Матбуот анжумани танқидий-таҳлилий руҳда ўтди  

29.01.2021 20:01:43

 

Термиз шаҳридаги вилоят Касаба уюшмалари федерациясида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан партия ҳамда депутатлик гуруҳларининг ўтган 2020 йил фаолият якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда партия вилоят, шаҳар ва туман  Кенгаши вакиллари, депутатлар, фаол аъзолар, блогерлар, журналистлар  ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.    

Матбуот анжуманидан кўзланган асосий мақсад  партия вилоят Кенгаши ўтган 2020 йиллик фаолияти таҳлили ҳамда  партия олдида турган устувор вазифалар ҳақида батафсил ахборот тақдим этиш ҳамда бу борада журналистларни  қизиқтирган  саволларга жавоб беришга қаратилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов  тадбирни очар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, халқ фаровонлигини изчил юксалтириб боришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг янги босқичида партия вакиллари ҳамда депутатлар  зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юкланаётганига иштирокчилар эътиборини қаратди.

Йиғилиш раиси  жорий  йилдаги  амалий ҳаракатлар, партия лойиҳалари  асосида депутатлар томонидан амалга оширилган ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Унда қайд этилганидек, аҳолининг сиёсий партияга ишончи қанчалик ошиб бораётгани унинг ғоя ва мафкураси нечоғлик ҳаётийлиги, халқчиллиги ҳамда унинг ортидан сайловчиларнинг эргашиши, партия аъзолари сафининг ўсиб бориш суръатлари билан ўлчанади. Шу маънода ўтган  йил давомида партия аъзолари сони  4338  нафарга ўсиб, умумий  37488 нафарга етди. Жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари сони 432 нафарга етди. Ҳисобот даврида партия сафларидаги аёллар сони 15453  нафардан, 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18450 нафардан ошганлигини кузатиш мумкин.

Партия дастурий ҳужжатларида белгиланган қатор халқчил ғоялар ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топиб бораётгани жорий  йил якунлари мисолида намоён бўлди.

Карантин чоралари белгилангандан сўнг партиямиз фаоллари ва депутатлар томонидан кам таъминланган аҳоли қатламларига амалий кўмак беришга эътибор кучайтирилди.

Партия Сурхондарё вилоят Кенгаши аппарати, ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари томонидан жами  179 та учрашувлар ўтказилиб, уларда 2386 нафар иштирокчи қамраб олинди.

Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 229 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. Шундан 164 нафарини ёшлар, 46 нафарини аёллар ташкил этади. Шу билан бирга 38 нафар ёшларга кредит олишига кўмаклашилди.

Вақтинча даромадсиз қолган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 863 нафарига партия депутатлари ва кўнгилли волонтёрлари томонидан зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди. Кўрсатилган ҳомийлик жами 96 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилди

Шу билан бирга, “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ва (шаҳар) туман Кенгашлари  депутатлари томонидан Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омборида рўй берган техноген офатдан жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида хайрия акциялари доирасида  фуқароларга кийим-кечаклар, 15 дан ортиқ уй-рўзғор буюмлари, идиш-товоқлар ва болажонлар учун ўйинчоқлардан жами 115 миллион сўмлик маҳсулотлар депутатларимиз томонидан  етказилди.

Партия лойиҳалари доирасида маҳаллий Кенгаш сессияларига 8 та масала,  хусусан, “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси ҳамда Давлат архивларини ўрганиш  доираси юзасидан  партиянинг Термиз туман Кенгаши томонидан  2 та масала, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш мақсадида Термиз шаҳар, Сариосиё туман, Денов туман, Жарқўрғон туман Кенгашлари томонидан сессияларга 6  та масала киритилишига эришилди.

Шу билан биргаликда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан ўтган йилнинг шу даврида 167 та депутатлик сўрови юборилган бўлса, ўтган йил мобайнида 208 та депутатлик сўрови юборилган.  Бу эса ўтган 2019 йилга нисбатан 20 фоизга  кўп ҳолатни ташкил этади.

Бундан ташқари, дастурий ғоялар тарғиботи, электорат манфаатлари ҳамда долзарб аҳамиятга эга мавзулардаги тадбирлар кўпайганлигини кузатиш мумкин. Ушбу жараёнда партия сафидаги аёллар ва ёшларнинг фаоллиги ўсганлиги, айниқса муҳимдир.

Матбуот анжуманида ана шулар  юзасидан фикр-мулоҳазалар юритилиб, партия вилоят Кенгашининг келгуси режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, ҳали қилиниши зарур ишлар кўплиги, айниқса, партия аъзолари фаоллигини ошириш, аҳолининг сиёсий қарашлари ва ижтимоий фаоллигини юксалтиришга қаратилган ишларни янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди

Матбуот анжумани сўнгида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

 

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+