Мақсадни тўғри ва аниқ қўйиш ишончли натижалар гаровидир

25.11.2019 18:11:18

 

Айни пайтда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказиладиган сайловга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бу йилги сайловлар “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтиши тарихий аҳамият касб этиши билан аҳамиятлидир. Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида бўлажак сайловларда депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилиши қатъий белгилаб қўйилганлиги ҳар бир партияга катта ҳуқуқ ва имконият бериши билан бирга юксак масъулият ҳам юклайди. Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўладиган сайловлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа бўлиб, ушбу жараён партиямиз учун ҳам катта сиёсий мактаб бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Бугунги кунда партиямизнинг  ғоя ва дастурларини амалга ошириш, сайловларда тенглик, очиқлик ва холислик тамойиллари асосида фаол иштирок этиб, парламент, маҳаллий вакиллик органларида ўз фракция ва партиявий гуруҳларимизни шакллантириш ҳамда мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш учун барча қонуний асослар яратилган. Ижобий маънодаги кураш вазифасини ўтовчи бу жараёнда кимнинг қўли баланд келади, деган саволга жавоб топишдан аввал ортга бир назар ташлаш лозим. Чунки биргина бугунги тарғибот тадбирлари ёки сайловолди дастуримизда жамият ривожи учун хизмат қиладиган долзарб вазифаларни кўтариб чиқиш билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бу ҳар бир сиёсий партиянинг жамиятда қандай ўрин эгаллагани ва электорати ишончини қозонганлиги билан боғлиқ. Қолаверса, партия фаоллари ва унинг ишончли вакили бўлган маҳаллий кенгаш депутатларининг зиммасига юклатилган вазифани қанчалик  бажараётгани катта аҳамиятга эга.

Президентимиз Шавкат  Мирзиёев 2017 йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг раҳбарлари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ишида сусткашлик кузатилаётган, жонбозлик ва фидойилик етишмаётган сиёсий партияларга мурожаат қилди. Маърузадаги “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”, деган сўзлар биз партия фаолларини сиёсий майдонга олиб чиқди. Ҳудудларда ислоҳотларни амалга ошириш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш олдимиздаги энг долзарб вазифага айланди. Одамлар билан мулоқот ўтказишга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга  эътибор ортди.

Партиямиз ўз фаолиятини 2014 йилда бўлиб ўтган сайловлар натижасида йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил этишдан ва уларни қайтармаслик чораларини олдиндан кўришдан бошлади. Жорий йилнинг 25 октябрь куни вилоят партия Кенгашининг VIII Конференцияси ўтказилди. Ушбу Конференцияда сайловдан-сайловгача вақт мобайнида амалга оширилган ишлар таҳлилий-танқидий муҳокама қилинди. Жумладан,  “Адолат” социал-демократик партияси ўз фаолиятини 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрь кунидаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, шунингдек, партиянинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” сайловолди дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича  мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастури   асосида олиб борди.

2014-2019 йилларда  партиянинг дастурий вазифаларини амалга оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда, партия электорати ва аҳолининг кенг қатлами билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилиб, уларни қийнаётган, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда, барча даражадаги депутатлик корпусларининг ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйди. Бунда айниқса “Фракция – марказ – вилоят – туман” концепцияси ўзининг ижобий самарасини берди. Шу билан бирга, партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш ва тўлиқ таъминлаш, партия фаолларининг сиёсий билимлари ва фаоллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

2014 йилда жами аъзолар сони 12500 нафар бўлган бўлса, бугунги кунга келиб партия аъзолари сони 29123 нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 41623 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса
303 тага ўсиб, 714 тани ташкил қилди. Бунда айниқса, партия аъзолари ҳисобини юритувчи махсус электрон дастур яратилганлиги, натижада БПТ ва туман, шаҳар Кенгашлари билан маълумот алмашиш тизимининг осонлаштирилгани ҳудудлар фаолиятини доимий мониторинг қилиб бориш, уларнинг фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш имконини яратди.

Барча туман, шаҳар Кенгашлари томонидан мафкуравий йўналишда амалга оширилган ишлар мониторинги юритилиб, улар асосида Кенгашларнинг мафкуравий фаолияти мувофиқлаштирилди, амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасидаги амалий ишларга кўпроқ эътибор қаратилди. Ўтган давр мобайнида партия ишчи гуруҳлари томонидан 1048 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ўрганилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 3040 та мурожаатлар келиб тушиб, улар юзасидан 882 та мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада, 744 дан ортиқ масала ўз ижобий ечимини топди. 900 дан ортиқ мурожаатлар мутасадди органларни жалб этиш орқали жойида ҳал этилди. Мингга яқин мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди.

Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган халқчил сиёсат, қабул қилинаётган қарор ва қонунларнинг мазмун-моҳиятини оддий фуқарога етказиш мақсадида партиямиздан кўнгилли лекторлар гуруҳлари томонидан, жами 3489 маротаба сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, 66279 нафар иштирокчилар қамраб олинди. Шунингдек, мамлакатимиз келажагини ҳар томонлама уйғун ривожланган баркамол авлод қўлида деб биладиган партиямиз ёшлар масаласида амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган, ёшларга қаратилган партиявий лойиҳалар доирасида жами 667  та тадбирлар ўтказди. Улардан: партиянинг Дастурий вазифалар тарғибот тадбирлари 182  та, сиёсий-ҳуқуқий йўналишдаги тадбирлар 179 та,  маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирлар 134 та, ёшлар бандлигини таъминлаш йўналишидаги тадбирлар 47 та, ўқувлар ва семинарлар сони 39 та, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва спорт йўналишидаги 86 та тадбирлар бўлиб, ўтказилган тадбирларда 32 минг нафар иштирокчи қамраб олинди. Шу билан бир қаторда, вилоятдаги кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, туман, шаҳар тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда жойларда фуқароларга тиббий кўриклар ташкил этилди. “Бор меҳримиз сенга, болажан!” шиори остида донорлик акцияси ўтказилди ва 450 дан зиёд донорларимиз томонидан бемор ётган болажонларга ёрдам берилди. Уйда таҳсил олаётган 150 га яқин ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги бўлган болаларга ҳомийлар ёрдамида турли хилдаги дори-дармонлар, кийим-кечаклар, ногиронлик аравачалари берилди. Жомбой туманида 12 нафар кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун хатна тўйлари ўтказилди.      

Партия депутатлари ташаббуси билан маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари сессияларида мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари жами 40 та, Халқ депутатлари шаҳар, туманлар Кенгашлари сессияларида сафдошларимиз долзарб муаммолар юзасидан 68 та, доимий комиссиялар мажлисларида 120 та масала кўриб чиқилишига эришдилар. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида тушган муаммолар юзасидан тегишли ижро органларига1876 та депутатлик сўровлари чиқарилиб, муаммолар  бартараф этилишига эришилди. Шу орқали аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганиб, ижобий ечим топишда кўмаклашилди.

Жумладан, партиямиз лойиҳалари доирасида депутатлик гуруҳлари томонидан аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати, аҳоли турар жойлари ҳамда муассасаларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, ички йўллар масалалари, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, тиббий хизматнинг аҳволи, дори-дармонлар билан таъминланганлиги, манту синамасининг ўтказилиши ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини мактабга сифатли тайёрлашнинг ҳолати, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларининг жорий этилиши, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларида ясситовонлик ва сколиоз касалликларининг олдини олиш, ушбу касаллик ташхиси қўйилган болаларни даволаш ишларида самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатишга эътибор қаратилди.  Ўтган беш йил ичида партия фракция аъзолари 43 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар. Шулардан 9 таси яхлит қонунлар бўлса, 34 таси мавжуд қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан иборат бўлди.   “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Конституциявий суд тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Яйловлар тўғрисида”ги каби яхлит Қонунлар шулар жумласидандир.

Барчамизга маълумки, сўнги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга иқтидор ва қобилятларини руёбга чиқариш учун кенг имконият ва шароитлар яратиб берилмоқда, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинмоқда. Бу ўз навбатида “Адолат” СДП Самарқанд  вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” зиммасига бир қатор вазифаларни юклаб, масъулиятини оширишни талаб қилмоқда. “Адолат” СДП аъзолигига хотин-қизлар сонининг жорий йилдаги ўсиш кўрсаткичлари яхшиланди. Бугунги кунга келиб жами партия аъзоларининг 10532 нафари, яъни 25,3 фоизини ёшлар, 22075 нафари, яъни 53 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

 Аёллар ва ёшлар йўналишда “Адолатли қайнона”, “Адолат маликаси”, “Адолат билимдони”, “Партиянинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловлари барча туман, шаҳар Кенгашлари томонидан ўтказилиб, республика босқичида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Тайлоқ туманидан иштирок этган партиядошларимиз кетма-кет фахрли биринчи ўринга сазовор бўлишди. 

Албатта, партиямиз олдида  турган муҳим вазифа – эришилган ютуқлар билан қаноатланиб қолмай, олдинга қараб интилиш, янги юксак марраларни эгаллашни давом эттириш, халқимизнинг меҳнатсеварлик, ишбилармонлик қобилиятидан янада унумли фойдаланиш, иқтисодиётимизни янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларини давом эттириш ва чуқурлаштириш, ҳаётимиз даражаси ва сифатини изчил ошириб боришни таъминлаш, тенглар ичида тенг бўлиб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашдир.     

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+