Мамлакат иқтисодиётининг истиқболлари белгиланди

12.06.2020 13:06:49

Мамлакатимизда карантин эълон қилинган илк кунлариданоқ вужудга келган ва келиши мумкин бўлган умумий муаммоларни ҳал қилишнинг ўзига хос йўллари ишлаб чиқилди. Давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан бир қатор муҳим норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига асос солинди. Фуқароларимизга ва тадбиркорлик субъектларига солиқ тўлаш муддати кечиктирилди, айрим субъектлар эса жорий йил охиригача солиқ тўловидан озод этилди. Тадбиркорлар ва корхоналарга қатор имтиёзлар тақдим этилди, айрим қарздорликлар кечиктирилди, қарздорлик учун жарима қўллаш тўхтатилди, шу каби яна бошқа бир қатор енгилликлар берилди. Умуман олганда, ўтган уч ойда юртимизда иқтисодиёт тармоқларига 2,3 триллион сўм солиқ имтиёзлари берилди, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 3,6 триллион сўм ажратилди.

Албатта, кўрилган чоралар ўз самарасини берди. Аммо бу фаолликни тўхтатишга сабаб бўлмаслиги лозим. Шунинг учун аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида 8 июнь куни “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Унда ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати 24 тадан 67 тагача кенгайтирилди. Асосийси, ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида йўлга қўйилади. Бу жараён махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Яъни турли югур-югур ва бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Шу билан бирга, куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда жорий йилги карантин шароитида йўқотилган маблағ ва вақтни бундан буёғига янгича ёндашув ва чораларни қўллаш орқали ўрнини қоплаш, яъни жорий йил бошидаги иқтисодий ўсиш бўйича прогнозларни таъминлаш мумкинлиги таъкидланди. Бунинг учун иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш, банк тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш, саноатда рақобатбардошликни кучайтириш, кичик бизнесни ривожлантириш, рақамли технологияларни барча тармоқларда кенг жорий қилиш каби 8 та асосий йўналишда бир қатор вазифалар белгиланди.

Биринчи йўналишда айни шундай иқтисодий мураккаб вазиятда ҳам бюджетнинг бошқа харажатларини қисқартириш орқали унинг ижтимоий йўналтирилганлигини эътироф этиш лозим. Чунки халқимизда дўст синовли кунларда билинади, деган нақл бор. Юзага келган вазият ҳам қийналган аҳолимизни қўллаб-қувватлашнинг айни вақти ҳисобланади. Бу бир томондан уларнинг мавжуд шароитдан чиқиб олишларига кўмак берса, оғир шароитда ҳам уларни қўллаб-қувватлаган давлатга ишончи ортишига ҳам асос бўлиши табиий.

Камбағалликни қисқартиришни аҳоли бандлигини таъминлаш орқали эришиш ҳам дунёда ўзини оқлаган йўналиш ҳисобланади. Яъни бунда иш жойи ва даромадсиз қолган аҳолимизга имкон борича моддий ёрдам эмас, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш амалиёти жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Иш қилиш қобилиятига эга фуқароларимизга нафақа эмас, иш ўрни яратиб муносиб ойлик маош беришимиз керак. Шунда аҳолимизнинг даромади ошади, ҳам мамлакат иқтисодиёти юксалади.

Бундан ташқари, жорий йилда инвестициялар ўзлаштириш ҳажми ҳам сезиларли қисқарган. Шунинг учун йиғилишда тегишли мутасаддиларга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, кичик бизнес бугунги иқтисодиётимизнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши лозимлиги тўғрисидаги йўналишни тўла қўллаб-қувватлаймиз. Тўғри, ҳозирда ижтимоий тармоқларда катта-йирик ишлаб чиқариш корхоналар ташкил этиш тўғрисида айрим фикрлар ўртага ташланмоқда. Бизни фикримизча, бу унчалик ҳам ўзини оқламайди. Уларда бозор муносабатларига тез мослашувчанлик ва мобил ишлаб чиқаришни (бозор талабига мос равишда) ўзгартиришга имкониятлар кам бўлади. Буни пандемия шароити яна бир бор исботлаб берди. Масалан, айни кунларда аксарият фуқароларимиз автомашина сотиб олмаяпти. Бизнинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи корхонамиз ва ундаги 400 мингдан ортиқ ходимларнинг даромадлари сезиларли камайди. Шунинг учун ишсизликни бартараф этишга ҳар қандай шароитларга мослаша оладиган кичик ва ўрта корхоналарни кўпайтиришга эътибор беришимиз зарур. Бунда асосий эътиборни хусусий мулкчиликни ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимининг холислигини таъминлашга қаратиш лозим. Зеро, мулк дахлсизлигини таъминламасдан туриб, иқтисодиёт ривожи ҳақида гапириш ноўрин. Шу ўринда “Янгиобод” туристик базаси ҳамда “Sulton tex group” хусусий корхоналарнинг фойдасига ҳокимият қарорларини бекор қилиш бўйича чиқарилган қарорларини қўллаб-қувватлаймиз.

Бундан ташқари, айни шароит рақамли технологияларни тезкор ривожлантириш лозимлигини кўрсатиб берди. Сайловолди дастуримизда ҳам партия ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори сифатида юксак технологияли маҳсулот, маълумотлар жадал алмашинуви технологияси ва виртуал молиявий хизматларга таянган рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулот таркибидаги улушини 2025 йилга қадар 45 фоизга етказишни муҳим вазифа сифатида белгиланган. Бунинг учун юқори технологияли тармоқларда ҳам кичик бизнеснинг фаоллигини ошириш лозим. Бундай субъектларни давлат томонидан рағбатлантириш механизмни ишлаш бўйича таклифни қўллаб-қувватлаймиз.

Умуман айтганда, иқтисодиётни ривожлантириш аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг, мамлакат қудратининг асосий манбаи ҳисобланади. Шу боисдан бу йўналишда ишга солинмаган имкониятларни, захираларни, янгича ёндашувларни амалга оширишнинг айни вақти. Зеро, иқтисодиётда “Ўз вақтида қилинган тўғри қарор эртага бемисл манфаат келтиради” деган фикр бежизга айтилмаган.

 

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+