Мақсад - очиқлик ва шаффофликни таъминлаш

28.01.2021 13:01:36

Мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини  кафолатлаш, сайловолди жараёни ҳамда сайловда қонун устуворлиги ва қонунийликка сўзсиз риоя этилиши, аҳоли кенг қатламининг ўз фуқаролик позициясини намоён қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Шундай бўлсад-да, ҳозирги давр мамлакатлар ва халқлар олдига кутилмаган вазифалар, долзарб муаммолар қўймоқдаки, буларнинг барчаси миллий сайлов қонунчилигини ҳам мунтазам такомиллаштириб боришни тақозо этади. Бу жараёнда айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш лозим бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни шундай муҳим ҳужжатлардан бири бўлди деб ўйлайман.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги конституциявий қонун, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонун ва Сайлов кодексларига ўзгартиришлар киритилиши белгиланди.

Хусусан, Сайлов кодексига киритилаётган ўзгаришлар сайлов жараёнининг демократик принцип асосида ўтказишга қаратилган бўлса, Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгаришлар эса сиёсий партияларнинг сайловлардаги фаолиятини молиялаштиришга қаратилган. Мақсад битта – сайловлар жараёнини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашдан иборат.

Ҳаммамиз яхши биламиз, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Лекин декабрь ойи қиш мавсумига тўғри келиши сабабли сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш ва унда сайловчиларни жалб этишда қатор ноқулайликлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган эди.

Шу жиҳатдан, қонун лойиҳасида сайловларни октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу эса фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олиш билан бир қаторда, кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар вужудга келишига хизмат қилади. Бошқача айтганда, сайловнинг октябрь ойида ўтказилиши Ўзбекистоннинг дунёга юз тутаётгани, халқаро экспертларни сайловларда иштирокини таъминлашга кенг йўл очаётганининг яққол ифодасидир.

Мухтасар айтганда, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилишга замин яратишига асос бўла олади.

Назокат ХИДИРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+