Мактабларда хавфсиз муҳит яратилганми?

13.09.2020 10:09:50

Халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгаши депутатлари Б.Кененбаев, Б. Камалов, Х. Мавлединов фаоллар билан бирга партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида туманнинг “Марказий” маҳалласида жойлашган 2-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишди.

Танишиш жараёнида таълим муассасасининг хавфсиз иш муҳитини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалдаги ҳолатини кўриб чиқдилар.

Жумладан, карантин қоидаларига қатьий риоя этган ҳолда машғулотлар белгиланган вақтдан кечиктирилмасдан, икки сменада ташкил этилиши, мактаб ҳудудида барча оммавий тадбирларни вақтинча тўхтатиш, мактабда ташкил этилган тиббий бўлимда муассаса ўқитувчи, ишчи – ходимлари ва ўқувчиларни кўрикдан ўтказиб, ўқув жараёнига киришга рухсат бериш, юқумли касаллик белгилари аниқланганларни тез ёрдам гуруҳи ёки ота-оналар (қонуний вакил) келгунига қадар изоляция қилиниши тўғрисидаги талаб ва эҳтиёж чораларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шу билан бир қаторда Бекобод шаҳар 17-“Металлург” сайлов округига сайланган депутат Г.Шарипова томонидан шаҳар ҳудудидаги 16-сонли умумтаълим мактабида янги 2020-2021 ўқув йилига тайёргарлик юзасидан амалга оширилган  ишлар ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида мактаб маъмурияти томонидан  санитар талабларга мувофиқ, бирламчи воситалар,  ошхона ҳамда ҳожатхонага иссиқ сув етказиб бериш учун сув иситиш аппаратига эхтиёж борлиги аниқланди.  

Мазкур масала депутат сўровномаси асосида  қисқа фурсатда ҳал этилди. Муассасага икки дона сув иситиш аппарати шаҳар ҳокимлиги  томонидан ўрнатиб берилди.

Шунингдек, партиянинг Пискент тумани Кенгаши фаоллари томонидан  тумандаги 40-сонли умумтаълим мактабининг ўқув йилига тайёргарлик фаолияти ўрганилди. Ишчи гуруҳ томонидан таълим муассасасининг мавжуд муаммоларини вақтида бартараф этиш борасида зарур таклиф ва тавсиялар  берилди. Мактаб худудидаги таъмирталаб йўлакларга партия фаоллари ҳомийлигида бетон ётқизилди, мактаб ўқувчилари учун антисептик воситалар етказиб берилди.

Мухтасар қилиб айтганда, айни пандемия даврида мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш  энг долзарб ва  қилиниши зарур бўлган масалалардан биридир. Давлатимиз раҳбари айтганидек, “барчамиз пандемия шароитида коронавирус билан яшаш, ишлаш ва фарзандларимизни ўқитишга тайёр бўлишимиз керак”.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+