Мақсадимиз – бемор болажонлар дардига малҳам бўлиш

04.12.2020 19:12:08

Карантин вақтида донорлар сони кескин камайди ва оғир беморларга, айниқса болажонлар учун донорлик қони зарур.

Шу муносабат билан Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги қон қуйиш марказларида партиянинг “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда.

Донорлик акцияси Хоразм воҳасида ҳам бугун соат 8:00 да вилоят қон қуйиш марказида бошланди. Акцияда партия фаоллари, депутатлари, хайрихоҳлари, кўнгиллилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишмоқда. Донорлик қилган юртдошларимиз қон топширганлик тўғрисидаги маълумотларни кўп тармоқли вилоят болалар шифохонаси Гематология бўлимида даволанаётган бемор болажонларнинг ота-оналарига самимий кўмак сифатида тақдим этишмоқда.

Мунаввар Машарипова, бемор 6 ёшли Долар Самандаровнинг бувиси:

-Қонга мухтож бўлиб турган бир пайтда “Адолат” СДП фаоллари томонидан беғараз қон олиб келишди. Оғиримизни енгил қилган ташкилотчиларга раҳмат.  Саховатпеша юртдошларимиз омон бўлишсин. Бундай имкониятларни яратиб берган давлатимиздан, ширинсўз, жонкуяр шифокорлардан миннатдормиз.

Жажжи болажон Долар шифокорларга бағишлаб айтган шеъри барчада катта таассурот қолдирди.

Рустам Болтаев, партиянинг Урганч шаҳар Кенгаши раиси;

– Партия ташаббуси билан қон қуйиш марказида беғараз донорлик акцияси ташкил этилиб келинаётгани юртдошларимиз томонидан илиқ кутиб олинмоқда. Бу хайрли ишга  мен ҳам донор сифатида ҳар сафар  ҳисса қўшаётганимдан хурсандман. Дўстларим, яқинларимни ҳам бу хайрли ишга ундадим. Бизнинг ҳам беғараз ёрдамимиз жажжи болажонларнинг дардига шифо бўлса мақсадимиз амалга ошган бўлади.

Воҳамизда акция давом этмоқда.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+