Мақсад халқнинг орзу истагини рўёбга чиқариш

10.06.2020 11:06:53

Депутат – энг аввало халқ вакили. Том маънода у ўз қонунчилик фаолияти орқали ўзининг сайлов округида  шахсий ибрати билан ҳақиқий халқ вакилига айланиши мумкин.  Шунинг учун ҳам депутатнинг халқнинг ишончини қозонишда сайловолди дастурининг ўрни катта. Шу нуқтаи назардан, сайловолди дастурида энг аввало, округдаги маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг давлатга, адолат ва қонунларга ишончини мустаҳкамлашга йўналтирилган халқ манфаатларини ифода этувчи ислоҳотларни тарғиб қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига аҳолининг яшаш даражасини яхшилашга қаратилган аниқ таклифлар киритиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни бартараф этишда жонбозлик кўрсатиш каби вазифаларни белгилаб олиб, асосий эътиборимни одамлар билан мулоқот ўтказишга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратиб келмоқдаман.

Шундан келиб чиқиб, сайлов округидаги “Ғафур Ғулом” МФЙга қарашли Абу Бакр Наршахий, Тамхид, Хўжа Муйин Фархунда, Алмалиқ, Ғафур Ғулом кўчалари, “Хўжа Абду Дарун” МФЙга қарашли М.Ражабов, Беруний кўчаси пр 1 ва 2 кўчаларидаги  йўллар яроқсиз ҳолга келганлиги муаммосини бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ўрганиб чиқилди. Мазкур масала манзилли дастурга киритилиб, ижроси устидан назорат ўрнатилди. “Сўзангарон”, “Қўшчинор”, “А.Қаҳҳор”, “Чашма”, “Садриддин Айний”, “Халфа Иброҳим”, “Хўжа Абду Дарун”, “Ғафур Ғулом” МФЙларида Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг 5-сессиясида берилган топшириқлар, сессияда қабул қилинган қарорлар ижроси ҳамда карантин тартиб-қоидалари бўйича МФЙ мутассади ходимлари билан суҳбат ўтказдим. МФЙлардаги камбағал оилаларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларда меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини иш билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.

Округдаги 8 та МФЙда жами 166 нафар камбағал оилалар бўлиб, май ойи давомида камбағалликдан чиқариш, иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 24 нафар фуқаро маҳалла кошида ташкил этилган жамоатчилик ишига, 8 нафари новвойга шогирд, 9 нафари дурадгорлик, 4 нафари курьер, 12 нафари тикувчилик, 2 нафари Самарқанд “SAG” корхонасига, 1 нафар фуқаро вилоят Онкология шифохонасига ишга жойлаштирилди. “Sam Sity”да ишлаш истагини билдирган фуқаролар рўйхати шакллантирилди. 8 нафар фуқароларга банк ходимлари томонидан кредитлар ажратилди ва уларга тикув машинаси, нон маҳсулотлари учун электр печка, нусха кўчириш аппарати, парранда ва қўй олиб берилди.

Жорий йилнинг 14 май куни кучли ёғингарчилик ва сел кетиш оқибатида “Қўшчинор”, “Сўзангарон” ва “Садриддин Айний”, “Абдулла Қаҳҳор” МФЙга қарашли сув босган кўчалардаги сувларни чиқариб ташлаш учун тегишли ташкилотлар ёрдами ташкил этилди. “Садриддин Айний” маҳалласи Садриддин Айний кўчаси 74-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Тўйчиева Роҳиланинг 2004 йилда туғилган, гидроцефалия касаллиги билан касалланган туғма ногирон фарзанди Тўйчиев Исроилга нафақа пули ажратиш масаласи юзасидан 12-оилавий поликлиника бош шифокори билан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш юзасидан келишиб олинди.

Шунингдек, сайловчиларни ўйлантираётган муҳим муаммоларни ҳал қилиш мақсадида 2020 йилнинг бугунги кунига қадар 18 та депутатлик сўрови билан турли ташкилотларга мурожаат қилдим. Жумладан, шаҳардаги “Хўжа Абду Дарун” МФЙга қарашли Беруний кўчаси, “Садриддин Айний” МФЙга қарашли Абдулла Тўқай  кўчасининг 300 метр қисмида канализация ўтказиш, “Чашма” МФЙга қарашли Хўжа Дониёрбек кўчасидаги  350 метр сув қувури яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли ичимлик суви муаммоси, Садриддин Айний, Қўшчинор, “Абдулла Қаҳҳор” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли бир қатор кўчаларда (Ориф Икромий, Миродилов, Душанбе, Термиз кўчаларида) ирригация тармоқлари талабга жавоб бермаганлиги сабабли кучли сел ва ёғингарчилик вақтида сув тошқинларини юзага келтириб, аҳоли хонадонларига зарар етказаётганлиги хусусида келиб чиққан муаммони бартараф этиш мақсадида шаҳар ҳокими, 2-сектор раҳбари, шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўровлари билан мурожаат қилдим ва бугунги кунда мазкур муаммони бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

2020 йилнинг март-май ойлари давомида бир неча маротаба кучли сел ва ёғингарчилик бўлганлиги натижасида округдаги “Садриддин Айний”, “Қўшчинор” маҳаллаларида истиқомат қиладиган 20 дан ортиқ аҳоли хонадонлари зарар кўрди, баъзи хонадонлар ўта яроқсиз ҳолатга келди. Ушбу хонадонларни таъмирлаш, керакли қурилиш материаллари билан таъминлаш лозим. Албатта, ушбу масала шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Ўйлайманки, тез кунларда ижобий натижага эришамиз.

Яна бир муаммо,  бу “Абдулла Қаҳҳор” маҳалла фуқаролар йиғинидан оқиб ўтувчи катта ариқ масаласи.  Йиллар давомида ушбу ариқ устидан аҳоли томонидан уй-жойлар қурилган бўлиб, ариқ йўлини очиш жуда катта муаммо бўлиб турибди. Мазкур масала юзасидан тегишли ташкилот мутахассислари билан жойларда ўрганиш олиб бордик. Мавжуд муаммони бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасида депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли эканлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни депутатга мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши зарурлиги белгилаб қўйилганлигига қарамай, баъзи мутасадди идоралар томонидан депутатларнинг қонуний мурожаатлари – депутатлик сўровларига панжа орасидан қараб, эътиборсизлик билан ёндашаётган, юзаки маълумотлар тақдим этаётган ёки умуман беписандлик билан ҳеч қандай муносабат билдирилмаётган ҳолатларнинг учраб тургани ачинарли ҳол.

Хусусан, жорий йилнинг март ойида шаҳардаги “Халфа Иброҳим”, “Ғофур Ғулом”, “Абдулла Қаҳҳор” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли кўчалардаги сим ёғочларнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги сабабли аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, юз бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шаҳар электр тармоқлари корхонасига бир неча маротаба депутатлик сўрови жўнатилганига қарамай, бугунги кунга қадар ҳеч қандай муносабат билдирилмаган бўлса, жорий йилнинг февраль ойида шаҳардаги “Чашма” маҳалла фуқаролари йиғинига қарашли Хўжа Дониёрбек кўчасидаги ичимлик суви қувури муаммоси юзасидан “Сувоқава” ДУК  Самарқанд шаҳар филиалига юборилган депутатлик сўровига, мазкур ташкилот томонидан сув қувуридаги носозлик жорий йилнинг апрель-май ойида тўлиқ бартараф этилиши маълум қилиниб жавоб хати юборилган. Аммо, ҳанузгача масала ечими устида ҳеч қандай амалий иш бажарилмаган.

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+