Мақсуд Қурбонбоев: Инсоният тараққиёти учун хизмат қилувчи саммит

16.10.2019 21:10:24

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва очиқ ташқи сиёсат борасида олиб бораётган ташаббуслари туфайли кейинги йилларда Ўзбекистоннинг хайрихоҳлари кўпайди. Бошқа мамлакатлар билан бутунлай янги сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди.

Халқаро майдонда бундан ўн йил олдин ташкил этилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг бугунги кунда тобора нуфузи ошиб бормоқда. Ушбу кенгашнинг жорий йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи саммитида Ўзбекистон илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши мамлакатимиз учун ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик доирасидаги янги қадам бўлди.

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг мазкур кенгашга аъзо давлатлар билан алоқалари мустаҳкамланиб, улар ўртасида юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Президентимиз 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштирок этиб, саммитда халқларимизни азалдан ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида ўзаро манфаатли шериклик учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлар экан, бу борадаги асосий йўналишларга тўхталиб, бир қанча муҳим ташаббусларни илгари сурган эди.

Ушбу ташаббуслар доирасида мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг 5 октябрида Тошкентда Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши бизнес форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Венгриядан
500 дан зиёд тадбиркор қатнашди.

Президентимизнинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган саммитдаги иштироки Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги йўналиш очилиши билан бига, мамлакатимиз Марказий Осиё ва ундан кенгроқ минтақада фаолият кўрсатаётган яна бир йирик халқаро ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишига замин яратди.

Ушбу саммитда ҳам давлатимиз раҳбари қатор таклифларни илгари сургани бу нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзаро манфаатли алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Хусусан, мамлакатимиз раҳбарининг тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри, ишончли алоқалар ўрнатиш учун энг қулай шароитлар яратиб беришни устувор вазифа сифатида билдирган таклифини ушбу соҳадаги муҳим стратегия сифтида баҳолаш мумкин.

Шунингдек, йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш Марказий Осиё – Туркия транспорт йўлаги орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун салмоқли имкониятлар яратишини, “Боку – Тбилиси – Карс” янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлагани бу ҳамкорлик давлатлари ўртасида янада қулай шароитларни яратишидан далолатдир.

Айниқса, ташқи савдо юкларини ташишда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар учун ўзаро келишилган чегирма ва имтиёзларни қўллаш масаласини кўриб чиқиши таклифи ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради, дейиш мумкин.

Шунингдек, Туркий кенгаш доирасида Ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш ва унинг биринчи йиғилишини келаси йилда Ўзбекистонда ўтказиш таклифи бу кенгашга аъзо мамлакатлар аҳолисининг 40 фоизидан ортиғини ташкил этаётган ёшларнинг мақсадли ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда стратегик режаларни тизимли равишда амалга оширишга асос бўлади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги йўналиш очилди, мамлакатимиз Марказий Осиё ва ундан кенроқ минтақада фаолият кўрсатаётган яна бир йирик халқаро ташкилотнинг тенг хуқуқли аъзоси бўлди. Қўшни ва қардош мамлакатлар билан дўстона алоқалари қўшимча воситалар билан мустаҳкамланди. Буларнинг барчаси ўзаро ҳурмат, дўстона ва ишочли қўшничилик алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган Ўзбекистоннинг ҳозирги очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсатини илгари суришда қўшимча омил бўлиб хизмат қилади. Зеро, тили бир, дини бир, тарихи ва қадриятлари муштарак мамлакатларнинг яқин ҳамкорлиги дунё тараққиёти, инсоният манфаати учун хизмат қилиши шубҳасиздир.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+