Мақсад - чуқур билим ва юксак салоҳиятга эга бўлиш

13.03.2020 13:03:22

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан  Қарши муҳандислик-иқтисодиёт  институтида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатларининг ўқуви ташкил этилди. Унда 67 нафар маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўқувда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ўрганиш бўйича партия вилоят Кенгаши раиси Рўйиддин Раупов маъруза қилди.

Нотиқ Мурожаатноманинг мамлакатимиз тараққиётидаги  ўрни  ва аҳамияти хусусида сўз юритди.

-Мурожаатномани чуқур ўрганиш, унда акс этган ҳаётий ғоялар ва вазифаларни барча юртдошларимизга  етказиш ҳар биримизнинг, айниқса, биз партия фаоллари, депутатларнинг муҳим ишига айланмоғи лозим,-деди партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати  Рўйиддин Раупов - Биз Президентимизнинг рақамли иқтисодиётни  янада ривожлантириш юзасидан билдирган фикр-мулоҳазаларини, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастуридаги вазифаларга мувофиқлигини ва уни қўллаб-қувватлаган ҳолда ижросини таъминлашда фаол иштирок этишимиз лозим. Айниқса, муҳтарам юртбошимизнинг мамлакатимиз истиқболига дахлдор, тараққиётимизнинг муҳим жабҳаларидан  бири бўлиши кутилаётган соҳа ахборот технологиялари  ва инновациядан фойдаланиш масаласи ҳақида жонкуярлик билан билдирган фикрлари барчамиз учун дастуриламал бўлмоғи зарур.

Ўқувда фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари  Даврон Кесимовнинг  “Депутат ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва  ваколатлари”,   партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориеванинг  “Депутатнинг сайловчилар билан, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия билан олиб борадиган ишлари тўғрисида”, партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Гулноза Раджабованинг “Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат ҳар бир инсон учун” номли Сайловолди дастури йўналишларининг мазмун-моҳиятини ўрганиш” мавзуидаги маърузалари ҳам тингланди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатлари депутат сўрови тайёрлаш, доимий комиссияга, сессияга масала тайёрлаш билан бирга сиёсий куч  лойиҳалари юзасидан ҳам партия вилоят Кенгаши масъулларидан амалий машғулотлар орқали етарли кўникмаларга эга бўлдилар.

Умуман олганда, ўқувда партиянинг ҳар бир депутати, фаоли бугунги шиддаткор давр сиёсий жараёнлардан, ислоҳотлар давомийлигидан хабардор, янгиланишлар  моҳиятини теран англайдиган бўлмоғи лозимлиги таъкидланди. Бундай ўқувлар депутатлар ва фаоллар билимини бойитиши билан  бир қаторда Ўзбекистон “Адолат” СДП ғояларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этишда ҳар  томонлама асқотиши қайд этилди.                                         

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё

                                                     вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+