Масъулият бор жойда ечимсиз муаммо бўлмайди

12.11.2019 17:11:15

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳудудларда халқ билан мулоқот қилиш, жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиб, таҳлил этиш ва тегишли хулосалар чиқариш мақсадида партия вакиллари аҳоли билан очиқ мулоқотлар олиб бормоқда.

Хусусан, партиянинг вилоят Кенгаши ҳамда Термиз туман Кенгаши фаолларидан иборат ишчи гуруҳи вакилларининг Термиз тумани аҳолиси билан мулоқотлари қизғин давом этди. Ишчи гуруҳ жойларда кенг аҳоли қатлами ҳаёт даражаси, турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, уларни қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалаларни ижобий ҳал этиш борасида етарлича чора-тадбирларни кўриб чиқмоқда.

Дастлабки ўрганишлар давомида аҳоли томонидан таълим муассасаларининг моддий-техник таъминоти, жумладан, дарсликлар, қўлланмалар, ўқув қуроллари ва жиҳозларнинг етишмаслиги, ички йўллар носозлиги, мактабда ичимлик суви йўқлиги, мактаб кутубхонасида дарсликлар ва бадиий адабиётлар етишмаслиги каби муаммолар кўтарилди. Шу асосда мутасаддилар иштирокида  мазкур масалаларни ҳал этиш чоралари ҳам кўриб чиқилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан тумандаги “Термиз” МФЙ ҳудудидаги 19-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўрганилганда бу ерда бир қатор муаммоларга дуч келинди. Ўқитувчилар билан суҳбат ўтказилганда мактабга борадиган ички йўллар носозлиги ҳамда мактабда тоза ичимлик суви йўқлиги маълум бўлди.  Бунинг устига илм масканидаги кутубхона дарсликлар, бадиий адабиётлар билан етарли таъминланмаганлиги аниқланди. Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Мўмин Раҳмонов мазкур муаммоларни атрофлича ўрганиб чиқиб, мактабга борадиган ички кўчаларни таъмирлатиш юзасидан туман Ободонлаштириш бўлими ҳамда умумтаълим мактабига ичимлик суви олиб келиш учун туман Сувоқова ишлаб чиқариш ва сотиш унитар корхонаси бошқармаси мутасаддиларига депутатлик сўрови юборди.

Олтиной Холбоева, Термиз туман 19-сонли умумтаълим мактаби директори:

-Мактабимиз ён атрофидаги ички кўчалар жуда носоз. Ёзда чанг, қишда лойгарчилик қийинчилик туғдиради. Ўзим бир неча маротаба мутасадди ташкилотларга мурожаат қилганман. Аммо амалий натижа йўқ. Бунинг устига ичимлик суви муаммоси кишини ўйлантиради. Қўшни маҳаллалардан сув ташиб келтирамиз. Бунга ҳам анча вақтимиз кетади. Мазкур муаммоларни ҳал қилиб бериш туман ҳокимлиги ва мутасаддиларнинг парвойига ҳам келмаяпти.

Шунингдек, жойларда халқ дардини эшитиш ва юзага келаётган камчиликларни бартараф этишга астойдил кўмаклашиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари ва депутатларимиз Узун туман “Обизаранг” маҳалла фуқаролар йиғини аъзолари билан ҳам мулоқот қилдилар. Учрашувларда МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар Ж.Саидов, З.Мухаммедов, Д.Олимов, В.Раҳмонова, У.Пардаевлар маҳаллада тоза ичимлик сувининг йўқлиги тўғрисида шикоят қилишиб, амалий ёрдам сўрашди. Мазкур мурожаат юзасидан халқ депутатлари Узун туман Кенгаши депутати  Н. Эрдонов  томонидан  туман Сувоқова ишлаб чиқариш ва сотиш унитар корхонасига депутатлик сўрови юборилди.

Ишчи гуруҳи аъзоларининг туманларда аҳолини қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар бўйича халқ билан мулоқотлари давом этмоқда.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+