Масофавий таълимни қўллашда тўсиқлар учрамоқда

04.04.2020 15:04:18

Ўзбекистонда карантин эълон қилинганлиги сабабли барча мактаблар ва олий таълим муассасалари ўз фаолиятини масофавий таълим шаклига ўтказишга тўғри келди. Бу борада 6.1 миллион ўқувчиси бўлган Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда видеодарсларни намойиш этишни бошлади. Дарсларни тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун ота-оналар масъуллиги таъкидланди.

Олий таълим вазирлиги томонидан масофавий таълим платформалари (tube.edu.uz, dist.edu.uz, moodle), you tube видеохостинг ва телеграм ижтимоий тармоғи орқали йўлга қуйилган. Профессор-ўқитувчилар томонидан юқорида келтирилган ресурслар тўлдириб борилмоқда.

Covid-19 пандемиянинг тарқалиши бир қатор соҳалар каби таълим соҳасидаги муаммо ва камчиликларни ҳам юзага чиқарди. Афсуски, шу кунга қадар республикамизнинг бир қатор таълим муассасаларида анъанавий таълим тизими қўлланиб келингани қисқа вақт оралиғида янги тизим орқали ишлашда муаммоларни юзага келтирмоқда.

Биринчидан, масофавий таълим хақида кўп гапирилган бўлишига қарамасдан бу борадаги электрон манбалар миқдори етарли эмаслиги, таълим ресурсларига жойланаётган материаллар асосан умумкасбий фанлардан бўлиб, мутахассислик фанларидан маълумотлар талабаларнинг эҳтиёжларини тўлиқ қамраб олмаётгани аниқланди.

Иккинчидан, электрон таълим платформаларини жойлаш ва фойдаланиш учун техник имкониятларнинг пастлиги. Яъни, масофавий таълим жараёнида бир вақтнинг ўзида 400 минг талаба  мурожаатларини серверлар таъминлаб бериши имконияти йўқ.

Учинчидан, талабалар асосан, республиканинг турли вилоятларидан бўлиб, уларнинг барчасида компьютер технологиялари,  юқори тезликдаги интернет ва мобил интернетдан фойдаланиш имкони мавжуд эмас. Катта ҳажмли (бир неча ўн ёки юз МБ) видео материалларини эса бир неча кун давомида сақлаб олиш зарур бўладиган интернет ҳам таълим сифатига салбий таъсир ўтказади.

Тўртинчидан, олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар томонидан охирги ўн йиллик давомида тайёрланган, хорижий тажриба билан бойитилган (3та тилда глоссарий яратилган) ўқув услубий мажмуалар (УМК) эса таълим даргоҳларининг жавонларида чанг босиб ётибди.

Бешинчидан, масофавий таълим тизимида талабаларнинг билимини баҳолашнинг самарали ва шаффофлигини камайтиради. Жорий ва оралиқ назорат синовларни ўтказиш жараёнида талабалар томонидан вазифалар шахсан бажарилишини назорат қилиш имкони мавжуд эмас. Бу борада компьютер технологияларини қўллаш, шахсий кабинетдан фойдаланиш, IP тизимини назорат этиш фақатгина муаммонинг бир қисмига ечим бўла олади холос.

Юқоридаги муаммоларнинг бир қисми  кредит-модуль тизимини жорий этиш орқали ечилиши мумкин. Қолган муаммоларни ечиш учун нафақат масофавий таълим тизимини, балки бу тизимни амалга ошириш механизмларидан бири бўлган ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш талаб этилади. Қўшимча тарзда ушбу тизим талабалар учун жорий этилаётганлиги сабабли фойдаланувчи талабалардан сўровномалар ўтказиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш талаб этилади.   

Юзага келган ҳозирги шароит масофавий таълим тизимини ислоҳ этиш учун қулай вазият бўлиб, ушбу тизимни карантиндан сўнг сиртқи ва кечки таълим шаклида таҳсил олувчи талабалар учун жорий этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро сиртқи таълимга бўлган эҳтиёж ошиши ва қўшни давлатлардан ўқишни кўчириш учун ариза берган аксарият талабалар ўқиши сиртқи йўналишга ўтказилгани бу шаклда таҳсил олаётган талабалар контингентини кескин ошишига олиб келди.

Масофавий таълим, билим ва тажрибага эга бўлган ҳар бир шахсга бошқалар билан ўз салоҳиятини бўлишиш учун имкон беради. Бу жараён таълим берувчи ва таълим олувчи учун манфаат келтириши зарур.   

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Қонунчилик палатасидаги

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+