Масъулият ҳиссига бўлган эҳтиёж

04.01.2021 10:01:50

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг навбатдаги Олий Мажлис палаталарига қилган мурожаатларини тинглар эканман, беихтиёр ХIV асрда яшаган тунислик файласуф, тарихчи олим Муҳаммад ибн Хаддуннинг тарих фани ҳақида айтган шундай сўзлари ёдимга тушди: “Тарих воқеа ва ҳодисаларни шахслар манфаатига мослаштирилишини қоралайди, унинг асосий вазифаси воқеа ва ҳодисалар кетма-кетлиги ҳамда уларнинг хусусиятларини одиллик билан тушунтиришдан иборатдир!»

Дарҳақиқат тарих инсон тафаккури ва ҳаётий тажрибаларининг маҳсули сифатида эртанги куннинг таянчи ҳамда истиқболини белгиловчи мезон ҳисобланади. Биз ҳам ўтган 30 йиллик тарихимизга назар солсак, сўқмоқлар равонликка, ирмоқлар уммонга қўшилгандек, гўё. Мустақилликка эришгач, қанча сўқмоқларни босиб ўтиб, ирмоқлар орқали дунё уммонига қўшилдик. Мажозий маънода бу даврни мамлакат яратиш, ёш боланинг оёққа туриб олиши, десак муболаға бўлмайди.

Бугунги глобаллашув ва сиёсий қарашлар ўзгараётган бир пайтда янги даврнинг кучли ислоҳотчиси сифатида майдонга чиққан Президентимиз Ш.М.Мирзиёев бошчилигида жамият ва давлат тараққиётининг янги босқичига ўтишимиз, ортда қолган яқин тарихимиздаги ютуқлардан, йўл қўйилган хатоларимиздан хулоса чиқариб, давр талабидан келиб чиқиб фикр юритишимиз лозим. Бунинг учун эса барчамизда кучли масъулият ҳисси бўлишлиги талаб этилади. Фақатгина масъулият муҳити ҳукм сурган жамиятда яшовчи инсонларгина Мурожаатномада акс этган ҳар бир сўзнинг залворини ҳис эта олади. Борди-ю белгилаб берилган вазифаларнинг қай биридан оғишилишига йўл қўйилса, занжир реакцияси узилиши рўй бериши мумкин. Шунинг учун чалғимаслик, қатъий йўлдан бориш ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамиятга эга.

Зотан, «Масъулият ҳисси юқори бўлган инсонларгина бошқа барча ҳис-туйғуларини ўзига ва жамиятга фойда келтирадиган даражада бошқара олади» деган фалсафий қарашларнинг реал ҳаётимиздаги ўрни беқиёсдир. Зеро, инсон ҳаётининг бирор бир дақиқаси йўқки, масъулият ҳиссининг мавжуд бўлиши талаб этилмаса. Хатто шунчаки, тоза хаво билан нафас олиш учун уйдан чиқишимизнинг ҳам ўзига хос масъулияти бўлади. (масалан, об-хавога қараб кийиниш, жой танлаш ва ҳ.к)

Бу фикрларни нотўғри деб инкор қилишнинг ўзи масъулиятсизликдир. Чунки, ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимизда масъулият ҳисси билан боғлиқ мисоллар талайгина. Масалан, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг халқ дардига малҳам бўлиш, уларни тинглаб, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш ғоялари ҳаётга кенг татбиқ этилиб, ҳар бир туман ва шаҳарларда «Халқ қабулхоналари» фаолият кўрсатмоқда, жойларда ишлаб чиқаришнинг янги объектлари қурилиб, мавжудлари модернизация қилинмоқда. Балиқчилик, чорва, паррандачилик, қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш мақсадида янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Аҳолини янги уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида қишлоқ ва шаҳарларда замонавий уйлар барпо этилмоқда. Тиббий хизмат кўрсатишнинг сифати ошаётганлиги сезилмоқда. Бу айниқса, пандемия даврида фуқароларимиз саломатлигини муҳофаза этишда яққол намоён бўлди. Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли муҳофаза этиш мақсадида суд, прокуратура, ички ишлар оррганлари ислоҳ қилинмоқда. Бугун ҳар бир инсон ўзига ўзи ватан учун, халқ учун нима қила олдик деган саволни бериши керак. Яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўз яшаш турмушимизни, оиламиздаги моддий-маънавий шароитларни ўзгартиришга муваффақ бўлдикми, дейиши лозим.

Баъзида юзага келишига ўзимиз сабабчи бўлаётган кундалик рўзғор муаммоларидан нолиймиз-у аммо уй-жойимиз, томорқаларимиз имкониятларидан фойдалана олиш зарур эканлигин ўйламаймиз. Кўпчилигимиз ижтимоий боқимандалик ва енгил кун кечиришни афзал билганимиз, албатта, кимнингдир турткиси билан ҳаракат қилишимиз нечоғли тўғри эмаслигини англаб ололмаймиз. Президентимиз ўз Мурожаатномаларида таъкидлаганларидек, бу ерда «инсоннинг интилиши» деган тушунча кучли истакларни уйғота олсагина мақсад-муддаоларимизга осонликда эришамиз. Аксинча … бари бехудага бўлиб қолаверади.

Биз доим ёшлар тарбиясидан хавотирда бўламиз. Оммавий маданият сабаб уларнинг дунёқараши ўзгарганлигидан ташвиш чекамиз. Бироқ ўзимиз-чи! Биз уларга қандай ўрнак кўрсатяпмиз? Шу ёшлар эрта бир кун ўрнимизни эгаллайди-ку!

Демак, «Буюк ишлар бўлмайди, аксинча улкан муҳаббат ва масъулият билан қилиниб, буюкликка чорлайдиган майда ишлар бўлади», деганларидек ҳар бир ишга муҳаббат ва масъулият билан ёндашар эканмиз, фарзандлар, ота-оналардан, устоз-шогирдлардан ўрнак олиб, мамлакатимизнинг буюклик сари бораётган йўлининг етакчилари ва давомчиларига айланайлик. Бунинг учун эса ўзимиз, оиламиз, маҳалламиз, жамоамизда масълуият муҳити ҳукм сурмоғи ва ҳар бир ишга жиддий ёндашувимиз лозим. Пировард натижада муҳтарам Юртбошимиз ўйлаган ва рўёбга чиқариш учун бизни даъват этаётган ислоҳотлар албатта, амалга ошади ва халқимизнинг фаровон турмуш ҳақидаги ўйлари реаллика кўчади.

Хулоса ўрнида, ёзувчи Робин Шарманинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтишни жоиз деб билдим: «Ўзингга нисбатан масъулиятли ва талабчан бўлсанг ҳаёт сенга нисбатан мулойим бўлади, аксинча ирмоқларда сув оқими бўйича сузаётган хазон каби қарама-қаршиликларсиз енгил-елпи яшасанг ҳаёт сенга қаҳрли бўлади».

 

Мирзоҳид АБДУКАДИРОВ,

Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати

        

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+