Матбуот анжумани: Фаолиятимизни янада жонлантирамиз  

22.10.2020 18:10:43

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгашида 9 ойлик фаолияти  бўйича  матбуот анжумани ўтказилди.

Унда вилоят Кенгаши раисининг мафкуравий масалалар бўйича ўринбосари Адҳам Умаров партия фаолияти бўйича маълумот берди.

Барчамизга маълумки, 2019 йилнинг 22 декабрида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилган сайловда ҳамда қайта сайловлардан сўнг, 7 нафар вилоят, 92 нафар маҳаллий ҳудудларга депутатлар сайланган. Уларнинг 17 нафарини аёллар ташкил этади.  Бугунги кунда ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудудларида аҳолининг мурожааатларини ўрганиб, фуқароларга зарур кўмакларини бериб келмоқдалар.  Коронавирус туфайли азият чеккан одамларга, уларнинг  оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш, озиқ-овқат билан  таъминлаш ишларини тизимли ташкил этмоқдалар. Партиянинг лойиҳалари доирасида  жумладан, “Муаммо билан юзма- юз”, “Саховат – беназир қадрият”, “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови”, “Яхши касб – етук мутахассис – муносиб иш ҳақи” сингари лойиҳалари доирасида  тадбирлар ўтказиб, аҳоли ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг сиёсий жараёнда иштирокини кучайтириш ва даҳлдорлик ҳиссини оширишга  қаратилган тушунтириш ишлари олиб бориляпти.

Шунингдек, аҳоли томонидан депутатларимизга ва “Адолат қабулхонаси”га келиб тушган 290 та мурожаатлар юзасидан 167 та депутатлик сўровлари юборилиб, 167 таси ижобий ечимини топди. 123 та мурожаатлар жойида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди.  Мурожаатлар  асосан саломатликни қайта тиклаш мақсадида йўлланмалар ажратилиши, ногиронлик аравачалари зарурати, уй-жой таъминоти сингари масалаларга қаратилган. Шунингдек, партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни“ лойиҳаси доирасида ўқимайдиган, муқим бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар бўйича тегишли маълумотлар базасини шакллантириш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизликни камайтириш мақсадида 89 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. Шундан 61 нафарини ёшлар, 28 нафарини аёллар ташкил этади.

Муаттар Маҳмудова, “Фарғона тонги”  газетасининг мухбири:

– Биз биламизки, ўтган йилларда депутатларнинг фаолиятидан  сайловчилар  қониқишмаган. Бунга сайлов жараёнида гувоҳи бўлдик.  Айни дамда улар қанчалик ишончни оқлаяпти?

 Фикрингиз асосли. Лекин келгуси беш йиллик учун сайланган депутатларимиз анчайин фаол деб айта оламиз.  Аввало сайловчиларнинг ўзи муносибларни танлашга ҳаракат қилди. Қолаверса,  уларга нисбатан талаблар ҳам ўзгарди. Ҳудудларимизда партиямизнинг  фаол депутатларининг ибратли ишларини кўплаб келтиришимиз мумкин. Жумладан, Қўштепа туманидан сайланган Аъзамжон Ахмаджонов, Олтиариқ туманидан сайланган Комила Қодиралиева,  Фарғона тумани депутати Отабек Холиқов,  Сўх тумани депутати Субхонали Нишонов, Қувасой шаҳри депутати Дилором, Мўсинжон Меҳмоновлар,  Фарғона шаҳри депутати Бунёджон Аҳмадалиевнинг ишлари бошқа депутатларимизга намуна бўлмоқда.  Улар  хаста болажонларнинг шифо топиши,   маҳаллалар ободлиги,  аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, ижтимоий таъминотга муҳтож оилаларга иссиқхоналар қуриб бериш, кўчаларни асфальтлаштириш сингари масалаларда  ибратли ишларни олиб бормоқдалар. Куни кеча халқ депутатлари Олтиариқ  туман Кенгаши депутати  Комилахон Қодиралиева  ташаббуси билан “Қизилтепа” МФЙ ҳудудидаги  Гулистон кўчасига 600 метр,  Ўзбекистон  кўчасига 200 метр ичимлик суви тармоғи тортилди.

Иқболжон Абдужабборов,  блогер:

–   Партия матбуот хизмати  томонидан ОАВларда эълон қилинаётган хабар ва мақолалардан ўзингиз қониқяпсизми? Партия фаолиятидаги янгилик ва хабарларни  қай даражада  аҳолининг кенг қатламига  етказа оляпти?

Албатта,  пандемия  ҳар бир соҳа сингари партия фаолиятига ҳам ўзининг  сезиларли таъсирини кўрсатди.  Кенг миқёсда ўтказиладиган табирларимиз, сиёсий ўқувларимиз бир муддатга қолдирилди ёки якка тартибда,  онлайн тарзда белгиланган карантин талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилди. Аммо депутатларимиз, фаолларимиз ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мунтазам ўз чиқишларини бериб бормоқдалар. Шу билан бирга,  партия матбуот хизмати ҳам газета, телевидение ва радио, ижтимоий тармоқларда мутассил ўз фаолиятини ёритяпти.  Шу кунга қадар мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда Президентимиз томонидан қабул қилинаётган Фармон ва Қарорларнинг мазмун-моҳияти юзасидан аҳолининг кенг қатламига ҳавола этилаётган шарҳ, муносабат, мақолалар ёритилиши бўйича жорий йилнинг 9 ойи давомида  жаъми 2480 маротаба чиқишлар амалга оширилди. Албатта,   камчиликларимиз йўқ дея олмаймиз, фаолиятимизни янада жонлантирамиз.  Шу ўринда, биз билан ҳамкорлик қилиб келаётган оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Матбуот анжумани давомида  иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

 

 Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон  “Адолат” СДП Фарғона вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+