Масъуллар масъулиятни унутдими?

23.09.2020 12:09:52

Муҳтарам Президентимиз томонидан дунё аҳолиси учун жиддий муаммога айланган коронавирус пандемиясига қарши кураш, мамлакатимиз халқини бу хатарли вирусдан ҳимоя қилиш ва уни бартараф этиш билан боғлиқ барча чора тадбирлар кўрилмоқда. Аҳоли талаб истакларини ҳисобга олган ҳолда Президентимиз томонидан 2020 йил 5 сентябрдан эътиборан карантин чекловлари яна юмшатилди. Ҳукуматимиз томонидан коронавируснинг кенг тарқалиб кетмаслиги учун ҳамма имкониятлар ишга солинмоқда. Энди аҳоли карантин тартиб қоидаларига амал қилиши талаб этилаяпти, холос. Вирусни аҳоли орасида тарқалиб кетмаслиги учун шунча тарғибот-ташвиқот ишлари қилинишига қарамасдан, Ўзбекистонда бу касаллик билан хасталанганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Хўш, бунинг боиси нимада? Биз унинг сабабларини ўрганганимизда, қуйидагиларни аниқладик. Шаҳар, қишлоқларда ўтаётган тўйларга 30 киши ўрнига яна 100-200 киши таклиф этиляпти. Баъзи ҳолларда эса тўй-маъракаларда ундан ҳам кўпроқ одам тўпланяпти. Маҳалла раислари, ички ишлар вакиллари, масъуллар бундай нохуш аҳволни кўриб туриб, нега қўл қовуштириб туришибди? Масъуллар масъулиятни унутгандан сўнг бошқалардан нимани кутиш мумкин? Эътиборсизлик, лоқайдлик жуда қимматга тушишини наҳотки масъуллар  тушунишмаса.

Дарвоқе, озиқ-овқат, буюм бозорлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Бу яхши, албатта. Халқимиз зарурат учун қийналмасдан ул-бул харид қилиб, кундалик турмушини кечиряпти. Аммо бозорларда, савдо расталарида фуқаролар оралиқ масофани сақлашга мутлақо риоя этишмаяпти. Айрим бозорлар  кириш йўлакларида харидорларнинг тана ҳарорати  ўлчанмаяпти. Бунинг устига дезинфекция воситаларидан ҳам фойдаланилмаётир. Масалан, Қарши шаҳридаги “Фарход” буюм бозорида савдо ходимлари ниқоб тақмасдан харидорларга хизмат кўрсатаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Туманлар, Қарши шаҳар кўчаларида кўпчилик фуқаролар ниқоб тақишни ҳам унутиб юборишган кўринади. Бугун жамоат жойларида, кўча-кўйда ниқоб тақмасдан юрган тартиббузар фуқароларни ким тартибга чақиради? Қани санитария эпидемиология осойишталик маркази, миллий гвардия вакиллари?

Энди турли йўналишларда қатнайдиган таксилар, автобусларни қаранг. Биринчидан, Қарши шаҳри, Чироқчи, Бешкент, Шахрисабз, Самарқанд, Тошкент ва бошқа йўналишлар бўйлаб ҳаракатланаётган таксилар ҳам белгиланган карантин тартиб қоидаларига амал қилмасдан, хоҳлаганча йўловчи олиб манзил томон юрмоқда. Бунинг устига автоуловлар вақти–вақти билан дезинфекция қилинмаяпти. Энг ачинарлиси, вилоятлар, шаҳарлар ва қишлоқлар бўйлаб қатнаётган таксилар ўзлари хоҳлаганча нарх белгилаб олишгани йўловчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир.

Биз Қарши шаҳридаги банкларда мижозларга карантин нормаларига қандай риоя қилинган ҳолда хизмат кўрсатилаётганини  ўрганганимизда  ҳам хунук манзаранинг гувоҳи бўлдик. Ушбу банкларда ниқоб тақмаган мижозлар эркин кириб-чиқмоқда. Кейин эса банкларда ҳам мижозлар оралиқ масофани сақлашмаяпти. Киришда мижозларнинг тана ҳарорати ҳам ўлчанмасдан, қўллари дезинфекция қилинмаган ҳолда банкларга эмин-эркин кириб-чиқишаяпти. Энг ёмон томони эса мижозлар кетиб қолмаслиги учун  бундай аҳволга банклар ходимлари, ички ишлар вакиллари томошабин бўлиб туришганига нима дейсиз?  Шу ўринда яна бир нарса киши дилини хуфтон қилади.  Бу ҳақда муҳтарам Президентимиз  ҳам ўз маърузаларида аниқ-тиниқ таъкидлаб ўтган эдилар. Шундай бўлсада, ҳали-ҳануз кўпгина банкларга кираверишда мижозга банк ходими эмас, балки ички ишлар вакиллари  илк бор  рўбарў келаяпти. Буни қандай изоҳлашга  очиғи биз ҳам сўз топа олмадик...

Коронавирусга чалинган беморларни аниқлаш, даво муолажалари қўллашда барча тиббиёт муассасалари ходимлари ҳам сидқидилдан ўз вазифаларини адо этмаяптилар.

Умуман олганда, жойларда маҳалла фаоллари, ички ишлар, хотин-қизлар ташкилотлари, транспорт бошқармаси, санитария–эпидемиология осойишталик маркази, солиқ идоралари, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, депутатлар ва бошқа масъуллар бу масалага жиддий эътибор қаратишлари талаб этилади. Акс ҳолда аҳолимиз хабардорлигини оширмасак, юртимизда санитар-эпидемиологик осойишталикни кучайтирмасак, кўзга кўринмас бало бўлган коронавирус халқимизга жиддий ташвиш келтираверади. Энг ёмони эса ўз яқинлармиздан жудо бўлиб қолаверамиз.

Шунинг учун ҳам ҳурматли юртдошлар! Карантин қоидаларига ҳар биримиз ҳамма жойда тўла риоя этайлик. Пандемияга ҳеч қачон эътиборсиз қарамайлик. Огоҳ бўлайлик, азизлар! Огоҳ бўлайлик!

                                                                       Руиддин РАУПОВ,

                                       Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши

                                        депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+