Мақсадимиз чуқур билим ва  юксак салоҳиятга эга ёшларни тарбиялаш

17.02.2021 19:02:34

Мамлакатни инновацион ривожлантириш стратегияси ва механизмлари унда яратилган интеллектуал ва илмий-техникавий салоҳиятдан самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ  бўлиб, таълим тизими негизида келажак авлод тақдири, давлат ва халқ манфаатлари мужассам. Ҳар қандай давлатнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган нуфузи унинг интеллектуал камолоти билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, дейилган. Мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётида истеъдодли, фидойи ижодкор ёшлар муҳим ўрин тутади. Ёшлар муаммони ўртага ташлаш, уни ҳар томонлама ўрганиш, муаммонинг келиб чиқиш сабаб ва оқибатларини мушоҳада қилиш, муаммо устида мустақил фикр юритиш, муаммони ечишнинг турли имкониятларини таҳлил қилиш ва уни ечишнинг энг мақбул йўлини топишга қодир бўлишлари учун уларда ижодий тафаккур ва креативликни камол топтириш муҳим аҳамият касб этади. Инсон ижоднинг қайси соҳасида фаолият олиб боришидан қатъи назар, ижодий тафаккурга эҳтиёж сезади. Бугунги кунда ижодкор учун барча шароит муҳайё, компьютер технологияси асосида ҳар қандай тажрибани моделлаштириш имкони бор, лекин Берунийлар, Ибн Синолар, Фаробийлар, Хоразмийлар, Бухорийлар, Термизийлар йўқ. Ваҳоланки, буюк мутафаккирлар машаққат ва қийинчиликка қарамай, интилишдан, изланишдан, ўқиш-ўрганишдан, ижоддан тўхтамаганлар.

Ёшларнинг пухта билим олиши, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш, уларнинг қобилият ва иқтидорини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, улар қалби онги ва шуурида Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини ривожлантириш зиёлилар олдига катта масъулият юклайди. Аждодлари буюк юртнинг авлодлари ҳам буюкликка лойиқ. Ёшлар нафақат ишончимиз ва келажагимиз, бугунги ва эртанги кунимизни ҳал қилувчи кучидир.

 

Аброр МАХМУДОВ,

Ғузор тумани 1-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси, партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+