Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар: муаммо ва таклифлар

29.09.2020 17:09:04

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Олий суд, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда “Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар: муаммо ва таклифлар” мавзусида тадбир ўтказилди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва вазирлик мутасаддилари, судьялар, адвокатлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги таҳрири бўйича таклифлар, ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ маъмурий ишларни кўриб чиқишдаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилишдан иборатдир.

Маърузачилар томонидан таъкидланганидек, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсадлардан бири мамлакатимизда адолатли жамият ва қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган. Ушбу йўналиш сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг бош негизини ташкил этмоқда.

Мамлакатимиз Президенти БМТнинг навбатдаги Ассамблеясидаги маърузасида ҳам “Мақсадимиз ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир” дея бежизга таъкидланмади. Ўз навбатида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш “Адолат” СДПнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги эътироф этилди.

Сўзга чиққан партия экспертлари сайловолди дастурдаги суд-ҳуқуқ йўналишдаги қатор партия ташаббуслари бугун ижрога йўналтирилганини таъкидлашди. Жумладан, прописка тизими ислоҳ этилди, “Судлар тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги, “Адвокатура тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш киритиш орқали суд мустақиллиги янада тўлиқ таъминланди, апелляция ва кассация инстанцияси ислоҳ қилинди, прокурорнинг суддан кўрилган ишларни чақириб олиш ва талаб қилиб олиш ваколати ўзгартирилди, адвокат бўлиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талаби бекор қилинди, вилоятлар миқёсидаги судлар бирлаштирилиб, ягона судлар ташкил этилди.

Онлайн видеоконференц алоқа ёрдамида ташкил этилган йиғилишда мазкур соҳа бўйича ўз ечимини кутаётган масалалар етарли эканлигига ҳам тўхталиб ўтишди. Жумладан, ҳозирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ишларининг тахминан 75% судлар, қолган 25% эса 30 га яқин ижро ҳокимияти органлари томонидан кўрилади.

Одил судловни таъминлаш мақсадида суд муҳокамаси шаффоф ва холис ўтказилади, объектив ва субъектив сабаблари ўрганилади. Жойларда ижро ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари эса бу ҳолатларни ўрганмасдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминламай, идора манфаатидан келиб чиқиб, катта суммадаги жарима чорасини қўллаш ҳақида қарор қабул қилишмоқда.

Шу боисдан ҳудудлардан сўзга чиққан партия экспертлари ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ барча ишларни кўришни жиноят ишлари бўйича суд ваколатига ўтказишни истисно тариқасида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий судлар иш кўраётган суд жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликни ўша суд томонидан жойида кўриш тартибини белгилаш масаласи кўтарилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда видео-фото тасвирга тушган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳам Йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан баённома расмийлаштириб, ҳужжатларни жиноят ишлари бўйича судга кўриб чиқиш учун юбориш мақсадга муфовиқ.

Партия экспертлари томонидан йўл ҳаракати билан боғлиқ қатор вазиятларни ҳам қайта кўриб чиқиш зарурати вужудга келаётганини таъкидлашди. Бунда халқаро ва Республика аҳамиятидаги автомагистрал йўлларда тақиқловчи белгиларни камайтириш, тезлик чегарасини 120 км/соат, аҳоли пунктида эса 90 км/соат деб белгилашни, йўл белгиларини маҳаллий Кенгаш қарори билан ўрнатиш таклифи ўртага ташланди. Боиси сўнгги пайтларда маҳаллий Кенгаш депутатлари жойлардаги энг муҳим масалаларга оид қарорларни қабул қилишмоқда. Ушбу масала ҳам жамоатчиликка берилиши тизимга шаффофликни олиб келади.

Аҳоли саломатлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар таъсирида транспорт воситаларини бошқаргани учун хорижий тажрибадан келиб чиқиб, йўл транспорт ҳодисаси оқибатига қараб, оғирроқ жазо чораси белгилаш таклифи ҳам илгари сурилди.

Шу масала билан ҳамоҳанг равишда айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари ҳамон оғирлигича қолаётгани танқид қилинди. Жиноят кодекси бўйича жазо чоралари либераллаштирилаётганда ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори кўпайтирилиб жазо кучайтирилмоқда. Масалан, автомашиналарнинг йўл четида тўхташи учун умуман шароит яратилмаган, лекин тўхташ ҳолати қайд этилса, бугунги кунда 669000 сўм (базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида) жарима тўланади. Бу ўз навбатида фуқароларимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга, давлатга бўлган салбий муносабатини шакллантиришга сабаб бўлмоқда.

Муҳокамалар жараёнида партия суд-ҳуқуқ соҳасига оид ташаббуслари кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди. Ушбу соҳа мутахассислари томонидан ўртага ташланган таклифлар таҳлил этилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+