндоши касаллиги туфайли мактабга кела олмаётгани. Нима учун минглаб болалар ва юзлаб ўқитувчиларнинг тақдиридан бир нафар инсоннинг манфаати устун бўлиши лозим, деган савол билан эса мутасаддилар қизиқмаяпти.

Депутатларнинг Учтепа туманидаги 62-умумтаълим мактабидаги ўрганишларида нисбатан тайёргарлик жараёнлари  бироз яхши эканлигига гувоҳ бўлинди. Мактаб директори Хуршида Махкамова ҳамда мактаб ошхонаси ошпази Марғуба Вахобовалар мактаб очилишига гигиеник воситалар билан хозирча бир марталик шароит яратилганлигини айтишди. Шундай бўлса-да, депутатлар кейинчалик камчиликлар келиб чиқмаслиги учун ўз тавсияларини бериб ўтишди.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда пойтахт мактабларининг аксарияти пандемия талабига жавоб берадиган ўқув йили учун тайёр эмас. Муаммолар қалашиб ётибди. Бу ҳақда бош қотирадиган масъул ташкилотлар эса ҳали ҳам уйқуда… Юқорида келтирилган - болаларини мактабга юборишга рози 60 фоиз ота-оналар ишончини ким оқлайди?! 

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+