Маънавият устун бўлса, иқтисодий ривожланиш барқарор бўлади

06.02.2021 09:02:46

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раислигида юртимизда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди ва унда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, умуман маънавият соҳаси танқидий-таҳлилий руҳда қайта кўриб чиқилди.

         Видеоселектор йиғилишида жорий йилдан бошлаб маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш, бу йўналиш бўйича етук кадрлар тайёрлаш бўйича берилган топшириқлар ҳам миллий ғуруримизни янада кўтариб юборди. Негаки, бунинг алоҳида фан сифатида ўқитилиши юксак маънавиятли халқни камол топтиришда, тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Айни вақтда бутун дунёда ҳукм сураётган кескин глобаллашув, рақобат, манфаатлар тўқнашуви миллий ўзлик ва маънавий қадриятларни миллатга, халққа, ёш авлодга чуқур сингдириш заруратини тақозо этмоқда. Бундай кунда бепарволик ва лоқайдликка асло йўл қўймаслик даркор. Бунинг учун эса муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш лозим.

Дарҳақиқат, халқаро майдонда ғоявий курашлар кучайиб бораётган бир пайтда маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий  майдонда ғоявий  хуружлардан ҳимоя қилиш, ён атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш долзарбдир.

Шунингдек, мамлакатимиз мустақиллиги, осойишталигига хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси маънавият соҳасидаги ишларни жиддий назоратга олишни тақозо этмоқда.

       Мамлакатимизда халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодиётини ривожлантириш, янги Ўзбекистонни янгича тамойиллар билан барпо этиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Лекин, “...Янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси-бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси-аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”,-деди Президентимиз.

Йиғилишда “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”,-деди давлатимиз раҳбари. Шу маънода, тана ҳеч қачон руҳсиз бир бутун бўлолмаганидек, маънавиятсиз, таълим-тарбиясиз ҳам иқтисодий ривожланишга эришиб бўлмайди. Мустақил, теран фикрга эга, ўтмишда юксак эътиқоди бор миллатгина эзгулик, тараққиёт йўлида ғоялари муштарак ҳолда ривожлана олади. Маънавий бирлашуви билан юксалган халқни эса ҳеч қандай ёт ғоя ўз домига торта олмайди.

Мазкур йиғилишда том маънода янги бир босқич-бизнинг ватанимизнинг, миллатимизнинг  эртанги кунини келажагини белгилаб беради деб айта оламиз. Энг муҳими, бизнинг зиёлиларимиз бунда етакчи кучга айланиши айтиб ўтилди. Бугунги кунда замон ривожланиб бормоқда. Ҳаёт жуда катта шиддат билан давом этяпти. Замонамизнинг ҳар бир талабига жавоб бера оладиган, бардош бера оладиган воситаларни ишлаб чиқиш зарурати туғилмоқда. Мени қувонтиргани шуки, Президентимизнинг ўз нутқида  “Маънавий ҳаёт”, “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”  журналларига алоҳида эътибор қилиш ва ушбу журналларни мактабларга, олий ўқув юртларига, ёшларга етказиш, уларни маънавият ишлари билан шуғуллантириш  масаласини қўйди. Бу эса ёшларнинг дунёқараши кенгайишида жуда катта эътибордир, деб ўйлайман. Энг муҳими, бу ишлар асносида журналлар билан фақатгина уларни таништириш эмас, балки уларнинг онгу шуурига шу йўл билан маънавиятни сингдиришдир.

 

Сардорбек ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мутахассиси,

Термиз давлат университети

Ижтимоий гуманитар фанларни ўқитиш методикаси

“Маънавият асослари” таълим йўналиши 1-курс магистранти

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+